Россиянинг «Стройпроект» компанияси Тошкентда 10 миллион долларга бизнес маркази қуради. У Алишер Навоий номидаги кино саройи ва «Пахтакор» стадиони ўртасидаги автотураргоҳ ўрнида жойлашади. Савдо-саноат палатаси қурилиш вақтида бирорта дарахтга зарар етказилмаслигига ишонтирди.
Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида металлургияга ихтисослашган саноат зонаси ва қуёш электр станцияси қурилишини бошлашда иштирок этди.
Президент Рамазон ҳайити арафасида 426 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улардан 135 нафари асосий жазодан тўлиқ, 200 нафари шартли озод этилди. Афв этилганлар орасида 11 нафар хорижлик ва 3 нафар вояга етмаган шахслар бор.
Мусулмонлар идораси 10 апрель, чоршанба Рамазон ҳайити намозини ўқиш вақтларини эълон қилди.
9−15 апрель кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли 6 та вилоятда қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh автомобиль заводида бўлиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, корхонада ишлаб чиқарилиши бошланган янги Kia Sonet автомобили билан ҳам танишди.
25−30 апрель кунлари Хива шаҳрида иккинчи маротаба «Лазги» халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади. Маданият вазирлигига кўра, ҳозиргача 18 та давлатдан рақс гуруҳлари фестивалда қатнашиш истагини билдирган. Ғолиблар диплом, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Рамазон ҳайити куни Тошкентда автобус ва метро соат 4:00 дан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Дам олиш кунлари эса якшанба учун тасдиқланган жадваллар асосида ҳаракатланади.
«Иссиқлик электр станциялари» компанияси раиси биринчи ўринбосари Сардор Исакулов Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳокими бўлди. Собиқ ҳоким фаолиятидаги камчиликлари учун ишдан олинди.
Россия Украинанинг аҳолиси бўйича иккинчи шаҳри бўлган Харьковни яшаш учун яроқсиз «кулранг зона»га айлантирмоқчи, деб ёзмоқда Economist. Декабрь ойидан бошлаб Россия армияси шаҳарни бомбардимон қилишни кучайтирди, шунингдек, бошқариладиган авиабомбалардан фойдаланишни бошлади.
Enter Engineering ходимлари иш ҳақи кечикаётганидан шикоят қилмоқда, Олмалиқдаги 3-МБФ ишчилари уч ойдан бери маош олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Компания вазиятга изоҳ бериб, февраль ойи учун маош тўлаганини, иш ҳақи буюртмачи олдида бажарилган ишнинг натижасига боғлиқ эканини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Жиззахнинг Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига борди. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, иш якуни 2028 йилга мўлжалланган. Президент бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар, шунингдек, инфратузилма тармоқлари ва таълим муассасалари қуришни жадаллаштиришни топширди.
Маданият вазирлиги ўзининг бюджет маблағлари ҳисобидан 2024−2025 йилларда The Voice of Uzbekistan («Овоз») телелойиҳаси учун салкам 2 млрд сўм ажратади. Маблағ телелойиҳа иштирокчиларининг устозлари, бадиий раҳбар, мусиқа директори ва созандалар учун гонорар тўлашга сарфланиши келтирилган.
Бухоро вилоятида қурилиш инспекцияси бошлиғи туғилган кунида курсдошларини базм учун ўз офисига чақиргани ортидан лавозимидан озод этиладиган бўлди. Туғилган кунни, хусусан, спиртли ичимликлар билан нишонлаш таклиф қилинган.
Ўзбекистонда 300 тадан ортиқ автобус 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган ҳолда одам ташиб юргани маълум бўлди. Шу юзасидан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга сенатор сўровини юборди.
IT Park University абитуриентларга «Дастурий таъминот муҳандислиги» соҳасида ўқишни ҳамда қўшимча бешта амалий мутахассисликдан бирини ўзлаштиришни таклиф қилмоқда.
Март ойида олтин нархининг кўтарилиши фонида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари деярли 2 млрд долларга кўпайди. Захирадаги олтин миқдори салкам 1,3 млрд долларга ошганига қарамай, унинг физик ҳажми 12 тоннага камайган.
Мусулмонлар идораси Рамазон ҳайити 10 апрель, чоршанба кунига тўғри келиши кутилаётганини маълум қилди.
Одил Мусанов Жиззах вилояти Арнасой туманига ҳоким этиб тайинланди. У шу пайтгача вилоятнинг Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистонда 1 июндан меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади. Шунингдек, ушбу шахсларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг