Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Кенгашнинг собиқ раҳбари, ишдан олинган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга шаҳар ривожига қўшган ҳиссаси ва ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Кейинроқ эса хабар ўчириб ташланди.
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Музаффар Абдураҳмонов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди.
Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт марказида 245,2 млн сўмга жарроҳлик ускуналарини харид қилиш белгиланган. Аммо мансабдорлар бу пулларни талон-торож қилиб, бошқа яроқсиз ускуналар олган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Молдовада Ўзбекистон фуқароси ушланди. У терроризмда айбланмоқда. Илгари қотиллик қилишга уриниб, қамоқ жазосини ўтаган эркак Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутилмоқда.
Тошкент шаҳридан кейин Мудофаа вазирлиги Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳарбий дала ошхоналари ва иссиқлик пунктларини ташкил этаётганини маълум қилди.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ️янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама берилади. Шунингдек, юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган ходимларга ҳам маошининг 100 фоизигача устама белгиланади.
Чирчиқ шаҳрида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норози бўлган аёл электр таъминоти корхонасига бориб, корхона ходимига пичоқ билан таҳдид қилди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
2022 йил давомида «Тез ёрдам» хизматига 13 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган, 1,1 миллион киши касалхонага ётқизилган. 2021 йилда бу чақириқлар сони 12,5 миллионни ташкил этганди.
Шавкат Мирзиёев Сингапур раҳбарияти билан учрашди. Давлат бошқаруви учун кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, «яшил» технологияларни жалб қилиш, шаҳарсозлик ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, янги орхидея турига Ўзбекистон президенти номи берилди.
Пойтахт ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий дала ошхоналари ташкил этилди. У ерда фуқароларга иссиқ чой ва егуликлар таклиф этилмоқда.
Сешанба куни эрталаб Янгиҳаёт туманидаги ёғоч уйларнинг бирида ёнғин чиқди. Ҳеч ким жароҳат олмаган. Ёнғин ёғ қиздирилгани ортидан юз бергани тахмин қилинмоқда.
Бир йиллик ҳарбий хизмат учун Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмга кетган 20 ёшли йигит ўзини отиб қўйгани сабаб уйига ўлик ҳолда қайтди. Марҳумнинг яқинлари уни уриб ўлдиришгани, жасад танасида жароҳатлар борлигини айтмоқда. Бош прокуратура суриштирув бошлади.
«Юксалиш» ҳаракати давлат идораларини энергия ресурслари аҳолига етказиб берилмаган кунлар учун қайта ҳисоб-китоб қилишга, исиниш хоналарини очишга ва мурожаатлар учун кўп функцияли колл-марказ ташкил этишга чақирди. Энергетика вазирлиги қишга тайёрланганлик ҳолати бўйича ҳисобот бериши ҳам керак.
Республика ҳудудларида ўқиш бошланиши яна бошқа санага қолдирилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқиш 23 январь, душанбадан бошланади.
Чирчиқ шаҳрида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар уйни иситиш мақсадида чала ёнган кўмирни ётоқхонага олиб кирган ва ундан чиққан ис газидан заҳарланган.
Фарғона вилоятининг икки ҳудудида гўёки компьютер техникалари ва музлаткичларни таъмирлаш цехларини ташкил этиб, амалда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётган майненг фермалар аниқланди. Улар давлатга жами 2 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани маълум бўлди.
Шайхонтоҳур туманида 2003 йилда туғилган аёл 2 фарзандидан фойдаланиб, йўлнинг қатнов қисмида тиланчилик қилди. Ички ишлар ходими ҳудудни тарк этишни сўраганида унга қаршилик кўрсатди. Бу фаолияти учун олдин 11 марта огоҳлантирилган аёл ҳолат яна такрорланса, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Тижорат банклари 17 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 310 — 11 370 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 400 сўм.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Украина билан чегарадош ҳудудлардан ўқиши Ўзбекистонга кўчирилишига рухсат берилган талабалар рўйхатини тасдиқлади. Талабалардан ҳужжат топширган ОТМларининг ўқишни кўчириш бўйича масъулларига учрашиши сўралди.
Бош прокуратура Бухоро вилоятидаги 3 та метан газ қуйиш шохобчасида 26,2 млрд сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинганини аниқлади. Ҳолат юзасидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси ва шохобчалар мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг