Душанба куни тонгда 174-сонли Mercedes-Benz автобусининг тормоз тизимидаги носозлик сабаб ёнғин содир бўлди. Шунингдек, 33-сонли Mercedes-Benz автобусида қисқа туташув туфайли ёнғин келиб чиқди. Ҳодисалар оқибатида жароҳат олганлар йўқ, дея маълум қилди «Тошшаҳартрансхизмат».
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистоннинг «Бунёдкор» клубини бразилиялик футболчиларга қарийб 9,2 миллион евро (тахминан 124 миллиард сўм) тўлаш мажбуриятини юклади. Томонлар ўртасидаги молиявий можаролар 2010 йилдан бери давом этиб келмоқда.
Бухоронинг тарихий қисми билан чегарада этнографик сайёҳлик маркази қурилиши 470 млн долларга баҳоланмоқда. Ҳокимлик ЮНЕСКО хулосасини олгандан кейингина якуний қарор қабул қилиб, қурилиш ишларини бошлашини билдирганди, бироқ стадионни бузиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
Жиззахдаги катта йўлда Nexia 3 билан Cobalt машиналари ўзаро тўқнашиб кетди. Cobalt ҳайдовчисининг йўл қоидасини бузгани сабаб ЙТҲда ҳайдовчилардан бири вафот этди.
Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактабда директор ўринбосари ва 10-синф ўқувчиси бир-бирини калтаклади. Воқеага ўқувчиларнинг дарс пайтида қор ўйнагани ва бунинг ортидан келиб чиққан жанжал сабаб бўлган. Уларнинг иккиси ҳам шифохонага ётқизилди.
Тошкентдаги Амити университетида 25 февраль куни инглиз тили фанидан халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Ғолибларга UZCARD ва Thompson School томонидан совғалар топширилди.
69 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилган «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича якуний суд қарори 26 февралда эълон қилинади. Суд 2023 йилнинг августида бошланганди.
Қатарнинг Доҳа шаҳридаги дизайн биенналесида «Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана» кўргазмаси очилди. Унда 49 та қўл меҳнати намунаси, жумладан ёғоч, икат шойиси ва бахмал матосидан тайёрланган буюмлар ўрин олган. Кўргазма очилишида президент ёрдамчиси Саида Мирзиеёва ҳам қатнашди.
Қизириқ туманида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган Nexia-3 автомобили «КамАЗ» билан тўқнашди. Оқибатда енгил машинадаги 4 нафар йўловчи вафот этди.
Урганч туманида фермер хўжалиги қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бунинг оқибатида давлатга етказилган зарар миқдори 3 млрд 374 млн сўмни ташкил этди.
Тошкент метросига тўрт вагонли 3 та метро поезди келтирилди. Улар 8−10 кун синовдан ўтказилгач, «Юнусобод» ва «Ер усти ҳалқа йўли» йўналишларида ҳаракатга чиқарилади. Май охирига қадар яна шундай 8 та метро поезди олиб келиш режа қилинмоқда.
TikTok ва YouTube`да Sardor gangster тахаллуси билан чиқишлар қилган блогер 10 суткага қамалди. У майда безорилик ҳамда миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш каби ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди.
Шерзод Шокиров Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманига, Сардор Палванов Хоразм вилоятининг Хива туманига ҳоким этиб тайинланди.
Навоий шаҳридаги мактабда ўқувчи йигитларнинг сочи оммавий калталангани жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Айримлар қамоқдаги боланинггина сочи мажбурий олинишини айтса, баъзилар мактаб ислоҳотини уларга сув, ҳожатхона ва компьютерларни олиб боришдан бошлаган яхшироқ, деган фикрда. Муносабатлар.
ДХХ 3 та вилоятда, жумладан, Жиззахда ўтказган рейдда ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи пора билан қўлга тушди. Фарғонада эса электр тармоқлари корхонаси бўлими бошлиғи фирибгарликда айбланмоқда. Миллий гвардиянинг Самарқанддаги ходимларидан бири ҳам пора олишда гумонланяпти.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари товламачиликда гумон қилинаётган «Бахти Ташкентский»нинг акаси Шухрат Қудратуллаевни қўлга олди. У аввалроқ қидирувга берилганди.
Президент 2024 йилда 60,5 минг гектар ер деҳқончилик учун ёшларга ажратилиши бўйича топшириқ берди. Ер майдонини туман ҳокимлари ажратади. Қанча майдон ажратиш бўйича «маҳалла еттилиги» таклиф беради. Ер олган ёшлар Agrobank`нинг «Фермерлар мактаби»да экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади.
Фарғона вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анваржон Абдуллаев Қўштепа туманига ҳоким бўлди. Январь охирида президент бош вазирга 2023 йилда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани туфайли Қўштепа собиқ ҳокимининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди.
Фарғона шаҳрида ИИБ ва ДХХ ходимлари уюшган жиноий тузулмаларга алоқадор 35 нафар шахснинг яшаш манзилида тезкор қидирув тадбирларини ўтказди. Уларнинг 19 нафаридан наркотик моддалар ва совуқ қуроллар топилди.
Ўзбекистонда 2024 йилда чет тилини билиш бўйича халқаро имтиҳондан юқори балл олганларга нафақат имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади. Шунингдек, мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун ижара асосида бепул ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг