Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Кегейли туманларида ИИБ бошлиқлари ўзгарди. Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларининг бир қанча туман ИИБларида ҳам лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Арнасойда тадбиркор ва хусусий корхона раҳбари ўртасида ер билан боғлиқ можаро келиб чиқди. Тадбиркор ўзининг ов милтиғи билан ерни олиш учун келган пахтакорлик хусусий корхона раҳбарининг ўнг кўкрак қисмига ўқ узган. Жабрланувчи шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
Дунёда коронавирусга чалинганлар сонининг 400 млндан ошгани, Франция, Германия ва Польшанинг Россияни Украина чегарасидаги кескинликни пасайтиришга чақиргани, Суриянинг АҚШ назорати остидаги ҳудудларида 18 кишининг терактлар оқибатида ҳалок бўлгани, Европада кўплаб давлатларнинг коронавирус чекловларини бекор қилаётгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини айтган Расул Кушербаев, Марҳамат ҳокими ташаббуси билан ота-оналардан узр сўраган ўқитувчилар, рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасалари тугатилиши, «Капиталбанк» акциялариниинг бошқарув пакетини қўлга киритган Алишер Усмонов, якшанба куни йиғилиш ўтказган Бухоро вилояти ҳокими ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 9 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жаҳон банки Doing Business халқаро рейтинги ўрнига ишбилармонлик муҳитини баҳолаш бўйича Business Enabling Environment рейтинги устида ишламоқда. Унинг дастлабки концепциясини тақдим этиб, респондентларни бу бўйича муҳокамада фикр билдиришга таклиф қилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 5,11 сўмга пасайиб, 10 835 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров Ўзбекистонда хорижий автомобиллар импортига қўйилган божхона божи ўта юқори деган фикрга қўшилишини маълум қилди. Унинг фикрича, божхона тўловини «қайта кўриб чиқиш мумкин». У шунингдек, иқтисодчи Юлий Юсуповнинг автомобиль саноати монополияси ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди.
Расул Кушербаев UzAuto Motors автомобиллари учун 85 фоизлик олдиндан тўлов миқдорини пасайтириш бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди. Депутат «Газета.uz» га берган интервьюсида олдиндан тўлов кўпи билан 50% бўлиши кераклигини таъкидлади. «Ҳали кўрсатилмаган хизмат ва харид қилинмаган товар учун олдиндан тўлов қилиниши мантиқсиз ўзи», — деди у.
Мирзо Улуғбек туманида эркак 81 ёшли кекса аёлдан сув сўраб, шундан сўнг, уни синтетик мато билан бўғиб, хонадондаги 1 млн сўмни ўзлаштиргани айтилмоқда. Тергов ҳаракатлари натижасида бу ишни амалга оширганликда 50 ёшли эркак гумонланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Январь ойида кам даромадли оилалар харажатларининг 60 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига тўғри келган. Ушбу оилаларда харажатларнинг озиқ-овқатга йўналтирилган қисми юқори даромадли гуруҳга нисбатан 1,7 баробар кўпроқни ташкил этди. Бу ойда даромади нисбатан камроқ уй хўжаликлари гуруҳларининг озиқ-овқат инфляцияси 14,2 фоизга тенг бўлди.
Чоршанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Қозоғистонга ташрифи давомида II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Шу куни Ўзбекистон делегацияси президент Касим-Жомарт Тоқаев қабулида бўлиб, Қозоғистон Парламенти Мажлисида ҳам қатор учрашувлар ўтказди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов дам олиш куни тўртта туманда маҳаллалар раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида йиғилиш ўтказди. Давлат меҳнат инспекцияси вилоят ҳокими қонунчилик талабларини бузганини тасдиқлади.
Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича ЯИМга нисбатан 38,9% кўрсаткич билан энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Visual Capitalist томонидан эълон қилинган жаҳон қарзининг мамлакатлар кесимидаги ҳолатига оид маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон жами 188 та давлат орасида 153-ўринда бормоқда. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори давлатлар рўйхатида Япония, Судан ва Греция етакчилик қилмоқда.
Finance TCI компанияси сешанба кунги битимдан сўнг «Капиталбанк»нинг жами 12,18 фоиз акциялари эгасига айланди. Маълумотларга кўра, Finance TCI Алишер Усмоновнинг USM холдингининг шўъба корхонаси бўлган «Телекоминвест» билан афилланган. Ушбу компаниялар биргаликда банкнинг умумий 61,54 фоиз акцияларига эгалик қилишни бошлади.
Президент қарори билан бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритаётган, рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади. Антимонополия қўмитаси тегишли таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб боради.
Хоразм вилояти Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.Ж. тадбиркорга 122,5 млн субсидия ажратиш эвазига 10 млн сўм олган вақтида қўлга олинган. ЖИБ Янгибозор туман суди уни айбли деб топиб, 5 йилга озодликдан, қолаверса, 2 йилга давлат ташкилотларида мансабдор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Депутатлар ов қуролига эгалик қилишнинг минимал ёшини 21 ёшдан 25 ёшгача оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳужжатда барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилишни ички ишлар органларининг рухсатномаси орқали амалга ошириш ва фуқаро эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонини 3 дона билан чегаралаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.
БААда бўлиб ўтган таэквондонинг WТ йўналиши бўйича Fujairah Open-2022 турнирида Ўзбекистон делегацияси 7 та медални, шу жумладан, 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронзани қўлга киритди. Мусобақада олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов ҳам қатнашиб, ғолиб бўлди.
Президент қарори билан чорвачилик билан шуғулланувчилар томонидан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари 2025 йилга қадар божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Қолаверса, 2023 йил 31 декабргача йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми (4000 сўм) ва сутнинг ҳар бир литри (400 сўм) учун субсидия икки бараварга оширилади.
Шавкат Мирзиёев 1500 тадан ортиқ маҳаллада марказлашган ичимлик суви таминоти йўлга қўйилмагани, 2 мингга яқин боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари ичимлик сувини ташиб келишга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Бунинг ечими сифатида келгуси 5 йилда соҳага 40 трлн сўм инвестиция йўналтирилиши ва ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши айтилди. 2022 йилнинг ўзида бюджетдан 2 трлн сўм, халқаро молия ташкилотларидан эса 245 млн доллар жалб этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг