«Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ўз мажбуриятларида собит, бунга эришиш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — деди бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев. ЖСТнинг расмийга таяниб билдиришича, Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга аъзо бўлишни режа қилмоқда.
Президент Солиқ кодексининг 227−1-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича қонунни имзолади. Бу модда бўйича жарима чораклик соф тушумнинг 100 фоизидан 2 фоизигача камаяди.
«Асакабанк» бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 2024 йилда 2,1 млрд доллар жалб қилишни, «Бизнесни ривожлантириш банки» эса инвестиция лойиҳаларига 1,5 млрд доллар ажратишни режа қилмоқда. Банк фақат кредит берадиган марказ эмас, замонавий инвестиция-тижорат тузилмаси бўлиши керак, деди президент.
Давактивга кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB), «Асакабанк» ва «Алоқабанк»нинг Tashkent City`даги янги бинолари инвесторларга сотилади. Банклар ушбу «премиум тоифа»даги лойиҳаларга камида 339 млн доллар маблағ киритган. SQB филиалларидан бири ўрнида 21 қаватли бино қурмоқчилигини маълум қилганди.
Тошкентдаги Қатортол бозори ёнида жойлашган Халқ банки бош офиси биноси салкам 120 миллиард сўмга сотилди. Аукционда ягона таклиф Oazis Samarkand умумий овқатланиш корхонаси томонидан тақдим этилди.
Марказий банк эълон қиладиган АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси кетма-кет беш савдо кунидирки, пасаймоқда. 24 майдан буён миллий валюта қарийб 84 сўмга мустаҳкамланиб, 12 640 сўмни ташкил қилди.
2022 йилнинг май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз давлат улуши Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилгани хабар қилинган эди. Аммо ҳозирда 58,5 фоиз улуш давлат ҳисобида сақланиб қолмоқда. Давактив буни инвестор кўчмас мулк учун маблағни ҳали тўлиқ тўламагани билан изоҳлади.
Охирги 5 йилда Россия рублининг Ўзбекистон экспортдаги улуши 0,8 фоиздан 5,3 фоизгача, импортдаги улуши эса 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача ошди. 2023 йилда экспортнинг 79,5 фоизи долларда, 9,9 фоизи еврода амалга оширилган. Сўмдаги экспорт ва импорт улуши мос равишда 0,2 ва 0,3 фоизни ташкил этди.
Президент фармони билан субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилди. У имтиёзларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиб, таклифлар тайёрлаши керак.
Россия президенти Владимир Путин кун тартибида Ўзбекистон кўлларида қуввати 1 ГВт бўлган гидро тўплаш электр станцияларини (ГТЭС) қуриш бўйича иккита йирик лойиҳа турганини маълум қилди.
2025 йилда Қозоғистон орқали Ўзбекистонга Россия гази етказиб бериш ҳажмини 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилмоқда, деди Россия президенти Владимир Путин Тошкентда. Россия энергетика вазирининг сўзларига кўра, нафақат газ, балки электр етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиларидан бўлган «Ўзтрансгаз» компаниясининг солиқ тушумлари апрелда 6,6 бараварга камайди. Компания мартда 127 млрд сўм солиқ тўлаган бўлса, апрелда тушумлар 19 млрд сўмгача пасайди. Шунингдек, 2024 йил 1-чорагидаги тушум кутилганидан 87 млрд сўм кам бўлди.
Давактив Тошкентдаги International меҳмонхонасини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди. Меҳмонхона «очиқ музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усулида сотилиши режалаштирилмоқда. Президент қарорида эса давлат улуши халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланганди.
Ўзбекистонда 2023 йилда давлат ташкилотлари жами 6,6 млрд сўмлик 3400 дан ортиқ смартфон сотиб олди. Улар орасида энг сўнгги русумдаги iPhone 15 Pro Max смартфонлари ҳам бор. Бюджет ташкилотларининг бу харидлари бош вазирнинг 2023 йил 5 январдаги топшириғига зид равишда рўй берган.
Тошкентда президентлар раислигида Ўзбекистон ва РФ ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев «ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятларининг ярмидан ҳам фойдаланилмаётганини» қайд этиб, ҳудудлараро ҳамкорликнинг олтита устувор йўналишини белгилаб берди.
Ёзда Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси бўйича кам қувватли (330 МВт) АЭС қурилиши бошланади. «Росатом» учун бу шу турдаги станция қуриш бўйича биринчи экспорт шартномаси ҳисобланади. «Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган», — дейилади расмий хабарда.
EastFruit портали таҳлилчилари сабзавот ва мевалар экспортига минимал нархлар жорий этилиши Ўзбекистон экспортига зарар етказади, деб ҳисобламоқда. ССП раҳбари буни тадбиркорлар экспорт нархларини пасайтириш орқали даромадларини яширишга уринаётгани билан изоҳлаганди.
Chevrolet Lacetti автомобилларини ишлаб чиқариш давом этмоқда, деб хабар берди «Ўзавтосаноат». Таъкидланишича, бунга сабаб ишлаб чиқариш учун зарур эҳтиёт қисмлари ҳали ҳам мавжуд экани.
Тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилади. Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси пасайган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади.
Уй-жой нархлари кескин ошиши туфайли аҳолининг харид қобилияти пасайиб, кўчмас мулкнинг бозор ва фундаментал нархлари ўртасидаги тафовут 24 фоизга етди, дея қайд этди Марказий банк. Квартиралар асосий эҳтиёжларни қондириш учун эмас, балки инвестиция объекти сифатида кўпроқ сотиб олина бошлаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг