Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етганини маълум қилди. Якунланган йилда хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, 34,9 млрд долларни ташкил қилган, экспорт илк бор 27 млрд долларга чиққан.
Эстониянинг Bolt такси ва етказиб бериш хизмати Ўзбекистон бозорини ўрганмоқда. Компания вакили Юлия Малич Bolt учун ушбу минтақа устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ўз навбатида, IT Park бэк-офисни очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
АҚШ президенти Жо Байден хайрлашув нутқида мамлакатда Америка демократиясига таҳдид солаётган олигархия шаклланаётганини маълум қилди. У, шунингдек, «ҳеч бир президент» лавозимда содир этилган жиноятларда жавобгарликдан соқит бўлмаслиги учун АҚШ конституциясини ўзгартиришга чақирди.
Чилонзор туманида фуқарони 40 минг доллар эвазига АҚШга ишлаш учун юборишни ваъда қилган шахс ушланди. Унга нисбатан жиноий иш очилди.
Туркиянинг IC İçtaş İnşaat компанияси Ўзбекистондаги пулли автомобиль йўллари қурилишида иштирок этмоқчи. Бу борада Автомобиль йўллари қўмитаси билан англашув меморандуми имзоланди. Лойиҳани 2027−2030 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш схемаси тасдиқланди. Қарор билан, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш тартиби соддалаштирилди.
Туркияда қалбаки алкоголдан заҳарланиш оқибатида вафот этган ўзбекистонликлар сони ошди. Истанбулдаги бош консулхона 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, аммо кейинроқ сўнгги қурбон ҳақидаги хабар ўчириб ташланди.
Тошкент шаҳридаги автобусда 2012 йилда туғилган қизга шилқимлик қилган кондукторга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 43 ёшли эркак судда қизнинг бошидан ўпмоқчи бўлганини айтган.
Омбудсман томонидан аниқланган қатор камчиликлар сабабли Қарши туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди. Унда сақланаётган шахслар таъмирланган Касби туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилди. Хатоларни бартараф этиш бўйича ИИВга тақдимнома киритилди.
Исроил ва ҲАМАСнинг ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик маҳбуслар эвазига исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга бағишланган келишуви уч босқичда амалга оширилиши кутилмоқда. 19 январдан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади.
Уч ўқишда қабул қилинган маҳалла раиси ваколат муддатини узайтириш қонуни, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, 2024 йилда энг кўп солиқ тўлаган корхоналар рўйхати, сулҳ келишувига эришган Исроил ҳамда ҲАМАС ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ургутлик фуқаро Тожикистонлик шериги билан биргаликда Ўзбекистонга 20 кг 747 грамм опий олиб кирмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Суд уларни 16 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Тергов жараёнида маълум бўлган ургутлик шерик ҳам 16 йилга қамалди.
Октябрь ойи охирида суд Россия томонида Украинага қарши курашган ўзбекистонликни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. 19 кундан кейин апелляция суди соғлиғи ва айбига иқрорлигини инобатга олиб, уни озод қилди. Суд қарорида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловдан иқтибос келтирилган.
Шавкат Мирзиёев БАА бош вазири билан учрашувда бошқарув кадрларини тайёрлаш, рақамлаштириш, сунъий интеллект соҳаларида яқиндан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди. У Дубайнинг илғор ечимларини Ўзбекистон шаҳарсозлик соҳасига, жумладан, Янги Тошкентда жорий этишга қизиқиш билдирди.
Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу Яқин Шарқни остин-устун қилган 15 ойлик урушнинг эҳтимолий якунига йўл очиши мумкин. Томонлар маҳбусларни тез орада озод қилиши кутилмоқда.
Қонунчилик палатаси жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланганлик учун жазони назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Ҳуқуқбузарликлар учун 1,12 млн ва 1,87 млн сўм жарима солиш таклиф қилинганди, бироқ депутатлар бу миқдорларни камайтиришга қарор қилди.
Қозоғистонда коррупционерларга оид ошкора реестр пайдо бўлади. Унга оғир ва ўта оғир коррупцияга оид жиноятларни содир этганлик учун судланган шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Ўзбекистон халқаро аэропортлари 2024 йилда 13,5 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди. Бу 2023 йилга нисбатан 30% га кўп. Хизмат кўрсатилган рейслар сони 33% га ошиб, 113,6 мингтага етди.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида канализациядаги чиқиндиларни тозалаш мақсадида тушган 2 нафар ходим ундан чиқолмай қолди. Қудуқ ичида сув кўпайиб кетган ва улардан бирининг тоби қочган. ФВВ қутқарувчилари ишчиларни олиб чиқди ва шифохонага жойлаштирди.
Қонунчилик палатаси фуқароларга ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилди. Бепул бўладиган хизмат мижознинг розилигисиз кредит олиш ёки пулли операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклашга мўлжалланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг