Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов агентлик ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишда дуч келаётган тўсиқлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, агентликнинг хатига вақтида жавоб бермаслик ёки коррупцион омил ҳақидаги тақдимномага «бошқача муносабатда» бўлиш ҳолатлари учрайди. «Тақдимномамизга адекват реакция билдирилмаса, жавобгарликка тортиш бўйича таклиф киритганмиз… Лекин айрим идора ва вазирликлар ҳали ҳам агентликни тан олгиси келмайди», — дейди у.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия «Ҳарб-Майдон» полигонида қўшма машқларни муваффақиятли якунлади. Авиация, разведка, ўт ўчириш мажмуалари ҳамда ҳаво десантли ҳужум кучлари иштирокида турлараро қўшинлардан фойдаланиш биринчи марта намойиш этилди.
Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳасида 415 мингдан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу янги тадбиркорлик субъектлари ва туну кун ишлайдиган савдо-кўнгилочар кўчалар ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилиш, биринчи қават ва ертўлаларни ижарага бериш орқали амалга оширилади.
Муфтий Усмонхон Алимов ўпка пневмонияси ва қон-томир касалликларидан даво муолажаларини ҳануз Москвада олаётгани маълум қилинди. «Айни кунларда ҳазратнинг ҳолатлари барқарор», — дейилади хабарда.
Долларнинг расмий курси 11,97 сўмга кўтарилди ва жами 10 672,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам бироз кўтарилди.
Ҳурмат Матрасулов Хоразм вилоятининг Хива туманига, Зафат Эргашев Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Гидрометеорология хизмати 13−16 август кунлари Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирди. ФВВ аҳолидан эҳтиёт чораларини кўришни ва нохуш вазиятлар вужудга келганда, вазирликнинг «1050» қисқа рақамига мурожаат этишни сўради.
Олий Мажлис сенати раиси Танзила Нарбаева Токио-2020 олимпия ўйинларидаги спортчиларга бағишланган муралларни қўллаб-қувватлади. «Санъатни қўллаб-қувватлаш зарур. Стрит-арт ва паблик-арт каби замонавий йўналишлари ижодкор ёшларимиз қўлида шаҳар муҳитига ўзгача тароват берувчи воситага айланиб бормоқда», — деди у.
Адлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш борасидаги барча маълумотлар жойлаштириладиган очиқ платформани ишга туширишни таклиф қилди. Унинг ёрдамида йўл инфратузилмасига йўналтирилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш ва йўллардаги носозликлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлади.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев хитой-ўзбек вакцинасининг иккита дозаси билан эмланган. Кейинроқ вилоят раҳбари «Спутник V» вакцинасини ҳам қабул қилганлиги маълум бўлди. Бунга унда антитаначалар кўтарилмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча хил вакцина билан эмланишда ножўя таъсирлар хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириб, фуқаролардан «ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини» сўраган эди.
Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Абдулазиз Камилов COVID-19 га қарши тўли эмланган. Вазир айнан қайси вакцинани олганлиги маълум қилинмади.
Тошкент шаҳрида ZF-UZ VAC2001 вакцинасининг 186 дозасини 27 млн 750 минг сўмга сотишга уринган аёл киши қўлга олинди. У препаратларни Яккасарой туманидаги оилавий поликлиникалардан бирининг катта ҳамширасидан олган.
Шерзод Aшуров Ғиждувон тумани, Сайдимқул Бегимқулов Гулистон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Президент фармони билан бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) институти таъсис этилди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари лавозими тугатилди.
Чоршанба куни Ўзбекистонда 925 нафар кишида COVID-19 инфекцияси аниқланиб, 8 нафар бемор вафот этди. 493 нафар кишида пневмония аниқланди.
Стэнфорд университети профессори Фрэнсис Фукуяма «Hoshimov Iqtisodiyoti» лойиҳасининг меҳмони бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши, Марказий Осиё давлатлари тараққиётига нима тўсиқ бўлиши, иқтисодий ўсиш ва демократия ўртасидаги боғлиқлик, тараққиёт учун зарур омиллар ҳақида фикр билдирди. «Газета.uz» ушбу суҳбатдан айрим қисмларини тақдим этади.
Марказий банк 2021 йилнинг биринчи ярмида ипотека бозоридаги вазият юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, охирги йилда ипотека кредитлари бўйича қолдиқлар 25,2 фоизга — 30,8 трлн сўмга қадар ошди, муаммоли ипотека кредитлари қолдиқлари ҳам 4 баробардан кўпроққа ўсиб, 480 млрд сўмга етди. Ҳар олтинчи квартира ипотека асосида сотиб олинмоқда. Иккиламчи бозорда ипотека кредитлари кескин кўпайди.
1,7 миллион сурхондарёликни ичимлик суви билан таъминлаш учун «Тўпаланг» сув омборидан магистрал қувур ётқизиш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 138 млн долларга баҳоланмоқда, қувурлар узунлиги — 361 км.
«Челси» клуби Европ Суперкубогида «Вильярреал» жамоасига қарши баҳсда пенальтилар сериясида ғалаба қозонди ва чемпион бўлди (фото).
Германияда темир йўлларидаги иш ташлаш туфайли қатновларнинг 75 фоизи бекор қилингани, Жазоирда ўрмон ёнғинлари оқибатида 40 дан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани, Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг