Қисқа муддатли таътилга чиққан президент, 1 февралдан яна ошадиган поезд чипталари нархи, хусусийлаштирилиши кечиктирилаётган учта давлат банки, ССВнинг метапневмовирус бўйича баёноти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Наманганда фуқаро ва унинг онасини Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига юбориш эвазига 10 минг доллар олган шахс қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ яна 4 та ҳолатни аниқлади.
Душанба куни Навоий вилояти Томди туманида 3,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Нью Йоркнинг марказий кўчаларида тиғиз вақтларда йўл ҳақи тўлаш жорий этилди. Ҳали АҚШнинг ҳеч бир шаҳрида бундай қоида киритилмаганди. Манҳеттенга кириш нархи — кунига 9 доллар. Шаҳар ҳукумати шу тариқа тирбандликка қарши курашмоқчи ва жамоат транспортини ривожлантириш учун маблағ йиғмоқчи.
5 январь куни Лос-Анжелесда «Олтин глобус»нинг 82-мукофот топшириш маросими бўлиб ўтди. «Бруталист» ва «Эмилия Перес» энг яхши фильм деб топилган бўлса, «Сёгун» ҳамда «Уддабуронликлар» энг яхши сериал бўлди. Деми Мур «Субстанция» фильмидаги ижроси учун энг яхши актриса совринини қўлга киритди.
Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, жумладан, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, мосламаларни республика ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқишга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокатга учрашига «Россия Федерацияси вакиллари» айбдор эканини айтди. У Россиядан айбдорларни жазолашни ҳамда «инсоний хулқ-атвор»ни талаб қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 январдан қисқа муддатли таътилга чиқди.
Фарғонада энага зинадан йиқилиб тушган икки ёшли қарамоғидаги қизчани касалхонага олиб бормади. Бола оғир жароҳат олган. Хавф остида қолдириш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Айиқ билан машғулот ўтказган боксчи Шаҳрам Ғиёсов 1 млн 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Спортчи ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб узр суради. Экология вазирлиги жонивор Фарғона ҳайвонот боғига топширилганини билдирди.
Денов туманида юпун кийинган ўқувчилар маданият бўлими топшириғи билан совуқ об-ҳавода кўприк очилишига жалб қилинди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Маданият вазирлигига тақдимнома киритди. Мактаб директорларига «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди.
Тармоқларда Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарлар асоссиз эканини қайд этиб, ҳолатга изоҳ берди.
ҲАМАС ўз қўшинларини Ғазо ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаш эвазига 34 нафар исроилликни озод қилишга розилигини билдирди. ОАВ маълумотларига кўра, ўтган ҳафта Қатарда томонлар келишув бўйича музокараларни қайта тиклаган.
Андижоннинг Марҳамат туманидаги хонадонда газ чақнади. Оқибатда бир оиланинг тўрт аъзоси турли даражада тан жароҳати олди, улардан бири вафот этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Алоқабанк»ни хусусийлаштириш яна кейинроққа қолдирилди. Мамлакатнинг бу йирик давлат банклари акциялари 2025 йилда сотилиши режалаштирилмоқда.
1 февралдан маҳаллий йўналишлардаги ётоқли поездлар чипталари ҳам қимматлайди. Билетлар нархи 10,5 фоизга ошади. Аввалроқ тезюрар поездларда ҳам нарх ошиши ҳақида хабар берилганди.
Сурхондарё вилоятида автомактабларга лицензия берилмаяпти. Автодромларга қўйилган янги талаблар сабаб номзодларни имтиҳонлардан ўтказиш ишлари тўхтатилган. Шу муносабат билан ЙҲХХга сенатор сўрови юборилди. Аввалроқ «Газета.uz» бу муаммо бошқа ҳудудларда ҳам бор эканини ёзганди.
7 январда Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво кириб келади, кўплаб ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳафта давомида кундузги ҳарорат +5…+8 дан 0…-3 гача ўзгариб туради.
Бухоронинг Жондор туманида яшовчи 17 ёшли йигит 17 млрд сўмлик (1,3 млн доллар) криптоактивларнинг ноқонуний айланмасида гумонланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Йигит айбига иқрор бўлгани ва терговга ёрдам бергани учун жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.
Ўзбекистоннинг айрим банкларида АҚШ долларининг сотув курси 13 000 ва ундан юқори этиб белгиланди. Сотиб олиш курси эса 12 940 сўмгача кўтарилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг