ХДП ва «Адолат» СДПдан Ўзбекистон президентлигига тасдиқланган номзодлар, Росатом" билан АЭС қуриш масаласи муҳокамасида давом этаётган Ўзбекистон, мамлакатга келадиган бензин нархлари, боғчада болалар танасига ухламагани учун игна санчган амалиётчи ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати чегарада яна учта ўтказиш пунктини очишни режалаштирмоқда. Тармоқларда Ўзбекистон томони 2010 йилда фаолияти тўхтатилган «Бекобод-Хонобод» НЎП яқинидаги деворни бузаётгани акс этган видео тарқалди. «Қорасув» ва «Кара-Багиш» НЎПларнинг ҳам очилиши кутилмоқда.
Жиззахда 2500 талабага мўлжалланган институт биноси қурилишида кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди ва қуйилган пойдевор демонтаж қилинди.
Янгийўл туманида 3 нафар 6-синф ўқувчиси «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотираси»га ўрнатилган бюстлардан бирига нисбатан ноўрин ҳаракатлар қилиб, сўкинган ва ҳолат видеосини ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Уларнинг ота-оналари жаримага тортилди.
Сурхондарё вилоятида Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Рамазон Абдуллаев Ҳаж сафари учун жамғарган маблағи ҳисобидан Гуматак қишлоғида кўприк қуриб берди. Туман ҳокими депутатни ташаккурнома билан тақдирлади.
«Адолат» СДПдан президентлик сайлови учун Робахон Маҳмудова номзод сифатида тасдиқланди. Унинг сайловолди дастурида «Ижтимоий давлат-2030» дастурини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва бошқалар кўзда тутилган.
Санкт-Петербургдан Тошкентга учиб келаётган самолётда маст ҳолда жанжал кўтарган эркакка 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Юнусобод туманида 6 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳеч кимга тан жароҳати етмагани маълум қилинди.
Эрон-Афғонистон чегарасида содир бўлган отишмада камида 3 киши ҳалок бўлди. Мамлакатлар ўртасидаги зиддият Ҳилманд дарёси сувидан фойдаланишдаги низо сабабли кескинлашган.
2023 йилда Ўзбекистонга бензин импорти бир неча баробар ошди. Биринчи тўрт ойда 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 центни ташкил этди. Импортнинг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келди.
Улуғбек Иноятов президентлик сайловларида ХДПдан номзод сифатида тасдиқланди. Партия қурултойида номзоднинг қиммат мол-мулк учун солиқ жорий этиш, судлов ҳайъати институтини ташкил қилиш ва бошқаларни назарда тутувчи дастури ҳам тасдиқланди.
Оқ уй ва Республикачилар партияси АҚШ давлат қарзи чегарасини ошириш бўйича келишиб олди, бу эса жаҳон иқтисодиётига таҳдид соладиган дефолтнинг олдини олиши кутилмоқда.
2023 йилнинг январь-апрель ойларида республикада 2144 та йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 499 киши вафот этди.
Хонқа туманидаги мактабнинг 61 ёшли ўқитувчисига нисбатан 2 нафар 3-синф ўқувчисига шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Nemolchi.uz лойиҳаси ишни қайта квалификациялашни талаб қилиб, педагог ўз қилмиши учун тўлиқ жазоланишини сўради.
Гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича энг нуфузли турнирлардан бири — Norway Chess мусобақасида иштирок этади, унда Магнус Карлсен, Алириза Фирузжа ва дунёнинг бошқа кучли шахматчилари қатнашади.
Когон шаҳрида эр хотинини рашк сабаб пичоқлаб ўлдирди. Жанжални ажратмоқчи бўлган эркакнинг онаси ҳам жароҳат олди.
Янгиҳаёт туманидаги 122-сонли боғчага амалиёт ўташ учун келган коллеж ўқувчиси ухламаган болаларнинг танасига игна тиқиб олгани аниқланди. У амалиётдан четлатилди, ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.
Ўзбекистон «Росатом» билан АЭС қуриш масаласини муҳокама қилишда давом этмоқда ва параллель равишда кичик атом реакторлари соҳасидаги ютуқларни ўрганмоқда. «АЭС қуриш давлат учун жуда жиддий мажбуриятдир. Биз ҳар қандай хавфни бартараф этишимиз керак», — деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Мўйноқ, Устюрт текислиги ва Орол денгизининг қуриган тубида 25−28 май кунлари IV халқаро Rally Muynak — 2023 экстремал автомобиль мусобақалари бўлиб ўтди ва ғолиблар аниқланди.
Марҳамат туманида 20 ёшли йигит каналга тушиб кетган қизни қутқармоқчи бўлиб, ўзи чўкиб кетди. Қиз бошқа одамлар томонидан қутқарилди, йигитнинг жасади орадан 3 кун ўтиб топилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг