2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими 119 та коррупциявий жиноят содир этган. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробарга кўп. Уларнинг аксарияти ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва пора «олди-берди"си билан боғлиқ.
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида тажриба тариқасида ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақоми бекор қилинмоқда. «30 та депутат ичидан кенгаш раиси сайланади. У мени бошқарадида энди… Бир умрлик орзуйим шу», — деди Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова. Унинг сўзларига кўра, доимий ишловчи депутат ва сенаторлар фаолият йўлга қўйилади, уларга ойлик маош тўланади. Энди ҳоким ўзига эмас, балки кенгаш олдида ҳисобот беради.
Фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро суди судьяси пора олганликда гумонланмоқда. У шериги билан ер билан боғлиқ низони ижобий ҳал қилиш учун 3 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. Судьялар олий кенгаши уни жавобгарликка тортишга розилик берди.
Юнусобод тумани прокурори лавозимида ишлаб келган Хабибулла Мирсоатов Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари бўлди. У Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқовнинг ўғли.
Путин ва Макрон Кремлда музокараларни бошлагани, Украинанинг Ғарбдан 1,5 млрд доллар ёрдам олаётгани, Оттавада намойишлар туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилингани, Хитойнинг Байсэ шаҳрида COVID-19 туфайли локдаун жорий қилингани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ягона имтиҳон маркази «Автотест» сингари монополия эмаслигинини айтган Русланбек Давлетов, 1 мартга қадар тўлов муддати узайтирилган контрактлар, «Қизилқумцемент» ни бозор нархидан арзонроққа сотган ҳукумат, TikTok`ни блоклаш самара бермаслигини айтган адлия вазири, тадбиркорларни огоҳлантирган Тошкент ҳокими ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 7 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорларни пойтахтдан фақат қонуний йўл билан, онлайн-аукцион орқали ер сотиб олишга чақириб, ер олишга ёрдам берамиз деганларга ишонмасликни сўради. «Ўз маблағингизни эҳтиёт қилинг, ернинг қонуний эгаси бўлинг», — деди ҳоким. У аҳоли яшаш массивларида рухсатсиз иншоотлар қуриш «аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда», дея қўшимча қилди.
Сўмнинг реал самарали алмашув курси Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюталарининг заифлашиши ва яна бир неча факторлар туфайли 2,9 фоизга мустаҳкамланди. Ҳамкорлар орасида турк лираси 81 фоизга қадрсизланди, Хитой юани ягона мустаҳкамланган валюта бўлди. Россия ва Қозоғистон валюталари ҳам қадрсизланди.
Адлия вазири душанба кунги матбуот анжуманида раҳбарлар ўзини ҳудуди ёки соҳасини беги эмаслиги, балки улар халқнинг ёлланма ишчиси эканлигини таъкидлади. «У ёлланма ишчи, биз ҳам ёлланма ишчимиз», — деди Русланбек Давлетов. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотларида иш вақти тўғри йўлга қўйилмагани давлат хизматининг жозибадорлигига таъсир қилаётганини танқид қилди. «Шунинг учун ҳам ақлли одамлар келмаяпти давлат хизматига», — деди у.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи Ягона имтиҳон маркази «Автотест» сингари монополия эмаслигини, қолаверса, лицензияни қурилиш битганидан кейин олиш ҳам мумкинлигини айтди. «Агарда қайси ҳудудда шу талабларга мос равишда хусусий сектордан тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади», — деди у.
2022 йилдан бошлаб Россиянинг IT-маҳсулотларини тарғиб қилувчи «рақамли дипломатлар» мамлакатнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна 14 давлатдаги савдо ваколатхоналарида ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, ушбу дипломатлар Россиянинг IT-компанияларига консалтинг ва ҳуқуқий ёрдам хизматларини кўрсатадилар.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йил якунлари бўйича инфляция оралиқ мақсадли кўрсаткич даражасида — 10% бўлди. Бироқ, 2022 йил якунига қадар иқтисодиётда сақланиб қолаётган «нисбатан қатъий» пул-кредит сиёсати инфляциянинг пасайишига хизмат қилади. Шунингдек, тижорат банклари томонидан 2021 йилда иқтисодиётга ажратилган кредитлар 2020 йилга нисбатан 31 фоизга ўсгани айтилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 2,09 сўмга кўтарилиб, 10 855,11 сўмни ташкил этди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди. Ушбу алмашинув курслари 8 февралдан кучга киради.
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси биринчи ўринбосари Беҳзоджон Юсупов Қарши тумани ҳокими этиб тайинланди. Қашқадарё ҳокими туманнинг олдинги раҳбари Мақсуда Мустафоева ҳокимлиги пайтида йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталди. «2021 йилнинг ўзида ер ажратиш бўйича қонунга зид қарорлар туфайли давлатга 6 млрд сўм зарар етказилган», — деди Муротжон Азимов.
Адлия вазири президент фармони билан ҳокимларнинг ер ажратишига тақиқ қўйилган даврда Тошкент вилоятида 781 гектар ер тадбиркорга вақтинча бириктириб берилганини маълум қилганди. Вилоят ҳокимлиги эса бунга муносабат билдириб, ер ажратиш қонуний бўлганини айтди. Журналистнинг ҳокимлик вазирни нотўғри гапирганликда айблагани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Русланбек Давлетов шундай деди: «Мен энди бориб дўппосламайман-ку. Гапираверсин, шунинг учун ҳам судда гаплашамиз».
ОТМ талабалари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг 1 семестр ўқиши учун контракт миқдорини тўлашнинг сўнгги муддати 2022 йилнинг 1 марти этиб белгиланди.
ATTO транспорт картасини тўлдириш учун навбатда туриб қолмаслигингизни таъминлаш учун «Газета.uz» инфо-киосклар ва мобил иловалар орқали транспорт картаси балансини қандай тўлдириш мумкинлиги ҳақида қўлланмани тақдим этади.
Ҳафта бошида Ўзбекистонга Кавказ ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво кириб келиши эвазига айрим жойларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Пайшанбадан эса Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво кириб келади ва кунлар исий бошлайди. Ҳафта давомида кечаси ва эрталаб туман тушади.
Адлия вазири Русланбек Давлетов диний ташкилотларнинг айрим вакиллари кимларгадир ҳукм ўқиши ҳуқуқий нуқтаи назардан нотўғрилигини қайд этиб, бу жамиятда бўлинишга олиб келаётганлигини, диний ташкилотлар бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади. У Адлия вазирлиги ушбу соҳадаги фаолиятни назорат қилишини эслатди. «Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор», — деди Давлетов.
Адлия вазири Русланбек Давлетов TikTok`ни блоклаш ҳақидаги таклифларга муносабат билдириб, ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдори эканини, TikTok`ни блоклаш техник жиҳатдан жуда қийин масала эканини айтди. «TikTok`дан бошқа жойда ёмон контент йўқми, интернетга кирсангиз, бошқа бўлмағур сайтлар йўқми?», — деган вазир.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг