Мохир Валиев Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси этиб тайинланди.
Арманистон, Россия ва Озарбайжон раҳбарлари Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши тўғрисида баёнот имзолади. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжонга ён бериб, бир нечта туманларни, шунингдек тан олинмаган республиканинг бир қисмини Бокуга ўтказишга рози бўлди. Қарор эълон қилинганидан кейин Ереванда норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди.
Бунга қадар Сирдарё вилояти прокурори лавозимида фаолият олиб борган Равшан Машарипов Самарқанд вилояти прокурори этиб тайинланди.
9 ноябрь куни тунда Озарбайжон Россия вертолётини уриб туширди. Озарбайжон ушбу ҳодиса тасодифан содир этилгани ва Россияга қарши қаратилмаганлиги ҳақида таъкидламоқда. Вертолёт экипажининг 2 аъзоси ҳалок бўлган.
Россиялик рэпер Моргенштерн танловда ғолиб бўлган бухоролик йигитга Mercedes-Benz машинасини совға қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётган эди. Мусиқачи қиммат «растаможка»дан шикоят қилган эди. Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, Моргенштерн камида 353,8 млн сўм ($34 минг) бож тўлашига тўғри келади.
Самарқанд вилоятида «Автомашинасиз 10 кун» акциясини ўтказиш режалаштирилмоқда. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов таклифига биноан 11 ноябрдан 21 ноябргача ҳокимлардан тортиб, бюджет ташкилотлари раҳбар ва ходимлари ишга пиёда бориб келади. Велосипед ёки жамоат транспортидан ҳам фойдаланиш мумкин.
«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг UNG ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотилаётган АИ-95 маркали бензин нархи арзонлаштирилди.
Маст фуқаро темир йўлда ухлаб ётгани сабабли «Хива-Урганч-Тошкент» поезди 16 дақиқага тўхтаб қолди. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтадиган мажлисида иштирок этади.
«Бирор вазирлик ёки ҳокимият давлат молиявий назоратидан устун бўмаслиги керак, унгача фойдаси йўқ», — деди молия вазири Тимур Ишметов. Маълум бўлишича сўнгги икки йилда 2477 нафар шахс 371 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Ҳозирда улар қонун олдида жавоб бермоқда.
Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, қонунчиликка кўра шартнома шартлари кучга кириши учун 15% олдиндан тўлов кифоя бўлганлиги сабабли, харидорлар UzAuto Motors билан шартномалар тузишда олдиндан 85 фоиздан камроқ миқдорида тўлов қилишлари мумкин. «Қонун бўйича бунга ҳақли бўлсангиз ҳам асло бунинг иложи йўқ, чунки улар монополист диктовкаси билан тузилган шартноманинг битта ҳарфини ҳам ўзгартиришмайди», — дея таъкидлади депутат.
Хитой дунёдаги биринчи олтинчи авлод (6G) алоқа синови учун сунъий йўлдошини учирди. Cунъий йўлдошда экинлар ва ўрмон ёнғинларини кузатиш технологиялари ҳам мавжуд.
Россиянинг Самара шаҳрида уй ёниб кетиши оқибатида 4 киши вафот этди, 5 нафар одам жароҳат олди. Жароҳат олганлар ичида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.
Virgin Hyperloop компанияси вакуумли поезд капсуласининг биринчи йўловчи синовларини ўтказди. Туннель орқали ўтиш пайтида янги транспорт тури 48 м/с тезликкача кўтарилди.
Ҳукумат қарори билан илмий нашрлар бўйича миллий базанинг электрон платформаси яратилиши белгиланмоқда. Унга республикада нашр қилинган илмий журналлардаги мақолаларнинг электрон шакли киритилади.
2021 йилдан республикада ўтказиладиган халқаро мусиқа фестиваллари ва анжуманлари доирасида «Олтин давр» халқаро мусиқа ярмаркаси ўтказилади. Унда асосий эътибор маҳаллий ва хорижий санъатшуносларнинг ўзаро ҳамкорлигига қаратилади.
Бухоро вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи пора олаётганида ушланган. У карантин қоидаларини бузган корхонага жарима тайинламаслик эвазига 400 АҚШ доллари ва 500 минг сўм пора талаб қилган.
Давлат мактабгача таълим муассаларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўргатишни йўлга қўйиш, шунингдек, Тошкентда рақамли болалар боғчасининг пилот лойиҳасини ишга тушириш таклиф қилинмоқда.
10−11 ноябрь кунлари мамлакат ҳудуди совуқ ҳаво массалари таъсирида бўлиб, қуруқ об-ҳаво кузатилади. 12 ноябрь куни Волга бўйидан совуқ антициклон республикага кириб келади. Ўзбекистон ҳудудининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши, тоғли ҳудудларда қорга айланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг видеоконференцалоқа шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис якунлари бўйича транспорт, энергетика, қурилиш, таълим, маданият, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини, шунингдек, ёшлар сиёсатини ривожлантиришга оид жами 23 ҳужжат имзоланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг