Иқтисодий тараққиёт вазирлиги шакар нархи ўсишига муносабат билдириб, бунга асосан логистикадаги муаммолар ва ёқилғи нархларининг ўсиши таъсир қилаётганини қайд этди. Шунга қарамасдан, республикада шакар танқислиги мавжуд эмаслиги, йил якунигача етарли даражада захиралар яратилгани таъкидланмоқда.
Гўшт, ўсимлик ёғи ва картошка импорти учун солиқ имтиёзлари туфайли бюджет йўқотиши 1,4 трлн сўмга яқинроқни ташкил этади. Бу йўқотишларни халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан товарлар олиб киришда назарда тутилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқлар йиғимларини кўпайтириш ҳисобига қоплаш режалаштирилмоқда.
Президент Антимонополия қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қўшимча ваколатлар юклади. Улар нархлар кескин тебранадиган даврларда корхоналар ҳудудига бевосита кириб, омборларидаги мавжуд захираларни хатловдан ўтказиш ҳамда асоссиз оширилган нархларни пасайтириш, ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва бошқалар бўйича мажбурий тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.
Таъсисчиси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлган Prime Tower Group компанияси «Ўзгазлойиҳа» лойиҳа институтининг давлат улушини 21,5 млрд сўмга (1,95 млн доллар) сотиб олди. Тендерга халқаро компаниялардан Grant Thornton хусусийлаштириш, Dentons эса ҳуқуқий масалалар бўйича консультант сифатида жалб қилинди.
Май ойида йиллик инфляция 2021 йил августидан бери биринчи марта 11%лик кўрсаткичга қайтди. Ўтган ойда инфляция ноозиқ-овқатлар соҳасида энг кучли бўлган — 1,3%. Озиқ-овқатлар 1,2%га, хизматлар эса 0,4%га қимматлаган.
Май ойида инфляция 1 фоизгача тезлашди, ўтган йилнинг май ойида эса бу кўрсаткич 0,5 фоизни ташкил этган эди. Президент барча маҳалла ва қишлоқларнинг асосий маҳсулотлар билан таъминланганлик даражасини ўрганиш, зарур ҳолларда бошқа ҳудудлардан етказиб беришни тезлаштириш бўйича ҳокимларга топшириқ берди. Паррандачилик корхоналарига тухум нархини оширмагани учун миннатдорчилик билдириб, уларни қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди.
Таъсисчилари орасида Алишер Усмоновнинг USM холдингига қарашли «Металлоинвест» шўба корхонаси ҳам бўлган Torgoviy Dom Metalloinvest Vostok компанияси Тошкентдаги собиқ давлат меҳмонхонасини хусусийлаштириш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Компания объект учун 78,7 млрд сўм таклиф қилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома билан Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши сессиясида икки нафар депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи қонун ва президент фармонига зид тарзда кўриб чиқилгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, депутатлардан бири — Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровдир. У 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси март ойидан бери биринчи маротаба 11 минг сўмдан арзонроққа тушди. Евро арзонлади, рубль 4,17 сўмга кўтарилди.
2023 йилга қадар гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби жами 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилади. Қолаверса, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш амалиёти тўхтатиб турилади. Антимонополия қўмитасининг нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш бўйича ваколатлари кучайтирилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzpaynet компаниясини хусусийлаштириш мақсадида консалтинг компанияларни жалб этишни режалаштирмоқда. Давлат ўзининг 100 фоиз улушини сотиш ниятида. Компания ҳозирда 390 дан ортиқ хизматларни кўрсатади, у 2021 йилда 94,6 млрд сўм соф фойдани қўлга киритган.
1 июндан бошлаб нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари кўтарилишига қарамасдан «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензиннинг чакана нархи оширилмайди, деб маълум қилди компания.
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ғаллачилик соҳасини ислоҳ қилиш нархларни оширишни эмас, эркинлаштиришни назарда тутаётганини қайт этди. «Кейинги беш йил ичида эркинлаштириш мамлакатда ғалла етиштиришнинг сезиларли ўсишига ва импортнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади», — дейилади вазирлик маълумотида. Ҳукумат ун нархининг кескин ошишининг олдини олиш чораларини ҳам ишлаб чиқди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистонда корхоналарга берилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларини таҳлил қилди. Уч ойда тадбиркорлик субъектларига 9 трлн сўмдан ортиқ имтиёзлар берилди, уларнинг аксарияти ҚҚС бўйича. Энг катта солиқ имтиёзларини оладиган компаниялар рўйхати.
Uzcard пенсионер ва нафақахўрларга бир марталик ёрдам пули тарқатиш ҳақидаги хабарлар фонида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг пластик карта маълумотларини қўлга киритишга уринишлар кўпайганлиги ҳақида огоҳлантирди. Президент фармони билан ажратилган ижтимоий ёрдам пули бир марталик пул ўтказмалари бўлиб, улар автоматик тарзда ўтказилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган 1 июнь — Болалар куни муносабати билан барча болаларга 200 минг сўмдан берилишига оид хабарлар мутлақо ёлғон, деб маълум қилди Пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Ҳайдаров. Унинг сўзларига кўра, 200 минг сўмлик нафақа пуллари фақат кам таъминланган оилалар реестрига киритилган, 18 ёшга тўлмаган 4 млндан ортиқ болаларгагина берилади.
Президент қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2022 йил ҳосилидан 2 550 минг тонна буғдой сотиб олади. Олис ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади. Донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни тезкор ва шаффоф амалга оширилиши учун d-xarid.uz ахборот тизими ишга туширилади.
Молия вазирлиги пенсия ва нафақа олувчиларнинг 96 фоизи аллақачон карталарига бир марталик моддий ёрдам олганини маълум қилди. Пенсияни нақд пулда оладиганлар учун ёрдам пули 8 июнга қадар сайёр кассалар орқали берилади.
Сенаторлар «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Унда халққа хизмат кўрсатиш давлат хизматининг тамойилларидан бири сифатида белгилаб қўйилган, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, фаолиятни KPI асосида баҳолаш, коррупциявий жиноятларини содир этган шахсларни давлат хизматига қабул қилишни тақиқлаш талаблари ўрнатилмоқда.
Россия ЕОИИга аъзо бўлмаган мамлакатларга кунгабоқар ёғини экспорт қилиш квоталарини деярли учдан бир қисмига ошириши мумкин. Март ойида РФ кунгабоқар ёғининг максимал экспорт ҳажмини 1,5 млн тонна, шротни эса 700 минг тонна этиб белгилаганди. Ўзбекистонда апрель ойида ўсимлик ёғининг биржадаги нархи йил бошидан бери 28 фоизга кўтарилганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг