Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев «Ички ишлар вазирлиги ходимларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги барча муаммоларнинг сабабларини тушунтириб бергани ва уларнинг олдини олиш чораларини ўзи белгилаб бергани» учун президентга миннатдорлик билдирди.
«Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сонида Шавкат Мирзиёев одамлар пул тўлаб қўйиб, машиналарни ололмаётганини гапирган лавҳалар эфирга узатилди. «Одамлар норози, биз тўлаб қўйганмиз, машинани бер эй давлат раҳбарлари, деяпти», — деди президент.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Андижонда узр сўрашга мажбурланган ўқитувчилар билан учрашди. У мазкур ҳолатни «устоз шаънини ерга уриш» деб баҳолаб, бунга йўл қўйган мутасаддиларга чора кўрилишини маълум қилди. Аввалроқ, ХТВ узр сўраш тадбири туман ҳокимлиги ташаббуси эканлигини тасдиқлаганди.
Жума куни Қашқадарё вилояти Муборак туман ИИБ бошлиғи процессуал тартибда ҳибсга олинди. У 50 минг доллар пора билан ушлангани айтилган Миришкор тумани ҳокими ўринбосарига шерикликда гумонланмоқда. Бундан ташқари, Муборак туман ИИБ ходимлари 3та ўғрилик, 3та безорилик, биттадан талончилик ва фирибгарлик жиноятини яширгани ҳамда ОАВда ёлғон ахборот тарқатгани аниқланди.
Жума куни Ўзбекистонда 504 киши топширган ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди — бу бир кун олдинги кўрсаткичга қараганда 121 тага кам. COVID-19 асоратлари оқибатида 2 киши вафот этди. Қолаверса, шу куни 89 кишида пневмония аниқланди.
2020 йилдан бери маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири сифатида фаолият юритган Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. У меҳнат фаолияти давомида Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ИИБ тизимида турли лавозимларда, шунингдек ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.
Президент қарори билан жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри шакллантирилади. Хорижга илмий экспедициялар уюштирилиб, алломалар ва мутафаккирларнинг ижодига мансуб қадимий ёзма манбалар Ўзбекистонга олиб келинади. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардаги қўлёзмалар харид қилиниб, давлат тасарруфига ўтказилади. Қолаверса, қадимий қўлёзмалар таржима қилиниб, халқчил тилда нашр этилади.
Туркманистонда навбатдан ташқари президент сайловлари 12 март куни бўлиб ўтади. Мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Халқ Маслаҳати йиғилишида нутқ сўзлаб, давлат бошқаруви ёш раҳбарларга берилиши кераклигини таъкидлади. Унинг ўзи эса Халқ Маслаҳати раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқчи.
Пойтахтдаги 21-сонли меҳрибонлик уйида болага жисмоний тазйиқ ўтказганликда гумон қилинган тарбиячи ўз аризасига мувофиқ ишдан бўшатилди. Жабрланувчининг ўнг қўл тирсаги, чап елкаси ва ўнг оёғининг сон қисмида кўкарган яралар аниқланди. Меҳрибонлик уйи шифокори унга кўрсатган ёрдамини беморлар журналига киритмагани ҳам маълум бўлди. Юнусобод туман прокуратураси текширув ўтказмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов шанба куни соат 7:00 да туман ҳокимлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарларини йиғилишга чақиргани акс этган хат тарқалди. Меҳнат вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев соат 7:10 да ҳокимликка бориб, мажлис ўтказилаётганини аниқлади. «Бироқ, йиғилганлар вазирлик вакилларини кўриши билан мажлисдан чиқиб кетган», — дейилади хабарда.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда тажриба-синов тариқасида кейтринг усулида мактабларнинг бошланғич (1−4) синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб берилмоқда. 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилган. Ўқувчилар 470−500 ккалорияга эга овқат, табиий сок ва мевалар билан таъминланади.
«Башорат қилувчи» печеньелар, «юракчали одамчалар», қайнатилган кремли, юракчасимон ва «қоплон» печеньелар — Zira.uz байрам арафасида ширин совғалар тўпламини тақдим этади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар билан шахсан ўзи шуғулланишини айтган Шавкат Мирзиёев, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 км/соатдан ошмаслиги, Андижондаги тиббиёт марказидаги портлаш тафсилотлари, Демократия индекси рейтингида 150-ўринни эгаллаган Ўзбекистон, меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига зўравонлик қилган ҳодим, йўл белгиларини ишлаб чиқаришда «Ўзавтойўлбелги»нинг монополияси тугатилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 11 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини орттириш ва унинг кўрсаткичлари мувозанатли бўлишига эришиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги саноат кооперацияси ва логистика марказларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Жума куни Шаҳрихон туманидаги тиббий марказида портлаш юз берди. Расман воқеа оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани маълум қилинди. Гувоҳлар бир инсон уларни қўлида вафот этгани ва қурбонлар 3 киши эканлигини айтишмоқда. Портлаш вақтида бино ичида бўлган аёл эса воқеани шундай эслади: «Ер ёрилди, ер тагига тушиб кетаяпмиз деган хаёл келди. Тепамиздан ҳам плиталар ёғилиб, баравар пастга тушиб кетдик». «Газета.uz» воқеа жойидан фоторепортаж тайёрлади.
Дам олиш кунлари ҳаво совиб, Ўзбекистон бўйлаб қор ва ёмғир ёғиши кузатилади. Янги ҳафта бошида эса мамлакат ҳудудига жанубий Урал ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, кечалари ҳаво ҳарорати -7 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Президент транспорт серқатнов бўлган 2000 дан ортиқ чорраҳа ва 9500 та пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаганини танқид қилди. Йўл белгилари билан боғлиқ муаммони бартараф этиш учун «Ўзавтойўлбелги» монополияси тугатилади. Светофор, ёритгичлар ўрнатиш, йўл белгилари ҳамда чизиқларини чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилашга масъул корхоналар ҳокимликлардан ЙХҲХларга ўтказилади.
«Халқ банки» нинг Андижон вилояти Амалиёт бўлимининг 13 нафар ходими жами 4,6 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 11 нафари ҳибсга олинган, 2 нафарига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Оролбўйи минтақасига 3 млн долларлик гуманитар юкларни юборди. Умумий ҳажми қарийб 7 тоннани ташкил этган тиббий жиҳозлар рентген сканерлари, лаборатория асбоблари, кислород баллонлари ва бошқа тиббий қурилмалардан ташкил топган.
Бош прокуратура Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт марказида юз берган портлаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни вақтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар сони 11 нафарни ташкил этмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг