Mirabad Avenue турар жой мажмуасидаги Fashion-хиёбонда 4 ноябрь куни Brioni бутигининг очилиши бўлиб ўтди. Тошкентдаги бутик тайёр кийим ва аксессуарларни, шунингдек, Bespoke хизматини таклиф этмоқда.
8 ноябрдан бошлаб Тошкент−Хўжакент−Тошкент йўналишдаги электропоездлар ҳаракати номаълум муддатга тўхтатилди.
Ўтган октябрь ойи рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлди. Олимларнинг таъкидлашича, 2023 йил ҳам тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон давлат қарзи 1 июль ҳолатига кўра 31,5 млрд АҚШ долларни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этди. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг давлат қарзини «мўътадил» дея баҳолаган.
Jizzax Auto заводи Соғлиқни сақлаш вазирлигига тез ёрдам автомобилларининнг навбатдаги партиясини — 108 та Volkswagen Caddy машинасини топширди. Режалаштирилган 1000 дона автомобилдан 700 таси республика тез тиббий ёрдам хизмати эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқда, дейилади «Ўзавтосаноат» хабарида.
Аграр ОТМлар тасарруфидаги академик лицейни тамомлаганларни 2024/2025 ўқув йилидан кириш имтиҳонларисиз, суҳбат орқали тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш таклиф этилмоқда. Бунда талабгорнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиздан юқори бўлиши керак.
Тошкент вилоятидаги «Дархон» илмий-тажриба станцияси (дендропарк)да ноқонуний қурилган биноларни суд қарори асосида бузиш бошланди. Аввалроқ ҳудудда дарахтлар нобуд қилингани, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидалари бузилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилганди.
Президент фармонига кўра, вазирликлар, Бош прокуратура ва Олий суд 2024 йил 1 январгача ўзларига бириктирилган соҳа ва тармоқлар кесимида қонуности ҳужжатларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича Адлия вазирлигига таклиф киритади.
Амирсаид Аъзамхўжаев Ўзбекистоннинг Польшадаги янги элчиси бўлди. У шу пайтга қадар Истанбулдаги бош консулликка раҳбарлик қилиб келаётганди.
Қўқон шаҳрида китобхон икки ёш ўз никоҳ тўйини «Амири» кутубхонасида ўтказди. «Бўлажак турмуш ўртоғимни шу кутубхонада учратганман», — дейди куёв. Тадбирда шаҳар ҳокими ҳам иштирок этди.
Бухоро аэропортида фуқаро 96 дона қадимий тангани Россияга олиб чиқиб кетишининг олди олинди. Ҳолат юзасидан бадиий экспертиза ва терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
UzAuto Motors бир харидорга 10 талаб шартнома берилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб, шартнома тузиш билан боғлиқ бошқа «тасдиқланмаган ва провокацион» хабарларга изоҳ берди. Компаниянинг фикрича, бу гап-сўзлар мижозлар орасида шов-шув кўтариш мақсадида тарқатилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатарнинг собиқ бош вазири Ҳамад бин Жассим Ол Соний Бухоро ва Тошкентда қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль ва темир йўллар инфратузилмасини барпо этиш масаласини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШ билан маданий қимматликлар бўйича шартнома имзолади. Бу ўғирланган артефактларнинг АҚШга олиб кирилишини чеклайди ва уларни ўз мамлакатига қайтариш жараёнини осонлаштиради.
Бундан 46 йил аввал Тошкент метроси 9 та бекат билан ишга тушган эди. Ҳозир станциялар сони 48 та. Улардан 13 тасининг номи 1991−2018 йиллар оралиғида ўзгартирилган. Баъзи бекатлар бу жараённи ҳатто бир неча бор бошдан ўтказган. «Газета.uz» шу мавзуда тест тайёрлади.
ЎЗбекистон Марказий банки юридик шахслар учун чет эл валютасини сотиб олиш шартларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Валюта сотиб олишда зарур бўладиган ҳужжатлар сони ортиши, норезидентлардан миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини таъминлаш ва бошқалар талаб қилиниши мумкин.
IQAir индексига кўра, Тошкент ҳавоси сўнгги бир ой ичида 4 кун «носоғлом», 10 кун «таъсирчан гуруҳлар учун носоғлом» дея қайд этилди. Пойтахтда ой давомида фақат бир кун «яхши» даражадаги ҳаво кузатилди. Тошкент айни дамда дунёнинг бешинчи энг ифлосланган шаҳри бўлиб турибди.
Taftish.uz интернет нашри собиқ раҳбари Ғайрат Абераев фирибгарлик, хусусан, фуқароларни алдаш орқали жами 33,3 минг долларни талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Глобал таъминот занжирларининг беқарорлашуви ва жаҳон бозоридаги волатиллик шароитида ИҲТ давлатлари ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Бунга савдо, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг минтақавийлашуви ёрдам бермоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz» билан интервьюсида.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йил якунига қадар Ўзбекистонда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Ҳозиргача 1 миллион 200 минг камбағал оила рўйхати шакллантирилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг