Газ ва электр нархларининг инфляцияга таъсири, олтин сотишда яна биринчи бўлган Ўзбекистон, муҳофазага олинган мозаикалар рўйхати, Москва парадида қатнашадиган Мирзиёев ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Шавкат Мирзиёев Москвада Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган параднинг фахрий меҳмонлари қаторида бўлади, дея хабар берди Кремль. Парадда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Куба, Лаос ва Гвинея-Бисау давлатлари раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Тадбиркор Диёра Усмонова марҳум Бобур Усмонов (Алишер Усмоновнинг жияни) билан биринчи турмушида бўлган оиладаги зўравонлик ҳақида гапирди. «Зўравонлик тўрт йил давом этган, мия чайқалиши, кўплаб қонлар ва кўкаришлар пайдо бўлганди», — деди у.
Исроил шарқий Рафаҳда жон сақлаётган ўн минглаб ғазоликларни шаҳардаги эҳтимолий ҳарбий амалиётлар фонида гуманитар ҳудудга кўчиб ўтишга чақирди.
Ўзбекистонда январь-апрель ойлари оралиғида давлат бюджети дефицити 25 трлн сўмдан ортиқни ташкил этди. Апрель ойидаги даромад ва харажатлар орасидаги фарқ ой бошига шаклланган қолдиқ ва апрель ойида муомалага чиқарилган Давлат қимматли қоғозлари ҳисобига қопланган.
Марказий банк келгусида фискал интизомга риоя қилиниши ва бюджет харажатларининг йил бошида белгиланган даражалари доирасида амалга оширилиши инфляцияга талаб томондан қўшимча босим шаклланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе жамоанинг U-23 Осиё кубогидаги натижалари ва финалдаги Японияга қарши мағлубият ҳақида гапирди.
Антикоррупция агентлиги кадастр соҳасида коррупциявий жинояти учун судланган шахслар фаолият олиб бораётгани ва такрор жиноятлар содир этаётганини аниқлади. Хусусун, пора бўйича ушланганларнинг 33 нафари аввал ҳам шундай жиноят учун судланган.
Март ойида ҳам Ўзбекистон 11 тонна кўрсаткич билан дунёда энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди. Февралда 12 тонна қимматбаҳо металл сотилганди.
Финляндияда ўқувчилар PISA тестларига тайёрланмайди, PISA таълим сифати бўйича мамлакатдаги умумий вазиятни аниқлашга ёрдам беради, дейди мамлакат вакили. Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси ўтказган конференцияда Ўзбекистон бу борада қайси жиҳатларга эътибор қаратиши кераклиги муҳокама қилинди.
Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларини боғловчи дарёда сел кўприкнинг асос пойдеворини ювиб кетди, оқибатда кўприк қулаб тушди. Йўлда транспорт ҳаракати тўхтаб қолгани айтилди.
Гурлан туманида боғча тарбиячиси болаларга бир неча бор тарсаки туширгани акс этган видео ва болалардан бирининг қўлига игна киргани сурати тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Электр энергияси ва газ нархларининг ошиши инфляцияни қўшимча 2,4 фоиз пунктга оширади, дори воситалари ва айрим коммунал хизматлар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилиниши эса 1 фоиз пунктга оширади, дея хабар қилди МБ. Регулятор бунинг фонида аҳоли реал даромадларининг бироз пасайишини кутмоқда.
III Xалқаро инвестиция форуми доирасида иқтисодиёт соҳасидаги халқаро экспертлар, шунингдек, BI Group компаниясини ўз ичига олган йирик хорижий бизнес вакиллари «арзон» шаҳарларни ривожлантириш бўйича мунозаралар ўтказилди.
9−11 май кунлари тўққизта вилоятнинг тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел-сув тошқинлари юз бериши мумкин. Ўзгидромет аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришни сўради.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 8, 9 май кунлари Тошкент — Қарши — Тошкент йўналишида «Афросиёб» электропоездининг қўшимча ҳаракати йўлга қўйилади.
Марказий банк устав капитали бўйича минимал талабларни бажармагани учун 4 та банкнинг операцияларига чеклов киритди. Бу банкларга 1 апрелдан кредитлар бериш ва депозитлар қабул қилиш тақиқланган. Регулятор «репутацион рисклар» туфайли уларнинг номини ошкор қилмади.
Ўзбекистонда хорижий автомобилларни вақтинча олиб кириш учун йиғим ҳисоблаш тартиби ўзгартирилди. Илгари миқдор автомобилнинг двигатель кучига қараб ҳисобланган бўлса, энди бу учун қатъий белгиланган ставка бўлади.
Шараф Рашидов туманида эр хотинига оғир тан жароҳатлари етказиб, уни ўлдирганликда гумонланмоқда. Аёлнинг қариндошлари айтишича, оилада доимий жанжаллар бўлиб турган. Шу жанжалларнинг бирида марҳумага ҳимоя ордери ҳам берилган бўлган.
Ҳафтанинг биринчи ярмида аксарият ҳудудларда қуруқ об-ҳаво бўлиши, ҳарорат +33 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Пайшанбадан нам ҳаво массалари барча ҳудудларга тарқалади. Ҳарорат +20 даражагача пасайиб, ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг