ИМВда қатор тайинловлар амалга оширилди: МҲТИ директори Умид Абидхаджаев ва ДХШ лойиҳалари департаменти директори Илҳом Умрзаков вазир ўринбосарлари бўлди. Ғазнақўм раиси Мурод Бекберганович Пенсия жамғармасига раҳбар этиб тайинланди, унинг ўрнини эса вазир ўринбосари Абдулазиз Хайдаров эгаллади.
Нилуфар Нормирзаева Тошкент вилояти ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Янгийўл тумани ҳокимига ўринбосар бўлган.
Ижтимоий тармоқларда янги турмуш қурганлар никоҳ тўйининг эртасига ис газидан вафот этгани ҳақида маълумот тарқалди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, бирга яшаган жуфтлик номаълум моддадан заҳарланиб вафот этган.
Стратегик ислоҳотлар агентлигида тунги иқтисодиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. ИМВ вакили тунги вақтда ишлашнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, ИИВ уни назорат қилувчи алоҳида орган тузиш, ССП ва РТВ вакиллари эса бунинг учун ихтисослаштирилган ҳудудлар ажратишни таклиф қилди.
Жанубий Корея Конституциявий суди президент Юн Сок Ёлга ҳарбий ҳолат жорий этишга урингани учун импичмент масаласини кўриб чиқишни бошлади. Судьялар уни лавозимидан четлаштириш ёки қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Ҳуқуқ органлари Юнни исён кўтариш иши бўйича сўроққа чақирди.
Президент туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифини маъқуллади. Улар маҳалла бизнес имкониятларини ўрганади, аҳоли ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Банклар, шунингдек, резидентларни кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш ва маҳсулотини сотишга ўргатади.
Ўзбекистонда 9 та давлат банкига 2025 йилда оилавий тадбиркорлик дастурини амалга ошириш учун 1 млрд доллар миқдорида кредит жалб этиш тавсия этилди. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан 300 млн сўм миқдорида шартсиз кредитлар ҳам ажратилади.
Сурия собиқ президенти Башар Асад Москвадан мактуб эълон қилиб, у «охиригача Сурияни тарк этмоқчи бўлмагани, бу воқеалар пайтида истеъфога чиқиш ёки бошпана сўраш ҳақида ўйламагани»ни айтди. Асаднинг таъкидлашича, айнан Москва уни мамлакатдан зудлик билан эвакуация қилишни сўраган.
Президент банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилишини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев ҳозирда банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк борлиги, улардан тезроқ қутилса, қўшимча ресурс ва 150 минг иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлишини айтди.
Cobalt ҳайдовчиси Янгийўлда 5 нафар болани уриб юборди, улардан 2 нафари ҳалок бўлди. Судья унинг жазосини енгиллаштириб, қамоқдан озод қилди. Бир ҳафтадан кейин айнан шу судья ўлим билан боғлиқ ЙТҲ содир этган бошқа ҳайдовчига икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Европа Иттифоқи кенгаши Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини маъқуллади. 54 нафар жисмоний шахс ва 30 та, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар ташкилотлари чекловларга учради. Янги чоралар Россиянинг «соядаги флоти»га ҳам қаратилди.
Физика-математика фанлари доктори, сенатор Шавкат Аюпов Фанлар академияси президенти этиб сайланди. У бунга қадар академиянинг Математика институти директори бўлиб ишлаган.
Зебо Саидова Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлди. У бунга қадар шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон иқтисодий комплексидаги 297 нафар раҳбар маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича ишларда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ишдан олинди. «Маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент кейинги йилда 600 минг киши ижтимоий карта билан таъминланишини маълум қилди. Ушбу карта билан электр, газ ва ўқиш харажатларига компенсация олиш мумкин бўлади.
Қонунчилик палатаси чиқинди хизматларидан қарз мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришди. Депутат икки йилда барча коммунал хизматларни ва қарздорликни бирлаштирадиган ягона биллинг тизими яратилишини маълум қилди.
Ички аудит хизмати ташкил этилган вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар масъул ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди. Жараён ички аудит хизмати раҳбари томонидан ҳар чоракда амалга оширилади.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва президент администрацияси раҳбари Акилбек Жапаров «бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига кўра» лавозимидан озод этилди. Жапаровнинг вазифаларини вақтинча бажариш Адилбек Касималиевга юклатилди.
Ҳукумат Ўзбекистонда қимор ўйинлари, лотерея ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш учун талаб ва шартларни тасдиқлади. Ташкилотчилар учун лицензия муддати 5 йил этиб белгиланди, уларнинг устав капитали камида 56,25 млрд сўм бўлиши шарт. Шунингдек, бир қатор тақиқ ва чекловлар ҳам белгиланган.
Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярми ёғингарчиликсиз ўтиши кутилмоқда. Ҳарорат кечаси -2, кундузи +7 даражагача кўтарилади. Жума куни баъзи жойларда қор ва ёмғир ёғади. Ўзгидромет шарҳи.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг