Президент қарори билан Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Марказ ишлаб чиққан ва тасдиқлаган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талаблар боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ҳамда ўқув курслари учун мажбурий бўлади.
Ерусти ҳалқа метро йўлининг «Қўйлиқ» бекатидан «Қурувчилар» бекатигача бўлган 5 та янги станцияда йўловчи ташувлари бошланди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат кўтарилиши давом этади. Ҳаво кундузи +33 даражагача, чўл ҳудудларда ва жанубда +37 даражагача исийди.
Қозоғистон қонунчилигига тўрт кунлик иш ҳафтаси тушунчаси киритилди. Энди иш берувчи ва ходим беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасига алмаштириш ҳуқуқи билан тўрт кунлик иш ҳафтаси тўғрисида келишиб олиши мумкин.
Осиё тараққиёт банки ва Саудиянинг ACWA Power компанияси Бухоро вилоятидаги Бош ва Жонкелди шамол электр станцияларини ривожлантириш учун 174 млн долларлик кредитларни имзолади.
Депутатлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Бахтиёр Саидов номзодини маъқуллади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан у ушбу лавозимга тасдиқланди. 2022 йил охирида Бахтиёр Саидов ТИВ в.б. этиб тайинланганди.
Тижорат банклари 25 апрель куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 370 — 11 410 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 425 — 11 480 сўм.
Китоб туманидаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида газ портлади. Оқибатда уйнинг дераза ва эшик ромларига зарар етди. Бир нафар фуқаро енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.
Татаристон раиси Рустам Минниханов Жиззахда кимё-саноат технопарки қурилиши стартида иштирок этди. Ўтган йили Чирчиқ шаҳрида қўшма технопарк фойдаланишга топширилганди. Татаристон раҳбарини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
Юнусобод туманида яшовчи 16 ёшли қиз 3-қаватда балкон ойнасини артаётиб, эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилган. Бош прокуратура жароҳат олган қизнинг аҳволи ҳозирда яхши экани, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
27−29 апрель кунлари Тошкентда GreenArt халқаро ландшафт санъати экофестивали бўлиб ўтади. Унинг вазифаси экологик маданиятни ошириш ва мамлакатдаги экология ва кўкаламзорлаштириш муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат.
Яккасарой туманида гувоҳномага эга бўлмаган ҳайдовчи Gentra машинасида ЙПХ инспекторидан қочиб, катта тезликда ҳаракатланди. Оқибатда скутер ва Cobalt билан тўқнашди, 2 киши жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом этмоқда.
Ички бозорга етказиб бериш ҳажми кескин ошгани сабабли Ўзбекистонда янги пиёз нархи 2 бараварга пасайди, бу 2022 йилги нархлар билан тенг дегани. Ўтган йилги ҳосил пиёзи нархи эса 17 фоизга тушган, лекин бир йил олдинги нархдан 1,5 марта юқори, деб ёзмоқда EastFruit портали.
Қоракўл туманидаги мактаблардан бирининг директори 900 минг сўм пора билан ушлангани айтилмоқда. У бу пулни фуқароларни фаррош ва қоровул лавозимига ишга қабул қилгани эвазига олаётганда қўлга тушган.
25 апрелдан Silk Avia минтақавий авиакомпанияси Тошкентдан Термиз, Навоий, Наманган, Қарши ва Урганчга (Бухоро ва Самарқанд орқали) тижорий рейсларни амалга оширади.
Март ойида Ўзбекистон 151,2 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йил давомида қилинган импортнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Маҳаллий газ ишлаб чиқаришнинг қисқариши фонида кўрсаткич кескин кўтарилди. Кўмир, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳам ошди.
Январдаги прогноз анча паст бўлганига қарамай, 2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ЯИМ 5,5 фоизга ўсди. Саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ҳажми сезиларли даражада ошди, январь-февраль ойларида иккала кўрсаткич ҳам ўтган йилдагидан анча паст бўлган эди.
Қўқон шаҳрида Gentra иккинчи даражали йўлдан чиқиб келган Mercedes-Benz машинаси билан тўқнашди. Оқибатда 2 нафар йўловчи ҳалок бўлди, 2 ҳайдовчи жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Жума куни Швейцарияда U-20 жаҳон чемпионати учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Осиё чемпиони сифатида қатнашаётган Ўзбекистон ёшлар жамоаси турнир мезбони — Аргентина жой олган А гуруҳидан ўрин эгаллади. Бу гуруҳда, шунингдек, Гватемала ва Янги Зеландия жамоалари ҳам бор.
Қамчиқ довонида DAF юк машинаси бошқаруви йўқотилиб, ўрта темир тўсиққа урилди. Ундан қочган Damas эса хандаққа тушиб кетди. ЙТҲ оқибатида 3 киши жароҳатланиб, шифохонага олиб кетилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг