Мирзиёевнинг дастурини қўллаган АҚШ, ишдан олинган «Темир йўл», «Автойўл», «Сувтаъминот» раҳбарлари ва бошқа амалдорлар, Uzum ва Click бирлашиши ҳақидаги гапларга Рақобат қўмитаси раисининг муносабати, уй балконидан ўзини ташлаб вафот этган ёш йигит ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестидп.
Қозоғистон президенти блогерларни реклама ёрлиғини қўйиш ва даромадларидан солиқ тўлаш мажбуриятини юкловчи қонунни имзолади. Шунингдек, улар сохта хабарлар тарқатгани учун жаримага тортилади.
Суд Telegram-каналига алоқадорликда гумон қилинаётган журналистларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни 18 июль кунига тайинлади. Жабрланганлар ва даъвогарлар орасида Меҳнат вазирлигининг собиқ раҳбари Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳибсдаги собиқ раҳбари ва бошқалар бор.
Экология вазирлиги «Сурхон» қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга тушган морхўрлар, жайра ва тоғ сувсари тасвирларини эълон қилди. Ушбу ҳайвонлар Қизил китобга киритилган.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайлови якунлари бўйича эълон қилган баёнотида мамлакатни демократик ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳамда ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси хулосаларини «эътиборга олиши»ни таъкидлади.
Тошкент вилоятидаги Чотқол давлат биосфера резервати ҳудудида Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Экология вазирликлари томонидан ёнғин ўчирилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин майдони 10 гектардан 20 гектаргача ўрмонни ташкил этади.
Ўзбекистон Инвестиция вазирлигида ҳар бир янги инвесторга ҳамроҳлик қилиш учун «инвестиция менежери» лавозими жорий этилади. Улар бевосита вазирга бўйсунади ва хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, юзага келган масалаларни ҳал қилиб боради.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланганидан кейинги илк нутқида халқнинг юксак ишончини оқлаш учун бор билим, тажриба ва кучини сарфлашини, керак бўлса, бунинг учун жонини ҳам беришга тайёрлигини таъкидлади.
Президент видеоселектор йиғилишида сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари, транспорт вазири ўринбосари, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевни лавозимидан озод этди.
Шавкат Мирзиёев 10 та туман ва 2 та шаҳар ҳокимини инвестиция кўрсаткичи қониқарсизлиги учун ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берди. Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига уларнинг фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон президентининг муддатидан олдин ўтказилган сайловида овоз беришнинг якуний натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05% овоз билан ғалаба қозонди. Робахон Маҳмудова 4,43%, Улуғбек Иноятов 4,02%, Абдушукур Ҳамзаев 3,74% овоз тўплади. Буни Марказий сайлов комиссияси тасдиқлади.
«Газета.uz» Тошкент шаҳридаги 47 та (улар жами 822 та) сайлов участкаси маълумотларини таҳлил қилди. Ғолиб Шавкат Мирзиёев уларда 48,7 фоиздан 96,5 фоизгача овоз тўплади. Айрим участкаларда ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар улуши қолган учта номзоднинг умумий фоизларидан ҳам юқори бўлган.
Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Uzum ва Click компаниялари қўмита рухсатисиз бирлашса, жазога тортилишини маълум қилди. Аввалроқ компаниялар ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берган, кейинроқ эса қўмита ҳали бирлашув бўйича расмий битим тузилмаганини билдирганди.
Сурхондарёдаги банклардан бирида амалиёт ўтаётган икки нафар талаба ўзганинг картасидан 75,7 миллион сўм ўзлаштириб, сўнг шаҳардаги бир нечта банкоматларда юзларини яширган ҳолда пул ечиб олган. Уларнинг иккиси ҳам озодликдан маҳрум этилди.
Самарқанд шаҳрида итлар йўлда кетаётган болакайга ташланди. Воқеага гувоҳ бўлган такси ҳайдовчиси итларни ҳайдаб, болакайга ёрдам берди. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, итларнинг эгаси аниқланган тақдирда унга нисбатан чора кўрилиши маълум қилинди.
Президент қарори ва фармони билан пойтахтдаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Андижонга кўчирилмоқда. Институтга яқин жойда яшовчи аҳоли эса 18 мингга яқин дарахтлар тақдиридан хавотирда. Улар «Газета.uz» билан суҳбатда ҳукуматга мурожаат қилиб, ҳудудни миллий боғга айлантириб беришни сўради.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида урғочи жайрон ва унинг боласини отиб ўлдирган браконьерлар қўлга олинди. Жонивор Қизил китобга киритилган бўлиб, етказилган зарар 33 млн сўмга баҳоланмоқда.
Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» божхона пости олдида 58 ёшли эркак йўлда кетаётган нотаниш шахсга пичоқ билан жароҳат етказди. ППХ ходимларига ҳам қаршилик қилган шахс резина таёқ ёрдамида зарарсизлантирилди. Жароҳатланган эркак касалхонага ётқизилган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга рози бўлди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия раҳбари, Швеция бош вазири ва Европа кенгаши раҳбари билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг буни тасдиқлади.
БААда ўтган Халқаро биология олимпиадасида Ўзбекистондан 2 нафар мактаб ва 1 нафар лицей ўқувчиси бронза медалларини қўлга киритди. Уларга 66 млн сўмдан пул мукофоти берилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг