Бухоро вилоятида XVI-XX асрларда бунёд этилган Чор-Бакр ёдгорлик мажмуасининг муҳофаза теграларидаги ер участкалари ижара ва мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилгани аниқланди. Ушбу мажмуа ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўрсатилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15 сўмга кўтарилиб, 10 840,11 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилишда давом этмоқда
2021 йилда 2700 дан ортиқ фуқаро банк карталаридан пул ўғирланганлиги бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилган. Сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. ИИВ фуқаролардан банк карталари маълумотларини ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермасликни сўради.
Талъат Валиев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари этиб тайинланди. Аввалроқ, Бабур Шаякубов Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосарлигидан озод қилинганди.
«Тошкентшаҳаргаз» корхонасининг собиқ ходими оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 16,5 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.
Жалолиддин Усмонов Халқаро пресс-клубнинг янги раиси этиб сайланди. Бунгача пресс клуб раиси бўлган Шерзодхон Қудратхўжа эса Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўрнига ЎзЭОАВМА бошқарув раиси этиб тайинланганди.
Антимонополия қўмитаси самарқандлик тадбиркор 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқиб кета олмаган ҳолатни ўрганиб, ўз муносабатини билдирди. Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан «Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган. Қўмита тадбиркор зарар кўрган ҳолатда вилоят ҳокимлиги ва ИИБ устидан судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Марказий банк Ўзбекистон миллий валютаси — сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилди. Танловда миллий валютанинг халқаро миқёсда ўзига хослиги ва халқнинг маданий қадриятларини ифодаловчи энг яхши график ишлар аниқланади. Ғоялар 31 мартга қадар қабул қилинади.
Марказий банк тижорат банкларининг молиявий хизматлари ҳақида ахборот берувчи www.bankxizmatlari.uz порталини ишга туширди. Веб-сайт орқали жисмоний шахслар ўзлари учун таклиф этилаётган кредитлар, омонатлар, валюталарни айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа хизматларни излаши, улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.
ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади, болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади.
2021 йил 6 декабрь куни Нур-Султонда имзоланган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида энергия ресурсларини божхона чегарасидан қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтишни биргаликда божхона назоратидан ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш кутилмоқда. Тегишли президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган гидроэнергетика лойиҳаларининг умумий қуввати 173 МВтни ташкил этиши кутилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида 3 та янги ГЭС қурилади, республикадаги яна 4 та ГЭС модернизация қилинади.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган блогер, Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Telegram`даги гуруҳлардан бирида давлат раҳбарларини ҳақоратловчи видео эълон қилганлиги айтилди. Блогер ушбу ҳаракатларини маст ҳолатда такроран содир этган.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Республика махсус комиссиясининг фаолияти қонун билан тартибга солинганини айтди. Қолаверса, унинг қарорлари нима сабабдан эълон қилинмаслигига изоҳ берди. «Комиссия қарорларида ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмасди. Энг асосийси комиссиядаги қоидалар вақтида етказиб турилди», — деди у. Блогер Отабек Бакиров эса «махсус комиссия тугатилиши ва қонунчиликка қайтилиши» кераклигини айтмоқда.
Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги бўйича фикрига ўзбекистонлик сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари муносабат билдирди. «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бу «фантазияларни жиддий қабул қилмасликни» таъкидлаган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Лукашенко ва Соловьёвни «ўтган-кетганни муҳокама қиладиган, ҳамманинг шахсий ҳаётига бурнини тиқадиган кампирларга» ўхшатган. Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова Ташқи ишлар вазирлигидан бу баёнотга муносабат билдиришини сўраган.
Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг жами 280 140 нафари коронавирусга қарши тўлиқ вакцина курсини олган. Бу умумий эмланишларнинг 5 фоизини ташкил қилади.
Адлия вазири уч марта суиқасд уюштирилган Юнусободдаги дарахтлар муаммоси юзасидан фикр билдириб, мораторийга барча амал қилиши шартлигини айтди. «Юнусободдаги дарахтлар кесилмайди, тамом… Сиз уни қайси мақсадда олган бўлсангиз ҳам тегина олмайсиз. Тегсангиз сиз жиноят қилган бўласиз», — деди Русланбек Давлетов. Бунга Давлат экология қўмитаси масъуллиги, қолаверса, прокуратура органлари ҳам назорат ўрнатиши лозимлиги қўшимча қилинди.
Душанба куни Ўзбекистонда 773 нафар кишида коронавирус аниқланди. Бу аввалги кунга нисбатан 59 нафарга кам. Пневмонияга чалинганлар сони ҳам камаймоқда. Вирус қурбонлари эса кеча яна 2 нафарга ортди.
7 февралдан анъанавий таълим босқичма-босқич бошлангач, ҳудудлардан пойтахтга 36 738 нафар талаба етиб келди. Уларнинг қарийб ярми ижара уйларига, 27 фоизи талабалар ётоқхонасига, 23 фоизи эса яқин қариндошлариникига жойлашган.
Aлександр Лукашенко Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ ҳудудидаги айрим давлатлар 15 йилдан сўнг Россия ва Беларусни ўз ичига олган Иттифоқ давлати таркибига кириши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг сўзларига кўра, бу «мустақил эмас, балки суверен давлатлар» бирлашмаси бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг