Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19−20 август кунлари амалий ташриф билан Венгрияда бўлади. У фахрий меҳмон сифатида Венгрия давлат байрами — авлиё Иштван куни тадбирларида қатнашиб, Будапештда ўтаётган енгил атлетика бўйича ЖЧ югуриш мусобақалари финалига ташриф буюради.
ЖССТ маълумотларига кўра, 17 июлдан 13 августгача дунёда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари 63 фоизга ошган. Ташкилот вирусни «жиддий таҳдид» деб ҳисоблашда давом этмоқда ва мамлакатларни касалликка қарши курашиш учун «ўрнатилган инфратузилмани демонтаж қилмасликка» чақирмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни «Марказий Осиё — АҚШ» («С5+1») форматидаги биринчи саммитга таклиф қилди. У сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессиясининг очилиш кунларида ўтказилиши режалаштирилган.
Кўчмас мулк тарихи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш давлат хизматидан эндиликда ДХМлар, ЯИДХП ёки davreestr.uz сайти орқали фойдаланиш мумкин бўлади. Хизмат нархи — БҲМнинг 0,5 баравари.
Ўзбекистонда жарималар тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб қўймаслиги учун уларга қўйилган барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилади, деди президент. Тадбиркор ва солиқ органлари ўртасидаги низолар фақат маъмурий судда кўриб чиқилади, 2024 йилдан такрорий ва эскирган ҳисоботлар бекор қилинади.
Президент Ўзбекистонда «хуфиёна иқтисодиёт» улушини 40 фоиздан ортиқ деб баҳолади. Бу кўрсаткични камайтириш учун тадбиркорларни ҳалол ва очиқ ишлашга чақирди. «Солиқ тўламайдиган тадбиркорлар бизга дўст эмас, у ҳам иқтисодиётимизга, ҳам бизга душман», — деди у.
Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дориларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган 65 боланинг ўлими бўйича навбатдаги суд мажлисида адвокатлар яна журналистларни залдан чиқариб юборишни талаб қилди. Судья жараённи нотўғри ёритаётган журналистлар эмас, турли Telegram каналлари эканини айтди.
Президент камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетганини билдирди. Эндиликда назорат вақтида тадбиркордан қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ёки уни солиқ идорасига чақириш тақиқланади. Тадбиркорлар солиқ органлари ходимлари ишини янги платформа орқали баҳолайди, — деди давлат раҳбари.
Президент 1 октябрдан ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициенти (tax gap) бекор қилинишини билдирди, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 70 фоизи буни адолатсиз деб ҳисоблайди. «Кудбиев, бу сенга ва тизимингга баҳо», — деди у. ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳам бекор қилинади.
Ўзбекистон газ ва нефтни сотиш эвазига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмайди, деди президент. «Бизда бундай ресурслар йўқ. Бори ҳам, халқимиз кўпаймоқда, ўзимизга керак, четга сотолмаймиз. Биз бу борада кўп ишлар қиляпмиз. Бу йил халқимиз нима ишлар қилганимизни қишда сезади», — деди у.
14−15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиёнинг беш мамлакати раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Тожикистон, шунингдек, саммит доирасида 12 та параллел тадбир, жумладан, иқтисодий форум, олимлар форуми ва фаол аёллар учрашувини ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл Жанубий Осиёга чиқадиган «энг маъқул, арзон ва хавфсиз йўл» эканини айтди. «Мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз, бировга қарам бўлмаймиз», — деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда «Қишлоқ қурилиш банк» Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилишини маълум қилди. Янги банк тадбиркорларга 1 октябрдан бошлаб 5−7 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратади.
Тижорат банклари 18 август куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 12 005−12 040 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 12 075−12 125 сўм.
Тошкент халқаро аэропортида учиб кетувчилар учун божхонанинг қизил ва яшил йўлаклари ўрнига масофавий божхона назорати тизими жорий этилди. У вақтни тежайди, жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юклари визуал назоратдан ўтади. Янги тартиб ҳақида батафсил «Газета.uz» репортажида.
Тошкент аэропорти маҳаллий терминали олдидаги панжара демонтаж қилиниб, реконструкция ишлари бошланди. Бинога машинада кириб бориш ва 5 дақиқагача қолиш мумкин. Йил охирига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар олдидаги майдоннинг реконструкция қилиш ишлари якунланади.
Тадбиркорлар куни муносабати билан Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ соҳа вакилларини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.
Европа Иттифоқи молиялаштирадиган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури Ўзбекистоннинг ДХХ Чегара қўшинлари, Божхона институти, Ташқи ҳамда Ички ишлар вазирлигига жами 213,3 минг еврога тенг техникаларни топширди.
Тошкентда Ўзбекистон президенти ва бизнес вакилларининг навбатдаги очиқ мулоқоти бошланди. Давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда. Аввалроқ, тадбиркорлар кўпроқ нимадан норози экани маълум қилинганди.
Ўзбекистонда ичимлик суви тарифлари кўтарилиши, Қорақалпоғистонда шоли етиштириладиган майдонларнинг қисқариши, Қирғизистоннинг Қозоғистонга суғориш учун сув беришни тўхтатгани минтақада сув инқирози кучайиб бораётганидан далолат беради. «Газета.uz» ҳудудлардаги сув билан боғлиқ вазиятни ўрганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг