Испаниялик Хосе Венансио Лопес Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлди. У жамоани 2024 йил Ўзбекистонда ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёрлайди. Мутахассис жамоа билан машғулотларни Осиё кубоги саралаш босқичидан сўнг бошлайди.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё ҳудудларидаги филиалларига 100 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машинаси етказиб берилди. Йил якунигача яна 500 дан ортиқ машина етказилади.
Бухорода ҳоким ёрдамчиси маҳаллада яшамайдиган шахслар номига 163 млн сўм кредит расмийлаштириб, уларни ўзлаштиргани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланди. Энди чоршанба кунлари болаларни йод етишмовчилигидан ҳимоя қилиш учун уларга профилактик дозада йод таблеткалари ичирилади. Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга йод препаратлари оилавий шифокорлар томонидан берилади.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Унга кўра, тан олинмаган республика армияси қуролсизлантирилади. Озарбайжон вакиллари билан ҳудуддаги арманларнинг реинтеграцияси юзасидан музокара ўтказилади.
Йилнинг биринчи ярмида Россиянинг «Лукойл» компанияси газ қазиб олиш бўйича маҳсулот тақсимлаш битимига биноан Ўзбекистонга 103,1 миллион доллар тўлади, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. Бошқа МТБ лойиҳалари учун маълумотлар берилмаган.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини таъкидлади. «Ишончим комилки, Озарбайжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон ҳудудларидан бирига айлантиради», — деди у.
Ўзбекистон ҳудудларидан ўтувчи «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат объекти ЮНЕСКО Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилди. У Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди.
Тошкент шаҳри кенгаши депутатлари пойтахтда мавсумий гул экиш учун 12 миллиард сўм ажратиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади.
БМТ ва унинг институтлари «Ўзбекистон-2030» ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишда ёрдам кўрсатишга тайёр, деди ташкилот раҳбари Антониу Гутерриш Шавкат Мирзиёев билан учрашувда.
Россия манфаатларини ёритувчи «Вести.uz» сайти Ўзбекистонда РФ томонидан мактаблар қурилиши ҳақидаги таклифни савол остига олган тармоқ фаолларини «Ғарб элчихоналарига сотилган блогерлар» деб атади. Сайтнинг ёзишича, Россия мактабларида «Украинани нацизмдан тозалаш ҳақидаги ҳақиқат» ўргатилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти прогнозига кўра, 2023 йилда глобал иқтисодий ўсиш ўртачадан паст даражада — 3 фоиз бўлиб қолади. Экспертлар аксарият мамлакатларда инфляция марказий банклар мақсадли кўрсаткичларидан юқори бўлишда давом этишини кутмоқда.
UZINFOCOM ягона интегратори K-root DNS серверини ишга туширди. Ўзбекистонда илдиз серверни жойлаштириш веб-ресурсларга кириш жараёнини тезлаштириши ва хорижий серверларга тобеликни камайтириши айтилмоқда.
Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «C5+1» форматидаги 1-саммити бўлиб ўтди. Музокараларда терроризмга қарши кураш, минтақавий иқтисодий алоқалар ва энергия хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилди. АҚШ «C5+1» доирасида янги платформалар яратишни таклиф қилди. Тафсилотлар.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги 26 та электр тақсимлаш подстанциясини рақамлаштириш учун 200 миллион доллар, Франция тараққиёт агентлиги эса 70 миллион евро ажратди. Бу экстремал об-ҳаво ҳодисалари пайтида минтақавий электр энергияси узилишларининг олдини олишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Жанубий Кореянинг Янгсан шаҳрида 40 ёшли ўзбекистонлик эркак кучли ёнғин ичида қолган кореялик аёлни қутқариб қолди. Аёл 2-даражали куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган, эркакка воқеа жойида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Кейинги йил охиригача my.gov.uz порталидаги рақамли хизматлар сони 700 тага ошади, уларнинг камида 75 фоизи мобил илова орқали кўрсатилади. Шунингдек, яшил ҳудудлар, пойтахтдаги жамоат транспорти ҳаракати кабилар ҳақида маълумот берувчи порталлар ишга тушади.
Ўзбекистон президенти Нью-Йоркда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори билан учрашиб, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича ишларни муҳокама қилди. Унда ишчи гуруҳ йиғилишига тайёргарликни тезлаштириш, мутахассислар малакасини ошириш ва қонунчиликни ЖСТ талабларига уйғунлаштириш юзасидан келишувга эришилди.
Нью-Йорк шаҳрида Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан учрашди. Унда икки давлат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ. Уни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш катта хато бўлади, деди Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясида. У инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш, Афғонистоннинг музлатилган активларини ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтиришга чақирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг