Бухоро вилояти перинатал марказида 33 ёшли аёл фарзанд дунёга келтираётган вақтда вафот этди. У касалхонага тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши, қоғоноқ сувлари кетиши ва умумий ҳолсизлик ҳолатида олиб келинган. Икки нафар масъул шифокор бошқа бўлимга ротация қилинган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Темур Кападзе жамоа ўқув машғулоти йиғинида иштирок этиш учун Доҳага борди. «Биз худди аскардек, вазифа берилди ва уни бажаришимиз керак», — деди у. Мураббий ЖЧга чиқиш учун футболчиларнинг қобилияти ҳам, кучи ҳам етишини таъкидлади.
Апрель ойида электр энергияси ва газ тарифлари ошишидан инфляцияга дастлабки қўшимча таъсир 1,8−1,9 фоиз пункт бўлиши кутилмоқда. «Бу жорий йил учун 7−8 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган инфляция прогнозида инобатга олинган», — деди Марказий банк раиси.
Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилди. Жабрланувчи таниқли актёр билан суҳбатини диктофонга ёзиб олган ва уни ИИБга берган. Суд томонидан Матёқуб Матчоновга 1 млн 125 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларини боғлайдиган электрлаштирилган темирйўл қурилиши бошланди. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрдан иборат бўлади.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Тошкентда тадбиркорлик билан шуғулланувчи озарбайжонлик ака-укалардан пул талаб қилиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди.
Ёзда Учтепа туманида 6 ёшли бола усти очиқ қолдирилган иссиқ сув қудуғига тушиб кетиб ҳалок бўлганди. Қувурда таъмирлаш ишларини олиб борган 32 ёшли таъмирлаш монтажчиси уни очиқ қолдириб, атрофига тўсиқ ўрнатмагани аниқланди. Суд унга 2 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
МБ асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида қолдирди. «Энергия нархлари эркинлаштирилиши таъсири камайиши кутилаётганига қарамасдан, инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётгани пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда», — дея қайд этган регулятор.
Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори ўқитувчиларга ўқувчилар формаси учун пул йиғишга кўрсатма берди. «Нимчаси бўлмаса, дарвозадан чиқариб юбораман, менга формасиз ўқувчи керак эмас», — деди у. Мактаб таълими бошқармаси директор жаримага тортилгани ва бундай ҳолатни кескин қоралашини билдирди.
Бўстонлиқ туманида «Чиноркент» темирйўл бекати 22 январь куни фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан Тошкентдан Хўжакентгача бўлган электропоезд қатнови 1,5 км масофага — Чорвоқ шаҳарчасида яқинида жойлашган «Чиноркент» бекатигача узайтирилди.
Бухоро вилояти Жондор туманида 4 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Зилзила эпицентри Тошкентдан 526 км узоқда жойлашган.
Тўртинчи бор вилоят ҳокими бўлган Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон ва Россия ўртасида беш йиллик ҳарбий шериклик дастури, пахтани биржа орқали сотишнинг янги механизми, бўлиб тўлаш бозорини тартибга солишни ўйлаётган Марказий банк ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6% га ўсган. 2025 йил учун прогноз 5,8% ни, 2026 йил учун эса 5,9% ни ташкил этади, бу Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Марказий банк ҳозирда банк назоратидан ташқарида бўлган бўлиб тўлаш бозорини тартибга солиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бўлиб тўлашни тақдим этадиган хизматлар нобанк кредит ташкилотлари деб ҳисобланиши мумкин.
Криминология тадқиқот институти жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида пулли хизматлар кўрсата бошлайди. Институт экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик, матбаа хизматларини тақдим этади. Нархлар бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Бунда унинг «мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи» инобатга олинди. Аввалроқ собиқ мураббий Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар сабаб вазифасидан озод этилганди.
Ўзбекистонда энди тегишли соҳадаги давлат экспертлик ва олий таълим муассасалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлигини ўрганади. Бунда хулосалар тавсиявий хусусиятга эга бўлади, улар инобатга олинмаганда келишмовчиликлар жадвали тайёрланади.
Президент қарори билан Зокир Ишпулатов сув хўжалиги вазири ўринбосари — Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори лавозимига тайинланди. У бунгача Вазирлар Маҳкамаси котибияти бош мутахассиси бўлиб ишлаган.
Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб банклар учун устав капиталининг энг кам миқдори 500 миллиард сўмгача оширилди. Бугунги кунга қадар тўртта банк ушбу талабни бажармаган, Марказий банк улардан иккитасининг актив операцияларини чеклаб қўйди.
Олийгоҳларда регистратор офислари очиб, олий таълим ва илм-фан хизматларини қамраб олган ягона рақамли тизим жорий этиш режалаштирилмоқда. Дуал таълимда иштирок этаётган корхоналар рағбатлантирилади. Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетлари ташкил этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг