Пайшанба куни 1186 киши топширган тест таҳлилларида коронавирус инфекцияси аниқланди. 3 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этди. Қолаверса, 216 кишида пневмония қайд этилди.
«Янги Ўзбекистон» массивлари туркумига кирувчи илк экошаҳар Фарғона вилояти марказида 300 гектар майдонда бунёд этилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилгани, экошаҳар икки йилда фойдаланишга топширилишини таъкидлади.
Блэкаут вақтида яроқсиз бўлиб қолмаган вакциналар, иситиш тизими ишламаган кунлар учун чегириб ташланадиган тўлов, Самарқандда 5 йилда лой йўл қолмаслигини айтган Эркинжон Турдимов, Хоразмда чиқиндихонадан мурдаси топилган чақалоқ, шаҳарлараро йўлларда ишлай бошлаган АГТКШлар, қонунийлаштирилган авиаспоттинг ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 27 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2022 йилнинг илк 25 кунида Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилган, бунинг оқибатида эса 9 киши заҳарланган ва 28 киши вафот этган. Бахтсиз ҳодисаларга асосан қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш, ҳаво алмашмайдиган хоналарда кўмир ва ўтин ёқиш сабаб бўлган.
Суд диний блогер Фозилходжа Арифходжаевни жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда айбли деб топиб, уни 7,5 йилга озодликдан маҳрум этди. У ўтган йили диний блогер Аброр Мухтор Алий билан бўлган можародан сўнг ҳибсга олинганди. Судланувчининг адвокати айбловни рад этиб, суд жараёни тафсилотларини сўзлаб берди.
Санитария-эпидемиологик хизмати «Газета.uz»га изоҳ беришича, 25 январь куни кузатилган электр таъминотидаги узилишлар пайтида ҳудудлардаги вакциналарни сақлаш омборлари ва вакциналар мавжуд поликлиникалар электр токи билан узлуксиз таъминланган. «Электр энергияси ўчиши натижасида биронта ҳам вакцина яроқсиз ҳолга келмаган», — дейди СЭС матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров.
АҚШ ва НАТО Россияннинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига ўз жавобларини йўллади. Унда айтилишича, альянснинг «очиқ эшиклар» позицияси ўзгаришсиз қолмоқда. Аммо АҚШ ҳам, НАТО ҳам Россия билан мулоқотни давом эттириш ва барча учун хавфсизликни кучайтириш ниятида.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг таъкидлашича, «блэкаут» вақтида иситиш тизими ишламаган кунлар учун тўловлар, албатта чегириб ташланади. Унинг сўзларига кўра, Тошкентда иситиш тизими 27 январь куни тунгача аввалгидек ишлай бошлайди.
Самарқанд вилоятида келгуси 5 йилда камида 8 млрд АҚШ долларлик 5,5 мингдан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши ва бунинг натижасида 250 мингдан ошиқ доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокими 8 минг кмлик йўлларга асфальт ётқизилиб, вилоятда лой йўллар умуман қолмаслигини таъкидлади.
Солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар жамоатчилик ва мутахассислар танқидини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади. ДСҚ ва Молия вазирлиги E-aktiv дастуридан фойдаланиш ва ҚҚС тўловчиларининг таҳлика-таҳлили бўйича талабларнинг юмшатилиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, мулк солиғи ва бошқа ўзгаришлар бўйича ҳам енгилликлар бўлиши кутилмоқда.
Ўзгидромет 28−29 январь кунлари Ўзбекистон бўйлаб шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши ҳақида огоҳлантирди. Бу кунларда жойларда ёмғир ёғиб, айрим ҳудудларда қорга айланиши мумкин.
Энергетика вазирлиги соат 16:00 да барча ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланиши режалаштирилганини маълум қилди. Ҳозирда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан ташқари барча ҳудуд тўлиқ электр энергия билан таъминланган.
Ҳукумат қарорига асосан Ўзбекистон аэропортларида авиаспоттингга расман рухсат берилди. «Агар илгари аэропортдан километр узоқликда туриб ҳам самолётларни суратга олиш тақиқланган бўлса, энди аэропортлар эшикларини очиб, дўстона муносабатда бўлади», — деди Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева.
Андижондаги МЧЖлардан бирининг раҳбари 6 гектар майдонда қуриладиган савдо комплексидаги дўконларни ўз компанияси қураётганлигини таъкидлаб, улардан 10 тасини сотиш учун фуқародан 117 минг доллар сўраган, ундан 60 минг долларини олган вақтида қўлга олинган. Самарқандда эса адвокат ўзига ижарага берилган 4 гектар ерни 23 минг доллар эвазига бошқа фуқарога сотишга уринган. ДХХ Жиззах ва Хоразмда ҳам ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳрига турли вилоятлардан ишлаш мақсадида келган 30 нафар фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибати» ташкилоти тарафдорлари сифатида гумонланиб, қўлга олинди.
2020 йилдаги Сардоба фожиаси ва Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан сўнг, Қонунчилик палатасида «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда кўриб чиқилмоқда.
Урганч шаҳридаги чиқиндихоналардан бирида қиз жинсига мансуб чақалоқнинг мурдаси топилди. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, у она қорнида 5,5−6 ой яшаган ҳамда «унинг ўлимига етилмаганлик ва ҳаётга лаёқатсизлик сабаб бўлган». Қолаверса, чақалоқ қонидан ҳомиладорликни жарроҳлик аралашувисиз эрта тугатишда қўлланиладиган дори воситаси қолдиқлари топилган.
Чоршанба куни коронавирусга топширилган тест натижалари 1117 кишида мусбат натижани кўрсатди. 2 нафар бемор эса оламдан ўтди. Қолаверса, 125 кишида пневмония аниқланди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентдаги барча қозонхоналар фаолияти тиклангани, бироқ, газ босими пастлиги учун қозонхоналар етарли иссиқликни кўп қаватли хонадонларга бера олмаётганини маълум қилди.
Эрталабки 9:00 дан Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан ташқари, бошқа ҳудудлардаги шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек, аксарият вилоятларда газ қуйиш шохобчалари ишлай бошлайди. 28 январдан эса бутун республикада шохобчалар фаолиятини тиклаш режа қилинган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг