Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бурханов коррупция ҳолати ҳақида хабар берган фуқаролар, шу жумладан журналистларни ҳимоя қилиш учун янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. «Замон журналистларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни талаб этяпти», — деди у.
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Silk Avia`нинг Uzbekistan Airways таркибига ўтишига изоҳ берар экан, Uzbekistan Airports авиация билан шуғулланмаслиги керак бўлгани, буни барча экспертлар таъкидлаганини айтди. Аввалроқ у ҳудудий авиация ишга тушганини «узоқ кутилган лойиҳа» деб атаганди.
Октябрда Тошкентда автобуслар йўловчиларга 25 млн мартадан ортиқ хизмат кўрсатди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоиз ёки қарийб 9,4 млн нафарга кўп демакдир. Шу билан бирга, йўналишларга чиқарилган автобуслар сони ҳам ошган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Ўзбекистоннинг «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газ омборлари 98 фоизга тўлган. Об-ҳаво илиқ бўлгани сабабли улардан газ олиш ҳозирча бошланмаган. Энергетика вазири аввалроқ кунлик газ олиш қуввати 18−20 млн кубометрдан 30 млн гача оширилишини таъкидлаган эди.
Электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш, шамол ва гидроэнергетика улушини ошириш режаларига қарамай, Ўзбекистон «газдан воз кечмайди», деди Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Унга кўра, мамлакат газдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришни деярли 2 баравар оширишни режалаштирмоқда.
Италия президенти Сержио Маттарелла 9−11 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Рим учун Тошкент билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Европа ва Узоқ Шарқ, Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик мавқейи сабаб алоҳида аҳамиятлидир, дея қайд этади Agenzia Nova агентлиги.
7 октябрдан бери Ғазо секторидаги жангларда БМТ Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг (UNRWA) 88 нафар ходими ҳалок бўлди. «Орадан 30 кун ўтди. Етар. Бу ҳозироқ тўхтатилиши керак», — дейилади ташкилот баёнотида.
2024 йил 1 июлдан Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимлари хусусий секторга ўтказилади. Сув таъминоти хизматлари учун тарифлар ишлаб чиқариш таннархига ва бошқа мажбурий тўловларга киритилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
8−9 ноябрь кунлари кучли ёмғирлар ёғиши кутилаётгани сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел-сув тошқини ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Ўзбекистонда октябрь ойида АЁҚШларда 6 млн 105 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинди.
Пойтахтнинг Миробод туманида Matiz автомобили ёниб кетди. Ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган, жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.
АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу шу ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюради ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотида иштирок этади. У Қозоғистон ва Ҳиндистонга ҳам боради.
Оқдарё туманида фуқарони 20 минг доллар эвазига АҚШга юбормоқчи бўлган шахслар ушланди. Улар олдиндан 15 минг доллар олган вақтида қўлга тушди.
«Док-1 Макс» сиропидан болалар ўлаётгани ҳақида биринчи хабар берган Самарқанд Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов судда кўрсатма берди. Адвокат саволига жавобан мутахассис сиропдан вафот этганлар рўйхатида 66-ўлим ҳам борлигини таъкидлади.
Ташаббусли бюджет лойиҳасида 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларга 2024 йил учун мўлжалланган давлат бюджетидан маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.
Чоршанба куни Ўзбекистонга нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади. 8−9 ноябрда ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат кундузи +13…+18, кечаси +3…+6 даражагача пасаяди. Жума куни ҳаво бироз исиб, ёғингарчилик кузатилмайди.
Тошкентда 8−9 ноябрь кунлари Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити ўтказилади. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Туркия ва бошқа давлатларнинг мамлакат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга электромобиллар импорти 22,5 мингтага етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробардан қўпдир. Етказиб бериш миқдори 582 млн доллардан ошди.
Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда геология-қидирув ва уран қазиб олиш ишларига 500 млн долларгача сармоя киритади. Навоий вилоятидаги иккита ҳудудда қидирув ишлари олиб борилади. Эммануэль Макроннинг мамлакатга ташрифида ҳам бу масалалар кўрилганди.
Ботаника боғлари катта, кўп ва молиявий бақувват бўлиши, уларни нафақат давлат, балки ҳомийлар ҳам қўллаши керак. Айни вақтда, улар велосипед училадиган парк эмас, балки шаҳарликларни табиатга яқинлаштирувчи яшил мактабдир, деб ҳисоблайди хориждаги табиатсевар ўзбекистонликлар.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг