Японияда собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисида ҳукмрон Либерал-демократик партияга (ЛДП) янги раҳбар этиб сайланди. У собиқ мудофаа вазиридан 87 та кўп овоз тўплаб, мамлакатнинг юзинчи бош вазирига айланиш имконига эга бўлди.
Чоршанба куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида кун давомида икки марта зилзила сезилди. Зилзиланинг эпицентри Қирғизистонда бўлган.
Сенат раиси Қашқадарё вилоятида маҳаллий бюджетларда қўшимча шакллантирилган 10 млрд сўмга яқин маблағлар депутатлар рухсатисиз сарфлаб юборилганини танқид қилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги АОКА билан биргаликда 10 дан ортиқ букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ноқонуний сайтларга киришни чеклади.
«Толибон» биринчи марта Тожикистонга таҳдид қилди. Аввалроқ, Тожикистон ҳукумати қаршилик кўрсатилаётган сўнгги ҳудуд — Панжшер вилояти толиблар томонидан бостирилаётганини қоралаган эди. Улар, шунингдек, «бу мамлакатда зулм ва таъқиблар натижасида тузилган бошқа Афғонистон ҳукуматини» тан олмасликларини билдиришди. Икки давлат чегарасидаги вазият оғирлашмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 16,30 сўмга кўтарилиб, 10 691,91 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
ДХХ ходимлари Тошкентда ва бир қатор вилоятларда гиёҳванд моддалар савдосининг бир нечта ҳолатларига чек қўйдилар. Қарийб 18 кг, жумладан, Амударё орқали чегарани ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқаросидан 9 кг опий топилди ва мусодара қилинди.
«Ҳудудгазтаъминот» эндиликда огоҳлантиришсиз газ ўчирилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳозирда хонадонларга 2 млн га яқин электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилган ва қарздорлик ҳақида SMS-хабарнома юборилиб, истеъмолчига 5 кун муддат берилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари (суперконтракт) тасдиқланди.
1 ноябрга қадар коронавирусга қарши эмланган талабаларга 2021−2022-ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма берилиши белгиланди.
Тошкент вилоятида 15 ёшли қизнинг онаси эри икки йил давомида қизини зўрлаб келганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда қизи ҳомиладор. Бош прокуратура жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Ҳукумат Навоий кон-металлургия комбинатини хусусийлаштиришга тайёргарликни бошлади. 2022 йилда акцияларнинг 10 фоизи сотилиши мумкин, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини Венгриянинг ОТP Bank банки сотиб олаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатларнинг биринчи қисмини чоршанба куни, қолганини эса икки ой давомида имзолаш режалаштирилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Андижон сайловчилари билан учрашувда беш йил ичида нималарга эришди, деган саволга: «Эркин, қўрқувсиз яшаш», деб жавоб берди. «Мен ҳам инсонман, президентлик бир лавозим, мақсадим халқимга, Ўзбекистон, Андижон халқига хизмат қилиш», — дея қўшимча қилди у.
Бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда аёллар орасида энг кўп учрайдиган саратон касаллиги тури бўйича иккинчи, мазкур касаллик туфайли ўлим ҳолатлари бўйича эса учинчи ўринда туради. У 90% ҳолларда одам папиллома вируси инфекцияси билан бошланади. Касалликни эрта ташхис қўйиш ва тўғри даволаш орқали енгиб ўтиш мумкин. Икки вилоятда пилот скрининг дастури ишга туширилмоқда.
Бухорода бюджет ташкилоти қарийб 65 млрд сўм миқдоридаги харидларни тендерсиз амалга оширгани аниқланди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Рақобат тўғрисида"ги қонунни бузганлик учун иш очди.
Самарқанд автомобиль заводи 729 авлод Isuzu юк машиналари ва автобусларини ишлаб чиқаришни тўхтатади ва экологик стандартдаги — 700P авлодига га ўтади. Эски авлод автомобиллари эгалари учун эҳтиёт қисмлари яқин 10 йил ичида мавжуд бўлади.
Чоршанба куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Lacetti автомобилига ўрнатилган газ баллони ёрилди. Ҳайдовчи енгил тан жароҳат олган ва шифохонага юборилган.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 510 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 4 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, сешанба куни 67 кишида пневмония қайд этилди, 2 нафар пневмония бемори вафот этди.
Октябрь ойининг биринчи кунларида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати аста-секин кечаси + 3 … + 8 даражагача, кундузи + 12 … + 17 даражагача пасаяди. Шимолда кечаси нолгача пасайиши кутилмоқда. Шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг