Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик сувидан дебитор қарздорлиги 954 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бунда жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 767 млрд сўмни ташкил этса, 186 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти.
Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш бўйича берган аризасини ратификация қилди. Мамлакат Швециянинг ҳарбий блокка қўшилиши учун розилиги керак бўлган энг сўнгги давлат эди. Расмий жараёнлар якунлангач, Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.
Тошкент шаҳри собиқ «Алгоритм» заводи ҳудудидаги мебель цехида кучли ёнғин содир бўлди. У беш соатдан кўпроқ вақт давомида ўчирилди. Беш киши қутқарилди, ҳалок бўлганлар йўқ.
Шавкат Мирзиёев мудофаа вазирига қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш, Қуролли кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.
АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча компанияларига чекловларни четлаб ўтиб, Россияга маҳсулот етказиб бергани учун санкциялар киритди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳукумат бўйсунувига ўтказилади.
«Док-1 Макс» иши судига раислик қилувчи Мусо Юсуповга кўра, доридан заҳарланганлар сони аслида кўпроқ экани юзасидан мурожаатлар бўлган, бу бўйича тергов ўтказилмоқда. Шунингдек, яна бир неча шахс, жумладан, Фармагентлик раҳбари собиқ ўринбосари Эгамовга нисбатан тергов органига хабарнома юборилган.
Президент қарори билан шу пайтгача энергетика вазири ўринбосари сифатида ишлаб келган Акмал Жуманазаров Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори этиб тайинланди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россияга қарши икки йилдан бери давом этаётган кенг кўламли урушда 31 минг украиналик аскар ҳалок бўлганини айтди. Бундан ташқари, мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларида яна ўн минглаб тинч аҳоли вафот этган.
Болаларнинг «Док-1 Макс»дан заҳарланиб вафот этгани бўйича суд 23 нафар айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарди. Уларнинг 7 нафарига озодликдан маҳрум этиш, 14 нафарига озодликни чеклаш, 1 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ва 1 нафарига жарима жазоси қўлланди. Батафсил.
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ва бош ҳисобчиси тадбиркорлар билан келишиб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш эвазига 950 млн сўм пулни талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Суд «Док-1 Макс»дан вафот этган 68 нафар бола ва соғлиғи ўта оғир аҳволдаги 4 нафар боланинг ҳар бири учун 1 млрд сўмдан маънавий зарар ундирилиши ҳақида қарор қилди. Соғлиғи қониқарли 4 нафар бола учун 500 млн сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар бола учун эса 200 млн сўмдан ундирилиши белгиланди.
«Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд қарорига кўра, Фармацевтика агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 18 йил, унинг ўринбосарлари 16 йил, Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.
«Тошшаҳартрансхизмат» автобуслар билан боғлиқ техник носозликлар, туташ ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисалари кўпаётгани ортидан 5 нафар масъул ходимни ишдан олди.
Ўзбекистон президенти Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдоғанга қўнғироқ қилиб, уни 70 ёши билан табриклади. Суҳбатда Шавкат Мирзиёев «замонавий Туркиянинг барпо этилиши ва глобал майдондаги нуфузи юксалишида» унинг ўрни юқорилигини таъкидлади.
25 февралда Ўзбекистонда кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш камайди. Вазирлик хабарига кўра, электр энергиясини етказиб бериш бўйича чекловлар кўлами кенгайтирилди. «Ўзбекнефтгаз» дам олиш кунлари ёқилғи қуйиш шохобчаларига қўшимча 1000 тонна бензин етказиб берганини маълум қилди.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига Музаффар Ражаббоев ҳоким этиб тайинланди. У бунгача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган. Шаҳарнинг собиқ ҳокими февраль бошида лавозимини тарк этганини эълон қилиб, аҳолига миннатдорлик билдирганди.
26 февралдан UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 6800 сўмдан 7000 сўмгача қимматлашди. Охирги бир ой ичида ушбу маркадаги бензин тақчиллиги кузатилмоқда.
Ўзбекистонда 2023 йилда қарийб 3600 нафар вояга етмаганлар жиноят содир этди. Беш йил давомида бу кўрсаткич қарийб 4,4 баробарга ошди. Йил давомида товламачилик 70, безорилик 60, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 40, номусга тегиш ва одам ўлдиришга уриниш эса 20 фоизга кўпайди.
Қишнинг сўнгги кунлари ва баҳорнинг биринчи куни Ўзбекистонда об-ҳавонинг беқарор шароити сақланиб туради. Ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ва қор ёғади. Ҳарорат кечалари 0…-5, кундузи +2…+7 даража бўлади. Баъзи жойларга туман тушади. Пойтахтда эса 28 февраль ва 1 мартда ёғингарчилик кузатилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг