Бутунжаҳон Олтин Кенгаши Ўзбекистон 2021 йилнинг ноябрь ойида 21,5 тонна олтин сотиб, декабрь ойида 8,4 тонна олтин сотиб олганини маълум қилди. Марказий банк маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон олтин захираси миқдори 11,6 трой унцияни, унинг қиймати эса 20,94 млрд долларни ташкил этади.
Пайшанба куни 625 кишининг коронавирусга топширган тест таҳлилида мусбат натижа қайд этилди, бу бир кун олдинги кўрсаткичга қараганда 67 тага кам. Қолаверса, кун давомида 103 нафар кишида пневмония аниқланди. Вирус асоратлари оқибатида 2 киши вафот этди.
Мактабларда она тили дарсликлари турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади, деб хабар берди Республика таълим маркази. Қолаверса, бундан кейин «ўтимли ва ўтимсиз феъллар», «воситали-воситасиз тўлдирувчилар», «феъл кесим ва от кесим», «сифатловчи-сифатланмиш» ва шу каби мавзулар она тили дарсликларидан чиқариб ташланади. Шунга мувофиқ, келгусида ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар йиғилиш тафсилотларини сўзлаб берди. Уларнинг айтишича, ота-оналар билан учрашув сценарий асосида ўтган, бунда улар саҳнага чиқиб, ўз фанларини ёмон ўргатганликлари учун узр сўрашлари керак эди. «Керак бўлса йиғлашимизни айтишди», — дейди педагоглардан бири.
АҚШдаги мактаблардан бирида отишма юз бергани, Дональд Трампнинг TRUTH Social ижтимоий тармоғининг март ойида ишга тушиши мумкинлиги, Путин ва Токаевнинг Москвада музокараларни бошлагани, Ливия бош вазири машинасининг ўққа тутилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Самарқандга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев, мартда очиладиган Самарқанд халқаро аэропорти, Беҳзод Мусаевга юборилган парламент сўрови, Тошкентга трамвайни қайтиши, 1−2-синфлар учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш бекор қилиниши, Самарқандда 10 нафар амалдорни ишдан бўшатган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 10 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Aкадемик, археолог-олим, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Ртвеладзе 80 ёшида оламдан ўтди. Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини ўрганган, Окс Александрияси шаҳрини топган.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд тумани ҳокими ва ИИБ бошлиғи, Нуробод тумани ҳокими, Оқдарё тумани прокурори ва ИИБ бошлиғи, Марказий банк Самарқанд вилояти Бош бошқармаси раҳбари ва вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва бошқа амалдорларни ишдан бўшатди. Уларнинг баъзиларига нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича жиноий иш очилиши мумкин.
2022−2023-ўқув йилидан 1−2-синф ўқувчилари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш ва баҳолаш бекор қилинади. Қолаверса, ушбу дарсликдан йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти тугатилади. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига тез ўқиш талаби қўйилмайди. Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева янги тартиблар бўйича тушунтириш берди.
Январь ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси 2021 йил декабрь ойига нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга ўсган. Сўм курсининг ўсишига савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши сабаб бўлган.
2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун давлат бюджетидан жами 4,2 трлн сўм маблағ ажратилган. ССВ 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги маблағлар нимага сарфланганини очиқламаган. Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги ҳисоботларида ҳам бу маълумотлар ўз аксини топмаган. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юборди.
ЕХҲТ бош котиби Ҳелга Шмид март ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. 3−4 март кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси биргаликда амалга оширилишининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 16,24 сўмга кўтарилиб, 10 851,24 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги 59-сон кўзи ожизлар мактаб-интернатининг тўрт ўқувчиси ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинишини таъкидлади. Ўқитувчилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиясини қайта ҳисоблаш муддатини ёшартириш ҳамда 2009 йилдан буён янгиланмаётган брайл ёзувидаги айрим ўқув дарсликларини қайта ишлаш зарурлигини айтди. Президент эса ушбу масалалар ҳал этилишини маълум қилди.
Самарқандга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, Имом Бухорий ва Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Унга муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамроҳлик қилди. Қолаверса, давлат раҳбари Имом Бухорий мажмуаси қурилиши билан ҳам танишди. Бу ерда қарийб 10 минг кишилик масжид, 4та минора, айвонлар, еростида галереяси барпо этилмоқда.
Тошкентда кўп қаватли уйларнинг аксарияти — 632 таси 1966 йил — кучли зилзила содир бўлган йилда қурилган. Уйларнинг аксарияти икки қаватли, кўпи ёғочдан қурилган. Кейинги чўққи 2019 йилга тўғри келди — шаҳарда 463 та уй пайдо бўлди, улар асосан етти қаватли бўлиб, ғиштдан қурилган. Ҳокимликнинг Рақамли ривожланиш департаменти шаҳардаги 100 йиллик қурилишларга оид маълумотларни тақдим этди.
Ўзгидромет 11−12 февраль кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида шамол секундига 17−22 метргача кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилишини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини маълум қилди. Давлат раҳбари трамвай бўйича фуқаролардан кўплаб хатлар ва мурожаатлар келаётганлигини таъкидлаган.
Президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилиши кутилаётганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини халқаро аэропортдан бошлади. 83 млн долларлик лойиҳа қарийб якунига етиб қолган, ҳозирда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал мартда фойдаланишга топширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг