24−25 октябрь кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кўтарилиб, +22…+25 даражагача исийди. Аммо пайшанба куни Волгабўйидан нам ҳавонинг янги қисми кириб келиб, айрим ҳудудларда яна ёмғир ёғади, ҳарорат +15…+20 даражагача пасаяди.
Тошкентдаги 160-мактаб ўқитувчилари асоссиз текширувлар ортидан мактаб директори ишдан бўшатилганини айтиб, президентга мурожаат қилди. Мактаб таълими бошқармаси таълим-тарбия жараёни сифати кескин пасайгани ва текширувлар прокуратура томонидан ўтказилганини қайд этди.
Навоий вилоятида давлат манфаатларига 24,4 млрд сўмдан зиёд зарар келтирган ноқонуний майнинг ферма аниқланди.
Навойи вилояти ҳокими ўринбосари Бекзод Бобомуродов Қизилтепа туманига, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Умиджон Адизов Хатирчи туманига ҳокими этиб тайинланди.
Президент Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимни тасдиқлади.
«Ўзнэргоинспекция» Қорақалпоғистондаги «Тахиатош нефть базаси»да дизель ёнилғисида 8,2 млрд сўмлик камомадни аниқланди.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида олтита автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди, ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев «ҳар бир сўмни жуда тежамкорлик, ақл билан ишлатиш» ҳамда бюджет тақчиллиги ошишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлади, деди иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. 2024 йилдан бошлаб кредитлар тўлиқ инфратузилмага эга тадбиркорларга берилади.
Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 20 та юк машинасидан иборат биринчи карвон етиб борди. Қоҳирадаги саммитда БМТ раҳбари чекловсиз ва узлуксиз инсонпарварлик ёрдами етказишга, шунингдек, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.
23−24 октябрь кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги маъмури Саманта Пауэр Ўзбекистонда бўлади. У Марказий Осиёда минтақавий алоқалар бўйича биринчи С5+1 вазирлар конференциясини ўтказади. Учрашув ҳақида Нью-Йоркда бўлиб ўтган С5+1 саммити чоғида эълон қилинди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати тизимида қарийб 30 йил экскаватор машинисти сифатида ишлаган Ўзбекистон Қаҳрамони Жонсаид Турдиев 69 ёшида вафот этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами билан табриклади. Давлат тилини ривожлантириш бошқа тиллар ва маданиятлар ривожи билан уйғунликда кўриб чиқилишини таъкидлади. Шунингдек, у лотинчадаги алифбони такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини инобатга олиш зарурлигини қайд этди.
«Йўлларда шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди», — деди президент йиғилишда. «Нега президент ташвиш қилиб, ҳаммани „ёндириши“ керак? Нимага депутатлар „ёнмайди“?» — сўради у. Қарийб бир ярим йил аввал ҳам у амалдорларни бундай «фавқулодда ҳолат»га бефарқликда айблаганди.
25 ноябргача MDIS Tashkent`да 2023−2024 ўқув йиллари учун қишки қабул давом этади. Шунингдек, 4,5 — 5,0 баллик IELTS сертификатига эга абитуриентлар интенсив тайёрлов курсларига ёзилишлари мумкин.
20 октябрдан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона туну кун ишлаш режимини тўхтатди. Маъмуриятнинг «Газета.uz»га билдиришича, қарор куз-қиш мавсумида электрни тежаш, тунда ишлаш учун қўшимча штатлар ажратилмагани, шунингдек, фойдаланувчиларни назорат қилиш имкони чеклангани учун қабул қилинган.
Россиялик депутат Михаил Делягинга кўра, ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари учун хусусий мактаблар қуриш таклифи Россия фуқароларига нисбатан «камситиш» ва бу Россиянинг йўқ бўлишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонлик депутатлар бу айбловлар «муносабатларда ҳушёрликка даъват этишини» таъкидлади.
Болалар боғчасига йўлланма олиш учун энди Давлат хизматлари марказига бориш шарт эмас. Йўлланмани шакллантиришда ота-онага боғча раҳбарига кўрсатилиши керак бўлган SMS код юборилади. Бу вақтни ва ҳисоб-китобларга кўра, йилига 6 тонна қоғозни тежайди.
Нонни фақат тандирда эмас, қозонда ҳам ёпиш мумкин. Қовурилган пиёз солиб ёки хамиртурушсиз тайёрласа ҳам бўлади. Zira.uz туркча, ирландча, японча сутли нонларни тайёрлаш усулларини тақдим этади. Рецепт.
Тошкент шаҳрида UNG Petro тармоғидаги («Ўзбекнефтгаз») ёнилғи қуйиш шохобчаларида импорт қилинган Аи-100 бензинини сотиш бошланди. Унинг нархи 1 литри учун 15,8 минг сўмни ташкил этмоқда.
Канада 41 нафар дипломатини дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилиниш хавфи туфайли Ҳиндистондан чақириб олди. Канада бош вазири Канада сикхлар жамоаси етакчисининг ўлдирилишида Ҳиндистон разведка хизматлари иштироки ҳақида маълум қилганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг