Қирғизистон Қозоғистон ва Россия билан ўз фуқароларининг шахсий маълумотларини алмашиш бўйича келишувни ратификация қилди. Мамлакатлар, хусусан, фуқаролик, фуқароларнинг кўчмас мулки ва уларнинг судланганлик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни алмашади.
Ўзбекистонда 5 ой давомида газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга камайди. Кўрсаткич кетма-кет иккинчи ой пасаймоқда — май ойида у 11,2 фоизга камайганди. Май ойидаги электр энергияси ишлаб чиқариш рекорд даражадаги ўсишни қайд этди.
Тошкентда Lacetti ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида 9 ёшли велосипедчини уриб юборди. Бола шифохонага ётқизилди.
1 июлдан пойтахтда давлат тиббий суғурта тизими жорий этилади. Энди аҳоли шифохонада даволаниш учун йўлланмани оилавий шифокор кўригидан ўтгач, электрон тарзда олади. Шунингдек, кафолатланган тиббий хизматлар ва дори-дармонлар пакети бепул тақдим этилади.
Ёзёвон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида ўтказилган 1 млрд 38 млн сўмлик давлат хариди жараёнда иштирок этган 2 та корхона таъсисчиси эр-хотин бўлгани сабабли бекор қилинди. Харид комиссияси аффилланганлик ҳолатига баҳо бермаган ва танловни бекор қилиш чорасини кўрмаган.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатмаётган корхона ва ташкилотларнинг умумий корхоналар сонидаги улуши 27 фоизни ташкил этди. Рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларининг эса 30 фоизи ишламаяпти. 2022 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 6 ва 7 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, элчи, ШҲТ бош котиби лавозимларида ишлаган Владимир Норов 45 йиллик фаолиятидан сўнг нафақага чиқди. Дипломат 2022 йил декабридан буён Марказий Осиё халқаро институти директори сифатида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистонда 2030 йил якунигача истеъмолчиларга сув етказиб бериш ҳамда сувнинг ҳисобини юритиш функцияси босқичма-босқич давлат-хусусий шерикликка ўтказилади.
Термиз-Сариосиё йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезд қўриқланмайдиган кесишмадан ўтаётган «Жигули»ни уриб кетди. Воқеага автомобиль ҳайдовчисининг эътиборсизлиги сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида жароҳати олганлар йўқ.
Тарих фанлари доктори, фахрий журналист Қудрат Ирназаров 73 ёшида вафот этди. Профессор 2008 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳри суди мушукни тириклайин ёқиб юборган 3 эркакни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганликда ва улардан бирини зўравонликни тарғиб қилувчи контент тарқатганликда айбдор деб топди. Улар 3, 5 ва 7 суткага қамалди.
Шаҳрисабз туманида магнитудаси 3,4 га тенг бўлган зилзила содир бўлди.
Андижон ва Тошкент вилоятларида икки аёл 4 нафар қизни Туркия ва БААга фоҳишалик учун жўнатмоқчи бўлганида қўлга олинди.
Berlin Economics мустақил консалтинг компанияси маслаҳатчиси Вероника Мовчан ЖСТга қўшилмаган мамлакатларнинг импорт божлари режимига эга бўлиши маъмурий жиҳатдан фойдасиз эканини таъкидлади. Божлар 80 фоизга камайтирилса, ЯИМнинг ҳар йили 0,4% кўпроқ ўсиши таъминланади, деди эксперт.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани бўлими бошлиғининг хизмат машинаси 2 та автомобиль билан тўқнашиб кетди. Бўлим бошлиғи ва ҳайдовчилардан бири енгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Янгиҳаёт туманида 34 ёшли қурувчи тунда 12-қаватдан қулаб, ҳалок бўлди. Воқеага қурилиш қоидаларига амал қилинмагани сабаб бўлиши мумкин.
2023/2024 ўқув йилида контракт квоталари 1 фоизга, грантники эса 10 фоизга ошди. Бунда 10 фоиз кўпроқ ёшларнинг грант асосида ўқишига имконият яратиляпти, дея таъкидлади Олий таълим вазирлиги департаменти бошлиғи Абдували Холиқов.
Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида товламачиликда айбланиб қўлга олинган 23 ёшли йигит вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ўзини осмоқчи бўлди, уни камерадошлари қутқариб қолди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси 2021 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш вақтида қўлга олинган уч опа-сингил билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганларнинг опаси уларни Ҳиндистон фуқароси алдаганини таъкидлаган.
Чилонзордаги ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси, шунингдек, фармацевтика, малакани баҳолаш ва тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш каби марказлар ташкил этилади. Шифокорлар тегишли ҳудудда энг кўп тарқалган касалликлар бўйича курсларда ўқитилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг