Сирдарё ИЭСда қуввати 1,3 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу эса қўшимча 2,3 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда йилига 750 минг куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
Январь ойида Ўзбекистонда 33 мингдан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган 5,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 511 та ҳолат аниқланди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.
Жиззахда 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улардан икки нафари талаба бўлган. Ҳодисага иситиш тизимининг табиий газдан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид экани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Анҳор канали бўйида объект қурилиши давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жамоатчилик бунга қаршилик билдирди. Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, компания бир неча огоҳлантиришга қарамай жараённи давом эттирган. Ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатилди.
Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида 5 ёшли қиз вафот этгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича бирлашма шифокорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов миссиясини якунлаётган Покистон ва Хитой элчилари билан учрашди. Вазир элчилардан ҳамкасбларига салом етказишни сўради.
Шавкат Мирзиёев биринчи чоракда ЯИМ пасайишига йўл қўймаслик учун совуқдан жабр кўрган тадбиркорлар қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Тадбиркорлик субъектларига кредит тўлаш муддати узайтирилади, қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш, фоиз ва «пеня» ҳисобини тўхтатиб туриш ва бошқа имкониятлар яратилади.
3 февраль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида 35 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти қайта тикланди.
Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида газ қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш ҳажми 5 баробарга оширилганини маълум қилди.
Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон бошқармаси фуқароларнинг фойдаланилмаётган буюмларини эҳтиёжмандларга тарқатиш бўйича акцияни бошлади. Бошқарманинг Нукусдаги биноси олдига «саховат контейнери» ўрнатилди. Одамлар келтирган буюмлар шу ерда тўпланиб, эҳтиёжмандларга етказиб берилмоқда.
Техника университети 4-курс талабаси диний қўшиқларни танишлари орасида тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғоясига асосланган ушбу нашидани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланади.
Пойтахтда 10−12 февраль кунлари қиличбозлик бўйича аёллар ўртасида Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Унда йигирмадан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади.
Mobile Retail (Elmakon бренди)нинг «иккинчи хотин» учун техника реклама қилинган баннерлари демонтаж қилинди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси. Давлат идораси буни реклама тўғрисидаги қонунга зид деб баҳолади.
Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кечалари 0…+5 даража, кундузи +5…+10 даража атрофида бўлади. Ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади.
Хоразмда фермер хўжалиги раҳбари 7,3 гектар суғориладиган ерда ноқонуний сунъий кўл ташкил қилганликда гумонланмоқда. Бунинг ортидан у нобудгарчиликка йўл қўйиб, давлатга 1,8 млрд сўм зарар етказган. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Украинанинг фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан учрашди. Мулоқотда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон 2022 йилда 34 та давлатдан енгил автомобил импорт қилди. Статистика агентлигига кўра, энг кўп машина Хитойдан (11 159 дона) олиб келинган. Кейинги ўринларда Корея, Қозоғистон ва Россия қайд этилган.
Президент фармони билан Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди. У махсус органларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника билан таъминлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларни белгилайди, дастурларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
Тижорат банклари 3 февраль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 225 — 11 315 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 350 сўм.
Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаб келмоқда. Ўтган йилда инфекцияга текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг