Ҳукумат «Ўзбектелеком» нинг халқаро пакетларни алмаштириш марказининг имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳа параметрларини маъқуллади. Халқаро интернет каналининг қуввати секундига 1800 Гбитга етказилади. Лойиҳа қиймати деярли 26 млн долларни ташкил этади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга ва вазиятни барқарорлаштириш учун қўшма чоралар кўришга чақирди. «Ўзбекистон тез орада келишувга эришиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр», — дейилади ТИВ баёнотида. Айни дамда, отишма оқибатида Тожикистоннинг яна 5 нафар, Қирғизистоннинг ҳам 5 фуқароси жароҳатланган, бир нафари вафот этди.
Депутат Дониёр Ғаниев Қаршида баландлиги 62,5 метрга тенг 1,35 млрд сўмлик байроқ ўрнатилишига муносабат билдириб, 2 йил аввал Фарғонадаги шунга ўхшаш ҳолатни ёдга олди. Ўшанда Фарғонада ўрнатилиши керак бўлган байроқнинг сарф-ҳаражатлари 1 млрд сўм атрофида бўлиши айтилган. «Нархини эшитиб, ҳоким ҳайдаворганди», — деди у.
Андижон вилоятида қулоғида «наушник» билан кетаётган йигитни поезд босиб кетди. Оқибатда йигит вафот этган.
Долларнинг расмий курси 6 сўмга арзонлади ва жами 10 509 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Отабек Чориев инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган Фахриддин Давруков Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Депутат Расул Кушербаев UzAuto Motors Антимонополия қўмитасини «фақат қоғозда» мағлуб этди, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, компания одамларнинг ишончи ва ўз имижини йўқотган. Депутат, шунингдек, ушбу жараён мисолида судларнинг қандай ишлаши ва тизим монополияларга қарши қандай кураш олиб боришини кўриш мумкинлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Цзиньпин телефон орқали мулоқот вақтида аҳолини оммавий эмлаш, иқтисодий ҳамкорлик, қолаверса, Хитой етакчисининг Тошкентга ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишди.
Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, ўзбек тили фақат давлат билан ишлайдиганлар учун мажбурий бўлиши керак. Парламент аъзоси, шунингдек, жамиятда тил билан боғлиқ дискриминация мавжудлигини тан олди ва расмийлар орасида вазиятга шовинистик нигоҳ билан қарайдиганлар ҳали ҳам борлигини таъкидлади.
Қашқадарё вилоятида баландлиги 62,5 метрга тенг давлат байроғи ўрнатиш режалаштирилмоқда. Маълумотларга кўра, Қарши шаҳридаги давлат байроғининг биргина устунини бунёд этишга 1 млрд 350 млн сўм маблағ сарфланади.
Энди Humans мижозлари ҳар қандай мобил алоқа хизматларининг нархини кешбек билан тўлашлари мумкин. Тўплаш мумкин бўлган кешбек миқдори — чекланмаган.
Талабалар орасида COVID-19 инфекцияси аниқлангани сабабли, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ва Жиззах давлат педагогика институти масофавий таълим тизимига ўтди.
Гулистонда ҳоким ўринбосари фуқарони кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиш учун рўйхатга қўйиб, бунинг эвазига 400 доллар пора олаётган пайтида қўлга тушди.
Ўзбекистон Ҳиндистонга коронавирус билан курашиш учун «Ремдесивир» препарати, этил спирти, мобил кислород концентратори тўпламларини юборади. Мамлакатда ҳозирда оғир эпидемиологик вазият кузатилмоқда.
Депутат Расул Кушербаев давлат хизматини ислоҳ қилиш тўғрисида гапириб, прокурорлар, судьялар ва ички ишлар органлари бошлиқларининг тайинловини сайловлар орқали ташкиллаштирган бўлишини айтди. «Одамлар тайёр. Халқ президентни, депутатни сайлайди-ку», — деди у.
Президент қарори билан жорий йилда 457 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, кунлик ишчилар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун «Mening ishim» онлайн-майдони ишга туширилади. Уларнинг фаолият турлари ҳамда хизматлари тўғрисидаги маълумотлар платформа орқали бепул эълон қилиб борилади.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев COVID-19га чалинди.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ҳудудида низоли вазият юзага келиб, иккала томон маҳаллий аҳолиси бир-бирига тош отди. Умумий 11 киши жароҳатланганлиги айтилмоқда. Томонлар низо келиб чиқишида бир-бирларини айблашмоқда. Қирғизистоннинг 3 та қишлоғида фавқулодда вазият жорий этилди.
Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Тошхўжаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг директори этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг