Тошкентда ўқитувчи ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушук улоқтирди. Оқибатда мушук кўплаб жароҳатлар туфайли нобуд бўлди. Суд ўқитувчини БҲМнинг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида жаримага тортди.
Ўзбекистон давлат консерваториясида Давлат симфоник оркестрининг 10 йиллигига бағишланган фестиваль бўлиб ўтади. Дастурдан Густав Малер, Эдвард Григ ва бошқа бастакорларнинг асарларидан иборат концертлар ўрин олган бўлиб, унда маҳаллий ва хорижий яккахонлар иштирок этади.
Президентга олиб кирилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид тақдимотга кўра, халқаро тан олинадиган лабораторияларни кўпайтириш, 10 та янгисини ташкил қилиш, соҳадаги қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни буюрди.
Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) тадқиқотига кўра, сўнгги ярим асрда сайёрадаги ёввойи ҳайвонларнинг сони 73 фоизга камайди. Ёввойи табиат учун асосий таҳдидлар инсон фаолияти натижасида яшаш муҳитининг деградацияси ва йўқолишидир.
Сентябрда Тошкентда уй-жойлар учун ижара нархларининг ошиши давом этди. Пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари августга нисбатан 2,8 фоизга, тўлиқ таъмирланган хонадонларники эса 1,4 фоизга ошди.
Шаҳрисабз туманидаги «Пахтакор» МФЙ раиси Telegram`даги гуруҳда ишсиз фуқароларни пахта теришга чақириб, келмаганларга бола пули берилмаслигини айтди. Ҳолат бўйича маҳалла раисига чора кўрилди, у фуқароларни мажбурий меҳнатга ундагани учун 18,7 млн сўм жаримага тортилди.
16−17 октябрь кунлари Тошкентда биринчи Марказий Осиё университетлари форуми бўлиб ўтади. 200 дан ортиқ делегатлар олий таълимнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади. Форум арафасида таниқли олимлар, жумладан, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Жан Тиролнинг маърузаси режалаштирилмоқда.
Адабиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Гангга тарихий жароҳатларга қарши курашадиган ва инсон ҳаётининг нозиклигини очиб берадиган таъсирли шеърий насри учун берилди.
11 ва 13−14 октябрь кунлари республиканинг тўртта вилоятидаги тоғли ҳудудларда кутилаётган ёмғирлар сабабли сел-сув тошқинлари юз бериши мумкин.
Ўзбекистонда парламент сайлови олдидан 4 октябрь куни навбатдаги теледебат бўлиб ўтди. Унда партия вакиллари иштирок этиб, ўз дастурлари ҳақида сўзлади, сайловчилардан келган ҳамда рақиблари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди. Дебат қандай ўтгани ҳақида ушбу мақолада танишишингиз мумкин.
Футбол бўйича Ўзбекистон ва Эрон учрашуви сабаб соат 22:00 гача Тошкентнинг Чилонзор, Чўпонота ва Бунёдкор кўчасининг бир қисмида транспорт ҳаракати чекланади.
Наманганда Gentra автомашинасини ижарага олган 5 нафар ўқувчи катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашганди. Улардан 3 нафари вафот этди. Бу йил бошидан буён шаҳарда машина ижарага олган ўқувчилар иштирокида содир бўлган тўртинчи ЙТҲ бўлди, деб ёзади Kun.uz.
«Док-1 Макс» иши жабрланувчилари фойдасига жами 75,6 млрд сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳақида суд қарори чиққанди. Ҳозиргача 2,5 млрд сўм тўланган, аммо қолган сумма тақдири мавҳум. Жабрланувчиларнинг ота-оналари бундан норози; улар тўлиқ сумма тезроқ ундирилишини сўрамоқда.
«Газета.uz» Ўзбекистон футбол терма жамоасининг Париж ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган «Кўринмас медаль» номли илк ҳужжатли фильмини тайёрламоқда. Фильмни премьерадан сўнг нашр саҳифаларида томоша қилиш мумкин бўлади.
Тармоқларда Sardor gangster тахаллуси билан чиқишлар қилган блогернинг хотини қиз туғса, фарзандини чиқиндига ташлаб юборишини айтган видеоси тарқалди. Блогер танқидга учраганидан сўнг узр сўради. Унга хотин-қизлар қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлагани учун жиноий иш очилди.
Тошкент шаҳар ИИББ футбол мухлисларини Ўзбекистон-Эрон терма жамоаларининг «Бунёдкор» стадионида бўладиган учрашувига эртароқ келиш ва жамоат тартибини сақлашга чақирди. ЎФА мухлисларга майдонга тушиш қатъиян ман этилганини эслатди.
Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига 3042 киши бевақт вафот этмоқда. Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилишича, аҳоли саломатлигига етказилаётган зарар 488,4 млн долларга баҳоланмоқда. Пойтахт аҳолисининг 83 фоизи ҳавоси юқори даражада ифлосланган ҳудудларда истиқомат қилади.
Янги Бухоро халқаро аэропортини қуриш учун 307 (айрим маълумотларга кўра, 380) гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилмоқда. Мажмуа шаҳар марказидан 26 км узоқликда жойлашади.
Президент фармони билан Аброр Мирзо Олимов Марказий банк раиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар МБда департамент директори лавозимида фаолият юритган. Аввалги ўринбосар Шайхонтоҳур тумани ҳокими бўлганди.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов президент шаҳардаги ҳар бир туманнинг бош режаларини ишлаб чиқиш таклифини берганини маълум қилди. Шунингдек, Тошкентда архитекторлар тайёрлаш учун шаҳарсозлик институти, тирбандликларни бартараф этиш бўйича Йўлларни бошқариш департаменти ташкил этиш режаси айтилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг