Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш ишлари қайта йўлга қўйилди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 6-синфдан аъло баҳога ўқиган битирувчиларга ОТМга кириш имтиҳонида қўшимча балл бериш бўйича таклифга изоҳ берди. «Боланинг тақдири нимага фақат бир кун билан ҳал бўлиб кетиши керак?», — деди вазир. У ушбу тизимни жорий қилишда коррупциянинг олдини олиш учун электрон кундалик ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.
Хорижда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида президент қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди. Унинг фаолиятини бошлаш учун 5 млрд сўм ажратилади. Фондни Васийлик кенгаши бошқаради, унга эса Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раислик қилади.
«UZB» ёки «ААА» серияли давлат автомобиль рақамлари очиқ савдода эканлиги маълум қилинди. ЙҲХББ матбуот хизматининг таъкидлашича, ҳозирда «ААА» серияли автомобиль рақамлари аукционда қолмаган. Ушбу серияда қолган 30 дан ортиқ рақамларни фақат буюртма асосида олиш мумкинлиги айтилди.
Президент фармони билан 1 сентябрдан амалдаги 14 ёшгача болалар учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади. Ушбу нафақа ёши 18 ёшгача оширилади, тўлов муддати 12 ойгача узайтирилади. Қолаверса, Минимал истеъмол харажат миқдорларидан камбағаллик мезони сифатида фойдаланилади.
Чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президент сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилади. Жумладан, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ва БМТдаги ваколатхонасида ягона сайлов участкаси бўлади. Ҳозиргача хориждаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати ҳам шакллантирилди.
Долларнинг расмий курси 9,03 сўмга кўтарилди ва жами 10 660,03 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз пасайди.
Президент Тошкент вилоятидаги шароит ва имкониятлар ҳисобга олинса, аслида ҳудудда ишсизлик масаласи бўлмаслиги кераклигини таъкидлади ва маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ишсизлар сони 134 минг нафарни ташкил этмоқда. «Сўнгги йилларда Тошкент бўйича тўплаган тажрибаларимизни Тошкент вилоятида ҳам жорий этишимиз керак», — деди давлат раҳбари.
Миллий гвардия президент қарори билан ўзига бириктирилган Меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашади. Ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун «Меҳр дафтари» тизими жорий қилинади.
Агар сиз IT соҳасига қизиқувчи, 18−28 ёшлар оралиғидаги иқтидорли ёшлардан бири бўлсангиз, демак PDP Academy`дан «Unicorn» таълим гранти айнан сиз учун. Ушбу грант IT-компанияларга ишга жойлашишингиз учун 100% кафолат беради.
Чоршанба куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида 3 балли зилзила сезилди.
Мўйноқ туманидаги «Орол» стадионида туманнинг «Мўйноқ сити» ва «Жайхун» жамоалари ўртасидаги ўйинда келишмовчилик келиб чиққан ва бош ҳакам қароридан норози бўлган айрим томошабинлар майдонга чиқиб кетган. Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ўзбекистонда Jurabek Laboratories компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан маъқулланди. Россиядан кейинги ҳафтада хом-ашё келганидан сўнг, препарат ишлаб чиқарилади ва текширув учун яна марказга юборилади.
Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков COVID-19 га қарши Moderna вакцинаси билан эмланди.
Янги қонун лойиҳасида Адлия вазирлиги паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний валюта операциялари ва йўловчиларни лицензиясиз ташиш учун жарималарни сезиларли даражада камайтиришни таклиф қилмоқда.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 903 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 7 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, сешанба куни 472 кишида пневмония қайд этилди, 3 нафар пневмония бемори вафот этди.
Пойтахтнинг Учтепа туманида аёл ва қизларга ноқонуний диний таълим бериб келган 3 нафар аёл аниқланди. Фуқароларга нисбатан БҲМнинг 5 баробари (1 млн 225 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
«Барселона»нинг собиқ ўйиниси Лионель Месси 2+1 схемаси бўйича «Пари Сен-Жермен» билан шартнома имзолади.
Хитой-ўзбек вакцинасининг кейинги дозалари билан эмлашнинг кечиктирилиши антитаналар миқдори ва бошқа кўрсаткичларга таъсир кўрсатмайди, балки антитаналар миқдори ошиши ва уларнинг узоқ вақт давомида сақланиб қолишига хизмат қилади, деб аҳолининг қўрқувига жавоб қайтарди Инновацион ривожланиш вазирлиги.
Республика махсус комиссияси масжидларнинг ишчи ва ходимлари эмланган тақдирда жума намозини адо этишга рухсат берди. Қолаверса, ташриф буюрувчилардан вакцина олганлик тўғрисида QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлганлар киритилиши белгиланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг