Чоршанба куни Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё кубоги ярим финалида Японияга қарши баҳс олиб боради. Жамоалар 2018 йилда ҳам тўқнаш келишган ва унда ўзбекистонликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Бироқ бу сафар Япония U23 жамоаси беллашувга ўзгача ёндашув билан келмоқда.
Президент 57 та профессионал таълим муассасасида жорий этилган дуал таълим шакли ўз самарасини бергани — педагогика коллежи ўқувчилари 2 кун ўқиб, 4 кун боғчада амалиёт ўтагани ва ойлик олганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу тажриба касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда ҳам йўлга қўйилади.
Қозоғистон вейп — электрон сигаретларни сотиш ва улардан фойдаланишни бутунлай тақиқлашни режалаштирмоқда. Ўзбекистонда эса сотувда маркасиз, таркиби ва ундан фойдаланиш хавфи ҳақида маълумот кўрсатилмаган кўплаб вейпларни учратиш мумкин.
ИИВ Ўзбекистон ва Япония ёшлар ТЖ ўртасидаги Осиё кубоги ярим финали учрашуви ўтадиган «Миллий» стадиони ОФК санкциялари туфайли маҳаллий мухлислар учун ёпилганини эслатиб ўтди. Мухлисларга ўйинни уйда томоша қилиш тавсия этилди. Стадион атрофидаги йўллар эса таъмирланиши сабабли вақтинча ёпилади.
Президент 2023 йилдан бошлаб техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинишини таъкидлади. ОТМлардаги камида 60 та йўналиш техникумларга ўтказилади. Шунингдек, 1 январдан илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ педагоглариникига тенглаштирилади.
Тошкент халқаро аэропортида янгийўллик 40 ёшли аёл 20 ва 23 ёшли икки нафар қизни алдов йўли билан Туркияга чиқариб юборишга уринганида қўлга тушди. Унга нисбатан одам савдоси моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистондаги барча маданият ва истироҳат боғларидаги 1879 та аттракционнинг 574 таси техник носоз эканлиги аниқланди. Шундан энг кўпи Қорақалпоғистон, Андижон, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган ҳиссасига тўғри келмоқда. Пойтахтда эса 52 дона аттракционнинг 39 таси (75%) яроқсизлиги маълум бўлди.
Қозоғистонда ичида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ёниб кетишига сабабчи бўлган юк машинасини Ўзбекистон фуқароси бошқаргани айтилмоқда. У юк автомобиллари ҳаракати тақиқланган довондан ўтаётганда бошқарувни йўқотган ва тўхтаб турган 4 та транспорт воситасига урилган.
Прокуратура Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида йигит ва қиз калтакланган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатди. Жуфтлик уларга туман ИИБ ходимлари жароҳат етказганини таъкидлаганди.
Президент Олий таълим вазирлигида янги вазир ўринбосари лавозими жорий қилингани ва унга Бухоро шаҳар мономарказ раҳбари Садоқат Сиддиқова тайинланганини маълум қилди. У касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ҳамда методик таъминлашга масъул бўлади.
Йил бошидан бери 3449 та ёнғин содир бўлиб, унда 82 киши жабрланган, 48 киши эса ҳалок бўлган. ФВВ ёз ойи бошланиши билан ёнғин билан боғлиқ вазият ҳам фаоллашганини қайд этди. Таъкидланишича, аксарият ёнғинларга кондиционер, музлатгич ва қуруқ ўтлар ёқилиши сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги диний таълим муассасалари учун қабул санаси ва абитуриентлардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Диёрбек Эрматов ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди.
Самарқанд вилоятининг Қўшработ ҳамда Иштихон туманларига янги ҳокимлар тайинланди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Курилла Ўзбекистонга ташрифини ҳар бир мамлакат тўқнашаётган хавф-хатарлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари ҳақида суҳбатлашишни кўзда тутган «тинглаш сафари»нинг бир қисмига қиёслади. У махсус кучлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Тошкентнинг Бунёдкор кўчасида 56-йўналишдаги «Isuzu» автобуси пиёдалар ўтиш жойида тўхтаган автомобиль билан тўқнашиб кетишдан қочишга уриниб, чироқ устунига урилди. Автобусда йўловчилар бўлмаган ва ҳеч ким жароҳат олмаган. Мазкур пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ мунтазам содир бўлади.
Президент фармони билан Очиқлик индекси жорий этилади. Унга кўра, 8 та индекатор бўйича энг юқори балл тўплаган ташкилотлар рағбатлантирилади, салбий кўрсаткич қайд этганлар эса жавобгарликка тортилади. Қолаверса, очиқликни таъминлаш борасида Антикоррупция агентлигига қўшимча ваколатлар берилмоқда.
Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида олимпиада ғолибларини мағлуб этиб, финалга чиқди. Олтин медаллар учун баҳсларда ўзбекистонлик қиличбозлар Жанубий Корея атлетларига 38:35 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.
Самарқандда қизалоқ 10-қаватидан тушиб кетган уйнинг лойиҳачи ва қурувчилари жавобгарликка тортилади. Балкондаги панжаранинг пастки очиқ қисми лойиҳага қараганда каттароқ эканлиги аниқланди. «Газета.uz» кўп қаватли уйларнинг камчиликлари ҳақида ёзганди.
Ўзгидромет Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғирлар ёғиши оқибатида сел келиш хавфидан огоҳлантирди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришлари сўралмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг