Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда электромобилларни оммалаштириш учун 105 млн доллар қарз ва 65 млн доллар грант йўналтиради. Дастурда электробуслар паркини ва ёрдамчи инфратузилмани жойлаштириш, жамоат транспорти тизимини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Чехия Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг Европа бозорига чиқишида ягона «СЕ» (Certification Europe) белгиси билан сертификатлашда ҳамкорлик қилиши мумкин.
Андижонда ер майдонларини жами 48 минг долларга сотмоқчи бўлганлар, Қорақалпоғистонда эса 85 млн сўмга давлат ерини фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс гумонланувчи сифатида ушланди.
Сентябрда Ўзбекистонда сезилган инфляция даражаси 13,3 фоизгача пасайди. Даромади 10 млн сўмгача бўлган респондентларнинг аксарияти нон ва ун, 10−15 млн сўм бўлганлар бензин ва ёқилғи, 15 млн сўмдан юқори бўлганлар эса мева ва сабзавотлар нархи сезиларли даражада ошганини қайд этди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Мария Виотти учрашувида Бразилия ҳукумати Тошкентда элчихона очиш масаласини ўрганиб чиқаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади ва уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади.
Термиздаги «Айритом» чегара божхона постида Афғонистондан кириб келган юк поездининг остида 2,14 кг опий яширилгани аниқланди.
Ўзбекистон Экология вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда Тошкент ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳасини тайёрлаганини маълум қилди. Вазирлик унинг маданият ва истироҳат боғига айлантирилишини тасдиқламайди, дейилади баёнотда.
Болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун лойиҳаси, зилзиладан сўнг Афғонистонга юборилган инсонпарварлик ёрдами, электроскутер ва самокатларни давлат рўйхатига олиш режаси, ишдан олинган «Афросиёб» поезди бошлиғи, Yandex Go атрофидаги янгиликлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Алишер Амиров Сурхондарё вилояти ҳокимнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари бўлди. Бунга қадар у Автомобиль йўллари қўмитасида бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Суд қарорлари билан «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудудидаги 11 та ноқонуний бино бузиб ташланди. Ушбу ҳудуддан 39,8 гектар ер ижарага ва қурилиш учун ноқонуний равишда берилгани ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Айни пайтда бузилган бинолар ўрнига дарахтлар экилмоқда.
Пойтахтда ҳаракатланувчи 14 ва 89-сонли автобусларнинг йўналишларига ўзгартириш киритилмоқда.
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида уй эгалари жўмракдан қонли сув келаётгани, болалар касал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Ҳокимликка кўра, ҳолат кушхонадаги оқова сув ва ичимлик суви қувури тешилгани учун қўшилиб кетиши сабабли кузатилган. Ичимлик суви қувури янгиланмоқда, дейилади хабарда.
7 октябрдаги кучли зилзилалардан жабр кўрган Афғонистонга Ўзбекистондан қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилди. Жўнатма таркибида озиқ-овқат ва бирламчи тиббий ёрдам воситалари бор.
Европарламент Ўзбекистон бўйича резолюцияни қабул қилди, унда мамлакатнинг ютуқ ва камчиликлари, ЕИ тавсиялари келтирилган. «ЕИ Ўзбекистон учун эзгулик кучи бўлишда давом этади… Шу билан бирга, дўстлар сингари камчиликлар ҳақида очиқ гапирамиз», — деди Европарламент депутатларидан бири.
ИИВ йўл ҳаракати қоидаларига электросамокат ва скутерлар ҳаракатини тартибга солувчи ўзгартиришларни киритмоқчи. 14 ёшга тўлмаганларга уларни бошқаришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Уларда пиёдалар йўлакларида 6 км/соат, йўлларда эса 20 км/соат тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлади.
Қонунчилик палатаси Сурайё Раҳмоновани Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили этиб тасдиқлади. У аввал Бош прокуратура, АОКА ва Сенатда ишлаган. Номзод энди Сенат томонидан тасдиқланиши керак.
Ўзгидромет жума куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғишидан огоҳлантирди. Ҳарорат кундузи +10, кечаси +2 даражагача пасайиши мумкин.
Сентябрь ойида Ўзбекистонда аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари пасайди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавфсираши бироз пасайган, лекин ёқилғи ва энергия нархи ошишини қайд этган респондентлар улуши кетма-кет бешинчи ой ошмоқда.
Тармоқларда хорижлик сайёҳнинг «Афросиёб» поездидаги жойини эконом классдан вип классга ўзгартириш учун поезд бошлиғига қўшимча пул бергани акс этган видео тарқалди. «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси ҳолат июль ойида содир бўлгани ва бошлиқ ишдан олинганини билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг