Президент топшириғига кўра, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги кўп сув талаб қиладиган арча ва «газон»нинг кўпайиб кетганини танқид қилди. Давлат раҳбари бунинг ўрнига «12 ой кўм-кўк турадиган манзарали буталарни экиш мумкинлиги» ҳақида таъкидлади. Икки ҳафта муддатда илмий асосланган ҳолда пойтахтнинг қайси кўчасида қандай дарахт ва экинларни жойлаштириш бўйича тақдимот қилиш вазифаси белгиланди.
Президент топшириғи билан ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилади. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилиши айтилди.
Президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилади. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш топшириғи берилди.
«Соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар» учун Экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифалар бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Долларнинг расмий курси 6,79 сўмга пасайди ва жами 10 634,35 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса бироз кўтарилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Германиянинг янги тайинланган элчиси Тило Клиннерни қабул қилди. Германия томони Ўзбекистонга чет эл фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистонликларни Волжский ва Толяттидан (Россия) олиб чиқиш учун 27 ва 30 август кунлари иккита махсус поезд рейси йўлга қўйилади.
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов мутлоқ кўпчилик овоз билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди. Аввалроқ Адлия вазири Русланбек Давлетов нима учун ҳокимлар Сенат аъзоси этиб сайланиши мумкинлигини тушунтирган эди.
Швейцария ҳукумати Ўзбекистонга 1,1 миллиондан ортиқ FFP2 маркали тиббий ниқобларини тақдим этди. Тошкентга шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берган самолёт қайтишда Кобулдан эвакуация қилинган фуқароларни олиб кетади.
АҚШ олимлари коронавируснинг маълум бўлган барча мутацияларини зарарсизлантира оладиган антитаначани аниқладилар. Испан олимлари эса бошқа коронавирусларга қарши антитанача COVID-19дан ҳам ҳимоялай олишини исботлашди.
Халқ демократик партияси Ўзбекистонда 1 сентябрдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ошишига муносабат билдирди. Қайд этилишича, ойлик оширилиши билан бир вақтда базавий ҳисоблаш миқдори ва тўланадиган жарималар ҳажми ошиши жамоатчилик орасида саволлар туғдиряпти. «БҲМнинг ошиши тор доирадаги қатламга манфаатли бўлиши мумкин, аммо жарималар ошиши барчага бирдек қийинчилик туғдириши мумкин», — дейилади партия муносабатида.
Тошкентда 1,3 тоннадан ортиқ ёки ўтган йилга нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўпроқ наркотиклар партияси йўқ қилинди. Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 та, яъни аввалги йилга нисбатан 20 фоиз кўпроқ жиноят фош этилгани маълум қилинди.
Сурхондарё вилоятида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 150 млн доллар маблағ ажратилади. Шунингдек, халқаро молия институтларидан жалб қилинаётган қарз маблағлари ҳисобидан қўшимча 50 млн доллар ҳудудда иссиқхона хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилади.
Токиодаги ёзги Паралимпия ўйинлари очилиш маросимида параканоэчи Шаҳноза Мирзаева ва енгил атлетикачи Мухаммад Рехсимов Ўзбекистон байроқдорлари бўлади. Аввалроқ, енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова байроқдор бўлиши айтилган эди.
«Толибон» Афғонистонни бошқарадиган 12 кишилик кенгаш ташкил этишни режалаштирмоқда.
ЖССТ уйда COVID-19 билан оғриган беморларни парвариш қилишнинг асосий қоидаларини эслатди. Жумладан, вирус юқтирган беморни изоляция қилиш, у жойлашган хонани шамоллатиб туриш ва унга фақатгина ниқоб билан кириш керак. COVID-19 билан касалланган одамга тинчлик, кўп суюқлик ва тўғри овқатланиш тартиби лозим.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 807 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 7 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, душанба куни 321 кишида пневмония қайд этилди, 3 нафар пневмония бемори вафот этди.
Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Санобархон Носирова тасдиқланди. Бунга қадар у тумандаги «Эл ризқи нон» МЧЖ раҳбари бўлган.
Шавкат Мирзиёев душанба куни ДХХ академияси ва Темурбеклар мактаби, Геология фанлари университети, «Янги Ўзбекистон» университети, Тошкент Архитектура-қурилиш институти учун янги бино қурилиши ҳамда Марказий ҳарбий клиник госпиталида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг