24−25 февраль кунлари Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида вақти-вақти билан қор ёғади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 0…+5 даража атрофида бўлади.
2024 йил охиригача Тошкент, Нукус ва Ўзбекистоннинг барча вилоят марказларида камида биттадан ҳоспис ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳаларни амалга ошириш учун парламент ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлари эълон қилиб борилади.
Тошкент вилоятида хонадон ертўласида майнинг ферма ташкил қилган фуқаро 3 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.
Янги ўқув йилидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун бепул автобус қатнови йўлга қўйилади. Аввалроқ лойиҳа Қорақалпоғистондан бошланиши кутилганди.
Кембриж университети тадқиқоти шуни кўрсатдики, мактаб формаси болаларнинг, айниқса, бошланғич синфларда ўқийдиган қизларнинг ҳаракатчанлигини чеклаши мумкин. Олимлар буни юбка ёки кўйлакда фаол ўйинларда қатнашиш қизлар учун ноқулай экани билан боғлайди.
Ўзбекистонда 1 мартдан аҳолини чанг бўрони ва ҳаво ифлосланишидан огоҳлантиришни бошлаш режалаштирилмоқда. Қурилиш объектларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади.
Президент Тошкент шаҳрида ҳар ойда бир марта ўтказиладиган «Автомобилсиз кун» лойиҳасини тасдиқлади. Барча давлат органлари раҳбарлари ва ходимларига ишга жамоат транспортида келиш орқали «намуна кўрсатиш» топширилди.
Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 2030 йилгача «Евро-5» ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларининг эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади. Бу ҳақда президент қарорида кўзда тутилган.
1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган юк автомобиллари ва тиркамаларнинг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Президент бу ҳақдаги фармонни имзолади.
Президентга IT соҳаси бўйича учта дастур тақдим этилди. Zero Risk IT хизматлари экспорт қилувчиларни жалб қилишга қаратилган. Local to Global IT компанияларга жаҳон бозорига киришда ёрдам беради. «Рақамли инклюзивлик» лойиҳаси ёшлар, аёллар ва имконияти чекланган шахсларни IT`га ўргатади.
Жорий йилда Uzbekistan Airways`га халқаро кредит рейтинги олиш ва уни IPO`га чиқариш жараёни бошланиши лозим. Президент авиация соҳасида давлат корхоналарини трансформация қилишни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Бухородан Тошкентга кетаётган юк машинасидан уч тонна истеъмолга яроқсиз товуқ гўшти топилди.
Андижон шаҳри депутати Жаҳонгир Жиянов ободонлаштириш бошқармасининг харажатлари бўйича маълумотларда 4 млрд сўмлик фарқ борлигини аниқлади. Унинг сўзларига кўра, бошқарма салкам 2 млрд сўмга учта ўсимлик қаламчаси сотиб олган. Ҳоким эса техник хатолик юз берганини айтди.
Ўзбекистонда электр энергияси етказиб бериш бўйича намунавий шартномага ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Улар аҳоли ва тадбиркорларга электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида кўрган зарари учун суд орқали компенсация ундириш имконини беради.
Президент парламент палаталари ваколатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирувчи ўзгартишларни тасдиқлади. Ўзгаришлар орасида ҳар икки палатанинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати, бош вазирни тайинлашнинг янги тартиби, қонунларни тасдиқлаш муддатини ўзгартириш ва бошқалар бор.
Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган АҚШ долларининг расмий курси 12 500 сўмдан ошди ва ўзининг тарихий максимал қийматини янгилади. Йил бошидан буён миллий валюта 1,4 фоизга қадрсизланди.
Наманган вилоятида ичимлик суви таъминоти аҳоли учун 3500 сўмгача, оқова сув нархи эса 800 сўмгача оширилмоқда. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан қарор қабул қилинди.
Британия корхоналари Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия ва Арманистонга кейинчалик Россияга кетадиган товарлар, жумладан, дрон ва оғир техника учун ускуналар жўнатмоқда, деб ёзди Sky News. 2022 йилдан бери Британиядан ушбу 4 давлатга «юқори устуворликка эга товарлар» экспорти 500 фоиздан кўпроққа ошди.
Дониёр Камиловнинг Metropol Group компанияси Сайилгоҳ кўчасидаги 22 қаватли меҳмонхона мажмуаси қурилишига 100 миллион доллар сармоя киритмоқчи. У ерда аввал собиқ МХХ биноси жойлашганди.
USAID Ўзбекистонда 5 йилга мўлжалланган «Барча болалар муваффақиятли» лойиҳасини бошлади. 25 млн долларлик лойиҳа дастлаб Наманган ва Сирдарё вилоятларида тажриба тариқасида амалга оширилади. Дастур мактаб таълими, ўқув материаллари ва ўқитувчилар малакасини инклюзивлаштиришга хизмат қилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг