5 июль куни соат 10:00 да UzAuto Motors белгиланган муддатда тўлов қилинмагани туфайли аввалги контрактациядан чиқарилган Cobalt автомобиллари контрактациясини қайта очади.
2017 йилда жорий этилган тиббий техника ва рецептсиз бериладиган дориларга нисбатан нарх чеклови бекор қилинади. Ҳозир чекланган устама дистрибьюторларга 15%, дорихоналарга 20% ни ташкил этади, у фақат рецепт бўйича бериладиган дорилар учун қолади. Шунингдек, фармкорхоналар ҚҚС тўловчига айланади.
Сергели туманида ўзаро таниш бўлган фуқаролар оғзаки келишмовчилик сабаб жанжаллашди. Тармоқлардаги видеода воқеа иштирокчиларидан бири автомобилни одамлар устига ҳайдагани акс этган. Оқибатда 5 киши жароҳат олди, ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, гумонланувчилар ушланди.
Бухорода тўйи бўлган вояга етмаганларнинг ота-оналари жаримага тортилди. Болалар омбудсмани никоҳ ёши талабининг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зидлигини айтди. Йил бошидан буён судлар томонидан бу бўйича 125 га яқин иш кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитидаги нутқида «Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик» кодекси, ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ҳамкорликнинг «йўл харитаси»ни қабул қилиш, савдони соддалаштириш битимини ишлаб чиқишни таклиф қилди. «ШҲТ-Афғонистон» мулоқотини тиклаш муҳимлиги таъкидланди.
Хўжанддан Душанбе шаҳри томон ҳаракатланган Nexia 2 автомобили юк машинаси билан тўқнашди. Оқибатда уч нафар ўзбекистонлик фуқаро — машина ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди.
Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 10-тўлақонли аъзосига айланди. Қарор ШҲТнинг Остонадаги саммитида маъқулланди.
Ўзбекистоннинг Париж-2024 Олимпия ўйинларига борадиган таркибидан 23 нафар футболчи жой олди, уларнинг сони биттага камайиши мумкин. Шунингдек, таркибда 3 нафар 23 ёшдан катта футболчи — Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқуловлар бор.
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонда диний йиғиндаги тиқилинч оқибатида 120 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакат президенти ва бош вазирига таъзия йўллади.
Умра тадбирларини ташкил этиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Лицензияни олиш учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида бож тўлаш керак. Умра тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияни қалбакилаштириш БҲМнинг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.
Ўзбекистон Қирғизистоннинг селдан зарар кўрган Ўш вилояти учун 95 тоннали инсонпарварлик ёрдамини юборди. Унинг таркибида ун, ўсимлик мойи, шакар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар бор. Сел оқибатида ҳудудда бир неча киши вафот этганди.
«Давлат белгиси» ДУК томонидан эсдалик тангалари ва сувенир тўпламлари дизайнларининг танлови эълон қилинди. Комиссия дизайн лойиҳаларини ўрганиб чиқиб, 15 та ғолибни танлаб олади. 1-ўрин учун 20 млн, 2-ўрин учун 15 млн, 3-ўрин учун 10 млн ва 4−15 ўринларга 3 млн сўмдан мукофот пули берилади.
«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсуми 6 июлдан бошланади. Лойиҳаларни 26 июлга қадар киритиш мумкин. Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Президент фармони билан, Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилди. Унинг тузилмасидаги ташкилотлар ва қўшимча функциялар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилди.
Андижон вилояти прокурори сифатида ишлаб келаётган Маруфхон Ходжаев «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг янги раҳбари бўлди. Компания очилганидан буён унга Баҳодир Эшмуратов раислик қилиб келаётганди.
«Ўзбекнефтгаз» UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводини Данияр Камилов компаниясига 519 млрд сўмга (42,3 млн доллар) сотган бўлиши мумкин. Давактив ва «Ўзбекнефтгаз» ҳалигача келишув тафсилотлари ҳақида маълумот бермади.
Покистон ва Хитой раҳбарлари билан учрашган Мирзиёев, сув босган Юнусобод кўчалари, «Док-1 Макс» иши бўйича ўзгаришсиз қолдирилган ҳукм, Озодбек Назарбеков иштирокидаги реклама ролиги ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Жо Байденнинг Дональд Трамп билан дебатдаги муваффақиятсиз чиқиши Демократик партия ичида ваҳима ва унинг номзодини алмаштириш ҳақидаги гап-сўзларга сабаб бўлди. АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис энг яхши альтернатив ҳисобланяпти, деб ёзди Reuters.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида сув қувуридаги аварияни бартараф этиш ишлари якунланди. Сув таъминоти тикланди. Ертўлаларда намлик борлиги учун электр ҳозирча уланмаган.
Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, апрель-май ойларида Ўзбекистон хорижга олтин сотишни сезиларли даражада қисқартирган. Февраль-март ойларида 23 тонна олтин экспорт қилинган бўлса, апрель-майда кўрсаткич 1 тоннани ташкил этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг