1−2 декабрь кунлари мамлакатга илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Жума куни республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +17…+22 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. МСК сайтидаги техник носозлик кўпчиликда расман келтирилган рақамларнинг тўғрилигига шубҳа уйғотди. Мамлакатнинг 5 та партияси етакчилари «парламент сайловлари натижалари сохлаштирилгани» туфайли сайловни қайта ўтказиш, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасини истеъфога чиқаришни талаб қилмоқда.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашишди.
«Тутқунлик» фильми Россияда бўлиб ўтган «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида «Гран-при» бош соврини билан тақдирланди. Ушбу фильмда 2019−2020 йилларда ўтказилган мазкур «Меҳр» операцияси жараёнлари акс эттирилган.
Президент қарорига кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлганларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги электрон ахборот тизими жорий этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.
Китоб туманидаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эндиликдаги собиқ директори бошқа бир фуқародан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1,5 млн сўм пора олган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Сергелидаги тегирмон-ёрма саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонадаги ишчилар ётоқхонасида ҳаво-газ чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бунга газ қувурларининг носозлиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса туфайли 18 нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 99 млн сўмлик 99 дона Ремдесивир дори воситасининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолди. Коронавирусга қарши ушбу препаратларнинг сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмагани айтилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида нутқ сўзлаб, тўртта йўналиш бўйича таклифларни илгари сурди. Хусусан, 500 млн аҳоли яшайдиган ИҲТга аъзо давлатларини савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга чақирди. Шунингдек, давлат раҳбари иштирокчиларни навбатдаги саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.
AARC халқаро консалтинг компанияси «Тошшаҳартрансхизмат» бўйича ҳисоботида Тошкентдаги йўлкира нархлари Нью-Йоркдагидан 20 баробар арзонроқ экани ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Иқтисодчи Ботир Қобилов эса Тошкентдаги йўлкира нархи Нью-Йоркдагидан баробар қимматроқ эканини ҳисоблаб берди.
Расул Кушербаев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айинбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани «қора бозорда» алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблади. Депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни кўчада алмаштирди. «Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт», — дея таъкидлади у.
Президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун Ашхобод шаҳрига борди. Уни аэропортда Туркманистон президенти кутиб олди. Икки давлат раҳбарлари саммит олдидан музокара ўтказди.
Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги баҳоланиши ҳамда коррупцияга қарши курашиш ҳақида ҳисобот бериши, айрим суд ишларининг жонли эфирда узатилиши, кўчма савдо фаолиятини рўйхатдан ўтказиш тизими соддалаштирилиши, харид комиссиясининг айрим ваколатлари бекор қилиниши, хориждаги ўзбекистонликларга давлат хизматларидан фойдаланишга имконият яратилиши — 1 декабрдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлади?
Алишер Усмонов учинчи маротаба Халқаро қиличбозлик федерацияси президентлигига сайланди. У ташкилотга 2008 йилда раҳбарлик қила бошлаган, 2012 ва 2016 йилларда қайта сайланган эди.
Пойтахтдаги жамоат транспортларида тегажоғлик ва жинсий зўравонликка қарши кампания бошланди. Автобус салонларида баннерлар ва фавқулодда тўхтатиш тугмалари жорий қилинди. «Газета.uz» харассмент қурбонлари қандай ҳаракат қилиши лозимлиги, қолаверса, ҳайдовчи ва чиптачи ушбу ҳолатга қай тарзда муносабат билдириши кераклиги ҳамда хорижда зўравонликка қарши қандай кураш олиб борилаётганини ўрганди. Ўзбекистон қонунчилигида тегажоғлиқ учун жавобгарлик мавжуд эмас. Ҳуқуқбузарни «ҳақорат қилиш» моддаси билан жавобгарликка тортиш режалаштирилган.
ЖССТ Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг B.1.1.529 штаммини «хавотирли вариант» деб таснифлади. Ташкилот унга Омикрон деб ном бериб, уни вируснинг бошқа шаклларига қараганда тезроқ тарқалиши мумкинлигини қайд этди. 27 ноябрь ҳолатига вируснинг янги штамми 100 та ҳолатда қайд этилган.
Президент музейларнинг даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланишига рухсат берувчи қонунни имзолади. Илгари музейларга тижорий фаолиятни амалга ошириш тақиқланган эди. Хизмат кўрсатиш чоғида музейлар ашёлар ва коллекциялар бут сақланишини таъминлаши керак.
Ҳукумат қарори билан эндиликда ЯТТлар 5 нафаргача ходим ёллаши мумкин, илгари 3 нафаргача рухсат берилганди. Бунда тадбиркор банк ҳисобварағи очганидан сўнг ходим ёллаш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, ходим билан меҳнат шартномаси ҳам тузилади.
Январь-октябрь ойларида қиймати 12 млн долларига тенг бўлган жами 613 дона электромобиль импорт қилинган. Ушбу турдаги автомобиллар асосан Хитойдан (551 та) олиб келинган.
Оққўрғон туманида 26 ёшли фуқаро ва унинг 24 ёшли турмуш ўртоғи ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, уларнинг ўлимига заҳарланиш, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпкалар шиши сабаб бўлган. Вазият юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг