Самарқандда аквапаркдаги раққосалардан ОИТС ва ОИВ учун қон таҳлиллари олиниб, улар билан суҳбат уюштирилгани айтилганди. ИИВ ҳолатни рад этиб, буни «шошма-шошарлик билан тайёрланган маълумот» деб атади ва вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланганини билдирди.
«Ёшлик» журнали бош муҳаррири, Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари каби лавозимларда ишлаган Нодиржон Холбўтаев Давлат тилини ривожлантириш департаментига мудир этиб тайинланди.
Президент фармонига кўра, коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган шифокор ва бошқа ходимларга ишлаган даври учун бериладиган махсус устама тўлови 200 фоиздан 50 фоизга туширилди.
Қонунчиликка наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.
2023 йилнинг беш ойи давомида Тошкент метрополитени 68,5 миллион йўловчи ташди. Энг кўп йўловчи оқими — 15,8 млн нафар йўловчи май ойида қайд этилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда. «150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш — бу адолатдан эмас», — деди Сенат раиси.
Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БААга ташрифи чоғида ёмғир ҳосил қилиш технологияси билан танишди ва Жаҳон метеорология ташкилоти президенти Абдуллоҳ Ал Мандус билан ушбу тажрибани Ўзбекистонда, айниқса, Оролбўйи минтақасида жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Қарши шаҳрида 35 ёшли Ободонлаштириш бошқармаси ишчиси каналга тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Марҳум танасида тан жароҳати аниқланмаган, унинг ўлими сабабларини аниқлаш бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
2021 йилда 1 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағини талон-торож қилгани учун ишдан олинган Навоий шаҳри ободонлаштириш бошқармасининг собиқ бошлиғи Юсуф Турсунов 3 ой синов муддати билан эски лавозимига қайтди.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари судларга мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилинади.
Пайшанба куни Термизда чанг-ғубор ҳодисаси кузатилди. Соат 9:00 да ҳаводаги майда ПМ10 зарралари максимал рухсат этилган концентрациядан 14 баробар ошиб кетди. Соат 12:00 га келиб, бу кўрсаткич 9 га тушди. Аҳолига очиқ ҳавода бўлмаслик, ташқарида ниқоб ва кўзойнак тақиш тавсия этилди.
Мисрдан гепатит С касаллигига қарши «Даклатасвир» дорисининг 12 минг донадан ортиқ партияси Ўзбекистонга келтирилди. Бу етказилаётган препаратларнинг 8-партиясидир. Икки давлат ўртасида жами 4,8 млн долларлик 800 минг дона дорини Ўзбекистонга бепул етказиб бериш бўйича келишув тузилган.
Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши олдинги санкцияларни четлаб ўтишга қарши қаратилган 11-санциялар пакети бўйича келишувга эришди. Иттифоқ ўз маҳсулотларининг Қозоғистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларга экспорти кескин ортгани ва кейинчалик Россияга етиб боришидан хавотир билдирди.
25 июнь куни Ўзбекистон бўйлаб Ёшлар куни ва Olympic Day муносабати билан Yangi Nafas югуриш мусобақаси ўтказилади. Шунингдек, илк бор Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан югурувчилар қатнашади.
Сенатда сув ресурсларидан фойдаланишда мақсадсиз ва ўйловсиз ишлатилиши масаласи кўриб чиқилди. Сенаторлар ушбу муаммога қарши курашиш мақсадида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирди.
Париж марказидаги турар жой биносида газ портлаши оқибатида камида 37 киши жароҳатланди, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир.
2023 йилнинг дастлабки 5 ойида АҚШ Ўзбекистоннинг асосий экспорт ҳамкорлари орасида 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилди. Мамлакатнинг Қўшма Штатларга экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баравар (301,6 фоизга) юқорилади, импорт деярли ўзгаришсиз қолди. Туркияга экспорт камайди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказувчи ваколатли орган сифатида белгиланади.
Самарқанд вилоятидаги аквапаркда сузиш кийимида рақс тушаётган қизлар акс этган видео тарқалди. ИИБ ташкилотчи оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузгани, унга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилганини маълум қилди. Раққосалар ОИВ инфекциясига текширилиб, суҳбатдан ўтказилди.
Уолтер Айзексоннинг Нобель мукофотини олган олим ҳақидаги «Код Бузар. Женнифер Даудна, ген таҳрирлаш ва инсоният келажаги» китоби ўзбек тилида чоп этилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг