Энди ОТМ талабалари давлат имтиҳонидан йиқилса, бир йил кутмайди. Улар томонидан қайта топшириш тўғрисидаги аризалар йиғилишига қараб бир ўқув йилида (3 йил давомида) икки мартагача давлат имтиҳонларини қайта топшира олади.
Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши улкан байроқ учун 300 млн сўм ажратиш бўйича қарор чиқарди. Кейинроқ вилоят ҳокими бунга эътибор қаратиб, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда байроқ устунини қуришни бекор қилди. Маблағлар йўл таъмирига ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтириладиган бўлди. Апрель ойида ҳам вилоятнинг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев 1 млрд 350 млн сўмлик байроқ қурилишини тўхтатган эди.
Сенатор Наримон Умаров матбуот анжуманида «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири Сенатга киритилмаганини айтди. Ваҳоланки, қонун июнь ойи охирида Сенат ялпи мажлисида маъқулланган эди. Мазкур ҳолатга бошқа ҳеч ким изоҳ бермади.
Ҳафта бошида аномал илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Чоршанба куни Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик бўлади. Ҳаво ҳарорати +13…+18 даража илиқ атрофида бўлади.
Президент қарори билан Тошкент вилоятидан пойтахт туманларига ўтказилаётган суғориладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари плантация усулида жойлаштирилади. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилади. Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташкил этилади.
Яшнобод туманида номаълум шахс мушукларни пакетга солиб, подъездга олиб кириб, қийнаган ва улардан бирини ўлдирган. Пойтахтга ИИББга кўра, ушбу шахс аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов олди текшируви ўтказилмоқда.
Душанба куни пойтахтнинг 4 та туманида газ қувурини қайта улаш ишлари режалаштирилгани сабабли айрим ҳудудларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Ўзбекистонда тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга коронавирусга қарши ихтиёрий бустер доза билан эмлашга рухсат берилди.
Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига сайланди. Номзодни Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳига аъзо давлатлар бир овоздан маъқуллаган.
Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи чоғида 18 та ҳужжат, жумладан, ҳукуматлар ўртасида ядровий, биологик хавфсизлик ва халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликка оид битимлар, шунингдек, беш йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан Эрон ва Покистондан импорт қилинган картошкаларда хавфли зараркунандалар (нематодалар) аниқланди. Таъминотнинг бир қисми экспортчиларга қайтарилган, баъзилари эса йўқ қилинган. Нематодларнинг тарқалиши билан картошка, помидор, бақлажон ва бошқа экинларнинг ҳосилдорлигини камайтириш хавфи мавжуд.
19 ноябрдан кучга кирган қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўрганиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, ташкилот БМТнинг бошқа давлатларга ёрдам кўрсатадиган органлар қаторига киритилди.
Таниқли актёр, ўзбек киноси афсонаси Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида вафот этди.
Ўзбекистонда илк бор ЙТҲ қурбонлари хотираси ёдга олинди. Йўл ҳаракатининг турли иштирокчилари ва муҳандислар кўча ва йўллардаги хавфсизлик, болаларга ЙҲҚни ўқитиш дастурлари, Тошкентда велосипед инфратузилмаси муаммолари ва уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдилар.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида президент мактаби очилди. Унинг қурилиши Discover Invest компанияси томонидан амалга оширилди, лойиҳа қиймати 84 млрд сўмни ташкил этди.
Тошкент ва бошқа вилоятлардаги 100 дан ортиқ бинолар Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаётганидан далолат сифатида бугун оқшом мовий ранг билан ёритилди. «Дунёни мовий рангга бўя» глобал акцияси Жаҳон болалар кунига бағишланди.
Сурхондарё вилоятида ДХХ ходимлари томонидан Тожикистон ва Афғонистонда тайёрланган йирик партиядаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 67 кгдан ортиқ опий, 48 кгга яқин гашиш ва 450 грамм героин топилиб, мусодара қилинди.
Ҳукумат қарори билан 2021 йил якунигача барча ИИО таянч пунктлари, МФЙ, жазони ижро этиш муассасалари, профилактика инспекторлари хоналари, халқ таълими муассасалари, давлат архивлари ва ташкилотлари интернетга кенг полосали уланади. 2022 йил 1 январдан маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан улаш кўзда тутилмоқда.
Меҳнат вазирлиги иш берувчиларга вакцина олмаган ходимларини ишдан четлаштириш тартибини тушунтирди. Унга кўра, ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар у ёзма ариза беришдан бош тортса, далолатнома тузилади. Соғлиғи ҳолатига кўра эмланмайдиганлар масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин.
Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар омбори очилди. У турлича сақлаш ҳарорати билан барча турдаги вакциналарни сақлаши мумкин. Омбор UNICEF кўмагида қурилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг