Ўзбекистонда ҳафта давомида совуқ ҳаво ҳукм суради, аммо бу қаҳратон қиш, дегани эмас. Душанба ва дам олиш кунлари кундузи илиқроқ бўлса-да, чоршанба-жума кунлари ҳарорат сезиларли пасаяди. Ҳафта ўртасида жойларда у қадар кўп бўлмаган, асосан қор кўринишидаги ёғингарчиликлар кутилмоқда.
Шанба куни Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Тошкент вилоятидаги Амирсой курорт мажмуасида норасмий учрашув ўтказди. Жапаров ва Мирзиёев долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди, шунингдек, курорт-рекреация марказларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга келишиб олди.
Декабрда Қўқон давлат педагогика институтининг 20 ёшли талабаси ўзини 3-қаватдан ташлаб оғир жароҳат олган. Бироқ қиз тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан 5 январь куни вафот этган. Прокуратура ҳолат шахсий муаммолар сабабли содир бўлганини аниқлаган ва жиноят иши очиш рад этилган.
Сергели туманидаги хусусий боғчада тарбиячи ёрдамчиси гўёки хархаша қилаётган болани калтаклади. Сўнгра уни кўтариб бошқа хонага олиб чиқаётганида боланинг оёғи синди. Ҳозирда тарбияланувчи шифохонада, ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Бўстонлиқ шаҳар кенгашининг собиқ депутати, блогер Қобул Дусовнинг озодликни чеклаш жазоси манзил-колониядаги қамоқ жазосига алмаштирилди. Маълум қилинишича, у тақиқ ва огоҳлантиришга қарамай, интернетдан фаол фойдаланишда давом этган.
Англия Премьер-лигасининг 23-турида «Манчестер Сити» «Челси»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Яқинда «Сити» таркибига қўшилган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлаб, ўзининг дебют ўйинини ўтказди. «У жуда ёш, у ҳали ўрганади», — деди Пеп Гвардиола Ҳусанов ҳақида.
Ўзбекистон президенти фармойиши билан суд тизимида қатор тайинловлар амалга оширилди. Сенат эса Олий суднинг 5 та судьясини лавозимидан озод этди.
Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилади, маълум ёшдагилар учун паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинади, хорижлик ва фуқаролиги йўқ кишиларнинг рўйхатдан ўтиши учун Е-xabar berish тизими ишга туширилади. Сенат шулар кўзда тутилган қонунни маъқуллади.
Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари ва катта инспектор-психологларига мактаб ўқувчилари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўллаш ваколати берилмоқда. Тегишли қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сурхондарё вилояти ҳокими ўзининг ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларини мукофотлаш учун 661 миллион сўм ажратди. Фармойиш жамоатчилик эътирозларидан сўнг бекор қилинди. Маблағлар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига йўналтирилиши айтилди.
Сенат Ўзбекистонда микромолия банки институти жорий этиш кўзда тутилган қонунни маъқуллади. Қонун билан микромолия ташкилотларини микромолия банкларига, микромолия банкларини эса тижорат банкларига айланишига асос яратилмоқда.
Сиэтл судьяси Дональд Трампнинг мамлакатда туғилиш орқали АҚШ фуқаролигини олиш ҳуқуқини чеклаш ҳақидаги фармонини тўхтатиб қўйди. У фармонни «конституцияга яққол зид» деб атади. Президент қарорга қарши чиқишини айтди.
Сенат маъқуллаган ИИБ ходимлари видеосини тарқатишга доир қонун, автомобилда дрифт қилганлик учун жавобгарлик, немис стандартларига ўтказиладиган тиббиёт техникумлари, хорижда ишлаётган 1,3 млн ўзбекистонлик ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги газ тўлдириш шоҳобчаси электрон ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, 2,8 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон аҳолиси бир йил давомида 2 фоизга ўсиб, 37,5 миллион кишидан ошди. Ўтган йили туғилиш даражаси 2017 йилдан бери биринчи марта — 3,7 фоизга камайди. 2024 йилда охирги 10 йилдаги энг кам никоҳ ҳолати ҳам қайд этилди.
Оққўрғон туманида 23 ёшли аёл 37 ёшли турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланганидан сўнг комага тушиб, вафот этди. Айрим хабарларга кўра, калтаклашда эрнинг онаси ва бошқа қариндоши ҳам иштирок этган бўлиши мумкин.
Ҳукумат ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартибини тасдиқлади. Тегишли низом биотехник тадбирлар ўтказиш усуллари ва мақсади, ҳудудлари ва талаблари, шунингдек, натижаларини мониторинг қилишни назарда тутади.
Президент ҳудудлардаги янги кўп қаватли уйларни босқичма-босқич «яшил» энергияга ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. Қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган қурувчилар фойда солиғидан озод қилинади, кредит ставкаси арзон бўлади.
В️азирлар маҳкамаси қўмитаси ҳузурида Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази ташкил этилади. Соҳада давлат сиёсатини юритиш ва тартибга солиш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш, атом энергияси хавфсизлиги бўйича экспертизалар ўтказиш ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари бўлади.
21 январь куни Ўзмиллийбанк АЖ Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Ўзбекистонда «яшил» молиялашни ривожлантиришдаги ютуқ ва тараққиётга бағишланган тадбирида иштирок этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг