Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев қисқа муддатли таътилда бўлгани сабабли унинг ўрнини ёшлар етакчиси Дилмурод Раҳимжонов вақтинча эгаллади. Ҳокимлик буни «ёшларга мотивация бериш» дея изоҳлади. Бундай амалиёт 2020 йилда Андижон вилоятида ҳам кузатилган.
Тошкентдаги савдо дўконларининг бирида бепул кийим-кечак тарқатилиши сабаб тартибсизлик юзага келди. Пойтахт ИИББ ҳолат бўйича ҳеч ким жароҳатланмагани ва жамоат тартиби сақланганини билдирди. Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузгани учун дўкон раҳбари 5,1 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
Марказий банк қўмитаси 2023 йил декабрь ойида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этмагани учун 3 та банкнинг айрим операцияларни амалга оширишига чеклов ўрнатди ва 2 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллади.
Ўзбекистон Италия билан ушлаб бериш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам ва маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилди.
Тошкентда ACWA Power компанияси билан пилот лойиҳа доирасида водород газида ҳаракатланувчи автобусларни синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда.
«Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимига алоқадорлиги учун тўққиз йил қидирувда бўлган фуқаро 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. У март ойида Туркия полицияси томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.
Ўзбекистон октябрда кузатилгани каби ноябрь ойида ҳам дунёда энг кўп олтин сотган давлат бўлди. Мамлакатнинг қимматбаҳо металлни сотиш ҳажми 11 тоннани ташкил этди, бу иккинчи ўриндаги Қозоғистоннинг кўрсаткичларидан деярли 4 баравар кўп.
Марказий банк ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларига микромолиявий хизматлар кўрсатишда таваккалчилик даражасини 100 фоиздан 75 фоизгача туширишни режа қилмоқда.
Шанба куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши бошланади. 7 январь куни Фарғона водийсидан бошқа ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Кундузи ҳарорат +9…+14 даража бўлади.
2023 йилда «Ўзмиллийбанк» АЖ кўплаб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириб, ҳудудларнинг хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда иштирок этди.
БМТга кўра, 2024 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиш суръати 2,4% гача секинлашади. Ҳисоботда айтилишича, тўсиқлар сирасига юқори фоиз ставкалари, конфликтларнинг кучайиши, суст халқаро савдо ва иқлим фалокатлари кабилар киради.
«Ўзбекистон шампани» акциядорлик жамиятидаги давлат улуши 72 миллиард сўмга сотилди. Шампан, газли ва кўпикланадиган винолар ишлаб чиқарувчи заводнинг харидори Euro Pack компанияси бўлди.
АҚШ Меҳнат муносабатлари кенгаши SpaceX компаниясини Илон Маскнинг оммавий хатти-ҳаракатларини танқид қилиб хат ёзган бир қанча ходимларни ноқонуний равишда ишдан бўшатишда айблади.
Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларига декабрь ойидаги маошларини тўлаш кечикмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буни бухгалтерия ҳисобини юритиш янги тизимига ўтгани билан изоҳлади ва беш иш куни ичида иш ҳақини тўлиқ молиялаштиришга ишонтирди.
Туркияда кучли зилзиладан деярли бир йил ўтиб бино қулаши бўйича биринчи суд жараёни бошланди. Адиямандаги меҳмонхона қурилишида совуққонликка йўл қўйганликда айбланган 11 нафар шахс судланмоқда. Меҳмонхона вайрон бўлиши оқибатида 72 киши, жумладан, 24 бола ҳалок бўлган.
Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг собиқ судьяси ҳаракатсизлик, далилларни сохталаштириш, товламачилик ва адолатсиз ҳукм чиқаришда гумонланмоқда.
Наманган вилояти Чортоқ туманида зилзила содир бўлди. Унинг кучи 2−3 баллни ташкил этди. Декабрь ойи охирида ҳам худди шу вилоятда кучсиз зилзила қайд этилганди.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодиржон Сидиқов компаниянинг кредит рейтинги пасайгани ва S&P халқаро рейтинг агентлиги прогнози ёмонлашгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, бу компанияга «вазиятни тўғрилаш» учун сигнал бўлди.
Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган камида 4 нафар йигит машиналарда хавфли ҳаракатлар содир этди. Суд уларга нисбатан БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима ва 15 сутка қамоқ жазосини тайинлади. Йигитларнинг ота-оналарига ҳам чора кўрилди.
Тошкентнинг икки туманида истеъмолчилар иссиқ сувда қора зарралар пайдо бўлганидан шикоят қилди. Veolia Energy Tashkent бунга 1-ИМ қозонхонасидаги сувни тозалаш фильтридан сульфатланган кўмир чиқиши сабаб бўлганини билдирди. Компания ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатишга тайёр.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг