Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити табригида бу йилги Рамазонда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлганини таъкидлади.
Чет элдан ватандошларни олиб келиш учун яна 17 та чартер рейси жадвали эълон қилинди. Кейинги икки ҳафта ичида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Ростов-Дону, Истамбул, Қоҳира ва Шаржадан Ўзбекистон фуқароларини олиб келади.
Тошкентдаги «Ўрикзор» савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланди, бозор вақтинчалик ёпилди.
Мусулмонлар идораси нима учун карантин вақтида Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлишига аниқлик киритди. Шунингдек, коронавирус юқтириш эҳтимоли борлиги учун ҳайит байрамини нишонлашда карантин чораларига қатъий риоя қилиш тавсия этилди.
Битирувчилар учун «Сўнгги қўнғироқ» тадбири бу йил онлайн тарзда бўлиб ўтади, уни Uzreport TV телеканали, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими вазирлиги ташкиллаштиришмоқда. Тадбирни 25 май соат 8:30 дан бошлаб томоша қилиш мумкин бўлади.
Цемент импорти бўйича қўйилган чеклов бир ой ўтиб олиб ташланди.
Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки кишининг гумонланувчи тариқасида ишга жалб этилганини маълум қилди. Улар қамоққа олинган.
Тошкентда ер усти метроси устунлари яқинида ер ўпирилишига сув қувури устига ўрнатилган П шаклидаги ҳимояловчи бетон плитанинг юк машиналари оғирлигини кўтара олмасдан синиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилди.
Ўзбекистонда тасдиқланган коронавирус ҳолатлари сони 8 тага кўпайиб, жами 3036 тага етди. Кун давомида 69 та янги COVID-19 ҳолати қайд этилган бўлса, 46 таси аҳоли орасида аниқланди.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани маркази Жума шаҳрида ҳаракат вақтинча тўхтатилди. Мазкур қарор коронавирус туман бўйлаб тарқалмаслиги мақсадида қабул қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий вилоятида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ортганини хабар қилди. Вилоятда 66 та ҳолат тасдиқланган бўлса, инфекция юқтирганлар орасида хориждан келганлар йўқ. Асосий ўчоқ — Зарафшон шаҳри.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Андижон вилоятида 642 километр автомобиль йўли, 85 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш ва таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Андижонда дрон ёрдамида клип олмоқчи бўлган видеооператор бир йил синов муддати билан шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Депутат Расул Кушербаев судланувчининг жиноятини истеҳзо билан «Йил жинояти» деб таърифлади ва бу каби жазоларни жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариб ташлаш кераклигини таъкидлади.
Покистонда ички рейсни амалга ошираётган самолёт аҳоли яшайдиган ҳудудга қулаб тушди. Самолётда камида 90 нафар йўловчи бўлганлиги айтилмоқда.
АҚШ ҳукумати COVID-19 пандемиясига қарши кураш учун Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратади. Вашингтоннинг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами жаъми 5,92 млн долларни ташкил этди.
Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қайтариб бермаслик асосида Давлат бюджетига 100 млн доллар эквивалентидаги маблағлар ажратади. Бу маблағлар Сирдарёдаги сув тошқини оқибатида жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Дам олиш кунлари иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат +35…+37, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса +40 даражагача кўтарилади. Шамол тезлиги кучайиши мумкин.
Бухоро вилоятида даволанаётган сўнгги 2 нафар COVID-19 бемори ҳам тўлиқ соғайди. Республика бўйича тузалганлар сони 2438 нафарга етди.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятидаги йиғилиш давомида эндиликда ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилишини маълум қилди. Мазкур штабларга иқтисодиёт, молия, меҳнат, инвестиция, солиқ идоралари ва банк вакиллари бириктирилиши ва уларнинг иш ҳақи миқдори эришилган натижаларга боғлиқ бўлиши таъкидланди.
Бухоро вилоят санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ва врач-дезинфекционисти инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган жуда кўп миқдордаги пулларни талон-тарож қилгани аниқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг