Фарғона вилоятида Cobalt автомобилидан Iphone 15 Pro, Iphone 15 Pro Max, Samsung Galaxy S23 Ultra каби 550 га яқин смартфон топилди. Уларнинг тахминий қиймати салкам 5,8 млрд сўмни ташкил этади.
Сентябрь охирида Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада юз берган портлаш оқибатида 1370 та хонадон (илгари 600 га яқин экани айтилганди) ва 246 та уй (25) зарар кўрган. Ҳукумат комиссияси етказилган зарар 14,5 млрд сўмни ташкил этганини билдирди. Мактаб ва болалар боғчаси ҳам зарар кўрган.
Асака тумани ҳокими Бегзод Умматов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Насибилло Мўминов тайинланди.
Сергелидаги портлаш юз берган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар сақлангани аниқланди, дея маълум қилди ҳукумат комиссияси. Портлаш оқибатида жами 14,5 млрд сўм зарар етказилган. Қўзғатилган жиноят иши доирасида 4 кишига «қамоққа олиш», яна бир нафарига «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.
20−25 октябрь кунлари Тошкентдаги Бобур кўчасининг ярми аэропортдан Нукус кўчасигача ёпилади. Шунингдек, 20−22 октябрь кунлари Ботир Зокиров кўчасининг Алишер Навоий ва Ислом Каримов шоҳ кўчалари оралиғидаги ярми ҳам ёпилади.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсди. Президент иштирокидаги йиғилишда йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши камида 5,6 фоиз бўлиши кутилаётгани айтилди. Шавкат Мирзиёев 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Эроннинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Қашқадарё вилоятида фермер 13 йил давомида ноқонуний равишда даласини ичимлик суви билан суғориб келгани аниқланди. Етказилган зарар миқдори 282,7 млн сўмни ташкил этди. У 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, давлатга етказилган зарарни ҳам қоплайди.
Қозоғистонда ғишт заводларида меҳнат қуллигида сақланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ ҳолат Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинди. Ушбу фуқаролар ватанга қайтарилиши, зарур ёрдамлар кўрсатилиб, Ўзбекистонда иш билан таъминланиши билдирилди.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси ижтимоий тармоқларда 1 ноябрдан Ўзбекистонда Аи-80 бензини нархи ошиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Аи-80 бензинини акциз солиғидан озод қилиш муддати 2023 йил 31 декабрда якунига етади.
Қозоғистон 106 турдаги товарнинг Россияга экспортига тақиқ қўйди. Улар урушда ишлатилиши эҳтимоли бўлган товарлар гуруҳи ҳисобланади. Рўйхатда дронлар, микроэлектроника ва бошқалар бор. Украина президенти офиси мамлакатнинг бу қарорига муносабат билдирди.
Тошкент-Андижон йўловчи поездида турк сайёҳи жойини алмаштириш учун вагон кузатувчисига 100 минг сўм бергани ҳақида видео тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» ҳолатни ўрганди, бироқ айбдор ходимни аниқлай олмаганини маълум қилди.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Бухорода Озарбайжон мудофаа вазири Зокир Гасановни қабул қилди. Томонлар 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Навоийдаги Сентоб қишлоғи UNWTO`нинг энг яхши туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди. Номзодлар рўйхатига Ўзбекистондан яна 4 та туризм қишлоғи ҳам киритилганди.
Самарқанд шаҳридаги 20 та мактабда туризм соатлари йўлга қўйилиши мумкин. Улар тажриба тариқасида мактабдан ташқари таълим сифатида жорий қилинади. Кейинчалик соатлар Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзда ўқув дастурларига киритилиши режалаштирилмоқда.
Эрон туризм вазири Эззатоллаҳ Зарғамий Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашувда икки давлат ўртасидаги сайёҳлик визаларини бекор қилиш йўллари изланаётганини маълум қилди.
Қўшкўпир туманида 19-мактаб ўқувчиларини шоли ўримига жалб қилган фермер суд қарори билан 3,3 млн сўм жаримага тортилди. Аввалроқ болаларни мактаб директори мажбурий меҳнатга жалб қилгани айтилганди, бироқ ҳолат ўз тасдиғини топмаган.
Хоразм вилоятида 3 ноябрдан совуқ сув ва оқова хизматлари нархи ошади. Йил охиригача вилоят аҳолисини марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олишни 90 фоизга етказиш, мавжуд сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш режалаштирилган.
Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига Дилшод Рахимов тайинланди.
Қозоғистонда 60 дан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қуллигидан қутқарилиб, вақтинчалик сақлаш маркази ва ҳостелга жойлаштирилди. Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари улар билан учрашди. Фуқаролар паспорти қайтариб берилса, ватанга қайтиши ва иш берувчига эътирози йўқлигини билдирди, дейилади хабарда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг