Туркиянинг Хатай ва Малатя шаҳарларида вайроналар остидан ўзбекистонлик бир аёл ва бир эркак қутқариб олинди. Аввалроқ Қаҳрамонмарашда вайроналар остидан ўзбекистонлик топилгани ҳақида хабар берилганди. Зилзила қурбонлари сони эса 8500 дан ошди.
Ўзбекистон президенти Тошкентда чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини камида 50 фоизга ошириш бўйича топшириқ берди. Ҳозирда бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон президенти 1 апрелгача Тошкентга 1000 та автобус олиб келинишини маълум қилди (аввалроқ 1 мартгача экани айтилганди). Шунингдек, жорий йилда 25 та кўчада жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклар, 20 та кўчада пуллик тўхташ жойлари пайдо бўлади.
Шавкат Мирзиёев пойтахт бош режа тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини айтди. Бундан ташқари, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан фирибгарлик ва товламачилик моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. ИИВ маълумотида унинг бир шахсдан 3800 доллар олгани, бошқа бир шахсдан эса 70 000 доллар сўрагани айтилмоқда. Блогер ҳибсга олинди.
Тармоқларда «Тошкент отчопари» АЖга тегишли отхонада ҳайвонлар очликдан ўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ветеринария қўмитаси 2 бош от нотўғри озиқлантириш оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳолат бўйича тергов олдидан текширув тайинланди.
Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг эркинлаштирилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу чора бир неча йилдан бери кечиктириб келинади.
2022 йилда «Ўзкимёсаноат» ва тармоқдаги корхоналарда коррупцион ҳаракатлар, маблағларнинг талон-торож қилиниши ва қўшиб ёзишлар ҳисобига 28,3 млрд сўмлик зарар етказилди. 57 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви аниқланди. Тизимдаги 28 киши жиноий жавобгарликка тортилди, 25 нафари эса ишдан олинди.
Ўзбекистон қарзни жалб қилиш қимматга тушиши сабабли катта эҳтимол билан биринчи яримйилликда еврооблигациялар чиқармайди, деди Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев. Унга кўра, қарз олиш нархининг ошиши ҳукуматни ортиқча харажатлардан қайтарувчи омил бўлиши мумкин.
2023 йилги давлат дастури лойиҳасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Ёшлик» мис конини ўзлаштириб, 3-мисни бойитиш фабрикасини ишга тушириш режаси муҳокамага қўйилди. Шунингдек, Навоийдаги Пистали конида 4 млн тонна олтин рудасини қайта ишлаш мажмуаси қурилишини якунлаш режа қилиняпти.
Ўзбекистон аҳолиси Туркияда содир бўлган ер силкинишлари ортидан ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қардош мамлакатга ҳамдардлик билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги элчихона олдига гуллар олиб бормоқда.
Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенидаги қурилиш ишлари билан танишди. Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли яқин ойларда ишга тушади. Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Шунингдек, транспорт оқими 12 фоизга камайиши кутилмоқда.
Элликқалъа туманидаги хонадонда газ портлади. Оқибатда бир аёл вафот этди. Воқеа бўйича ўрганиш ишлари бошланди.
Қаҳраманмараш вилоятида зилзила оқибатида бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқароси вайроналар остидан олиб чиқилди. У шифохонага жойлаштирилган ва биринчи ёрдам кўрсатилмоқда.
Самарқандда фуқарони 15 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди. У пулдан уч минг долларини олаётган пайтда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Қораўзак туманида 161 миллион долларлик янги 2 катта инвестициявий лойиҳа, жумладан 50 МВт кучланишга эга қуёш электр станцияси ва 110 МВт кучланишга эга шамол электр станцияси қурилади. Натижада 200 фуқаронинг доимий равишда бандлиги таъминланади.
Қурилиш вазирлиги уйларнинг зилзилага бардошлилигига ким кафолат бериши ҳақида маълумот берди. Ишларнинг сифатига кафолат бериш ва улар лозим даражада бажарилмаган тақдирда, жавобгар этиб пудратчи белгиланган.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади.
Президент фармойиши билан генерал-майор Айбек Саидов Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ва полковник Лутфулло Бузруков Қуролли кучлар бош штаби бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Туркиянинг сўнгги 100 йиллик тарихидаги энг кучли зилзила бу мамлакатда яшовчи ўзбекистонликлар ҳаётига ҳам таъсир қилди. «Уйим кўз олдимда қулади», — дейди улардан бири. «Уйда овқатланиб, машинада тунаяпмиз», — дейди бошқа бир ватандош. «Газета.uz» Туркиядаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг