Си Цзиньпин ва Шавкат Мирзиёев музокаралари, Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги 41 та ҳамкорлик ҳужжати, мактабда ўқувчини тишлаб олган илон, Озарбайжонда 3 та конни ўзлаштиришни режалаштираётган «Ўзбекнефтгаз», Боку портида терминал очадиган Ўзбекистон ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Собиқ энергетика вазири Алишер Султанов Ўзбекистон президентининг нефть-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлангани маълум бўлди.
Ўзбекистон ва Хитой раҳбари 2023−2027 йилларга мўлжалланган икки давлат ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилди. Улар иштирокида давлат органлари ва компаниялар ўртасида ҳам қатор ҳужжатлар имзоланди.
Келгуси беш йил иссиқхона газлари чиқиндилари ва Эль-Ниньо табиий ҳодисаси туфайли рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда Бутунжаҳон метеорология ташкилоти.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Цзиньпин Хитойнинг камбағалликка қарши кураш тажрибасини мамлакатда татбиқ этиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, хусусан, қуёш панеллар ишлаб чиқариш, электромобиль заводларини ишга туширишдаги ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилди.
Тошкентдаги 348-сонли мактаб (собиқ Тошкент вилоятига қарашли, коллектор ёнида жойлашган) биносида 6-синф ўқувчисини сув илони тишлаб олди. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган, шундан сўнг у ўқишга қайтган.
«Ўзбекнефтгаз» SOCAR билан биргаликда 2024 йилда Озарбайжонда учта углеводород конини ўзлаштиришни бошлашни режалаштирмоқда. SOCAR`нинг эса Ўзбекистондаги қидирув ишларида иштирок этиши кутилмоқда.
Энергетика вазирлиги қуёш панелларини ўрнатиш бўйича танлов натижаси бекор қилинганини билдирди. Қарийб 2 трлн сўмлик танловнинг барча — 6 та лотида иккита компания ғолиб чиққан. Танлов нотўғри ташкил этилгани учун энергетика вазири ички текширув эълон қилди.
Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Боку портида ўз терминалини очишни режалаштирмоқда. Ҳозирда товарларни сақлаш учун мазкур порт ҳудудида омбор инфратузилмасини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Украина донини Қора денгиз портларидан олиб чиқиш бўйича битим яна 60 кунга узайтирилди. Украина, Россия, Туркия ва БМТ томонидан тузилган битимнинг амал қилиш муддати 18 майда тугади.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази ўзини Сlick тўлов тизимининг хавфсизлик хизмати ходимлари сифатида таништириб, фуқароларнинг банк карталаридан пул ечиб олган бир неча шахсни аниқлади.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов қозоғистонлик ҳамкасби Руслан Жақсилиқовни қабул қилди. Томонлар ҳарбий соҳада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдиришди ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилишди.
«Газета.uz» республикада мавжуд мемориал музейлар ҳақида кўплаб мақола ва фоторепортажлар тайёрлаган. 18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан таҳририят ана шу тарихий манзилларга виртуал саёҳат қилишга таклиф этади.
Сурхондарё вилоятида фельдшерлар синов тариқасида «тез ёрдам» чақирувига скутерларда ҳам бормоқда. Бунда тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра олиш мақсад қилинган. Улар аҳволи оғир бўлмаган беморларга биринчи ёрдамни кўрсатиб қайтади.
2023 йилнинг май-сентябрь ойларида Ўзбекистон Тожикистондан 1 млрд 285 млн кВт соат электр энергиясини импорт қилади.
2017 йил Нью-Йоркда юк машинасини одамлар устига ҳайдаб, 8 кишининг ўлимига сабаб бўлган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов 8 марта умрбод ва 260 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
ЕТТБ Uzbekistan Airports`га Ўзбекистон халқаро аэропортларида махсус техникалар паркини янгилаш учун 28 млн еврогача маблағ ажратади. Шунингдек, банк компания ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш учун 1 млн евро миқдорида грант ажратади.
1 декабрдан Ўзбекистонда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилади. Бунда «Кучли зилзиладан огоҳлантириш» мобил иловаси орқали аҳолига қисқа сонияларда республиканинг аниқланган ҳудудларида кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилади.
Тижорат банклари 18 май куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 405 — 11 450 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 480 — 11 520 сўм.
18−20 май кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг