Блогер Фарҳод Манноповнинг вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши, 11 март куни умумхалқ хайрия ҳашари, Ўзбекистонда кўчалар қанчалик хавфли эканини кўрсатган ИИВ марафони, Туркиядан қайтган мудофаа вазирлигининг тиббий отряди, иситиш мавсуми якунланиши ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Журналистлар уюшмаси журналистлар ва жамоатчилик вакилларининг цензура ҳақидаги мурожаатига изоҳ берар экан, «ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига гувоҳ бўлмадик», дея таъкидлади. Аксинча, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳақида хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев депутат ва сенаторлар, Олий суд раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан аҳоли томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Бош қомус лойиҳаси Конституцион суд томонидан кўриб чиқилади.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Яшнобод ҳокими Бахтиёр Раҳмонқуловга ҳайфсан бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилди.
Ўртача суткалик ҳарорат +10 даражадан юқори бўлаётгани сабабли 10 мартдан Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми якунланади.
Жомбой туманида фуқароларни қўрқитиб, яланғоч ҳолатда тасвирга тушириш ва улардан пул ундириш билан шуғуллангани айтилган аёл ва спортчилар ушланди. Самарқанд ИИБ улар бир йигитни шантаж қилиб, 1500 доллар олаётганда қўлга тушганини маълум қилди.
Ҳукумат фармойиши билан Ўзбекистонда 11 март, шанба куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.
АҚШ Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашишда тавсиялар бериб, шубҳали ўтказмаларга эътиборли бўлишга чақирди. Товарларни қатор давлатлар, хусусан, Ўзбекистон орқали етказиш, харидорнинг маҳсулотдан якуний фойдаланиш бўйича маълумотларни тақдим қилмаслиги ва бошқалар санаб ўтилган.
Мексикада ўтган бокс оқшомида ўзбекистонлик Элнур Абдураимовнинг мезбон боксчига қарши жанги олган жароҳати сабаб муддатидан аввал тугатилди. Бу унинг профессионал боксдаги илк мағлубияти бўлди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда ўнлаб ўсмирларнинг ҳибсга олингани муҳокама қилинмоқда. Улар ИИБга «профилактик суҳбат учун» олиб кетилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг айтишича, Форумлар саройи яқинида «Рёдан» тарафдорларининг чақирувлари сабаб 50 нафар ўсмир йиғилган.
Эндиликда автомактаб ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчилари ҳар 3 йилда Ички ишлар вазирлиги Академиясида қайта тайёрланади ва малакасини оширади. Ҳайдовчи-йўриқчилар учун малака ошириш курси 1 млн 350 минг сўм, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курси 1,2 млн сўм, малака ошириш курси эса 2,1 млн сўм бўлади.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ўзбекистон бўйлаб «Хавфсиз ҳаёт учун» вело ва пиёда юриш марафонини ўтказди. Иштирокчилар «Хавфсиз йўллар тарафдоримиз», «Умр тезликдан муҳим», «Йўлларда болаларни асранг», «Стоп безорилик», «Коррупцияга қаршимиз» каби плакатларни кўтариб чиқди.
7 мартдан Туркманистондан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келади. Кундузи ҳарорат +28 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +30 даражагача кўтарилади. Бироқ 8 ва 10 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади.
Қирғизистонда илк бор ўтаётган қарлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистондан фақат таэквондочилар иштирок этди. Улар мусобақада 14 та медаль — 3 та олтин, 2 та кумуш, 9 та бронза жамғарди.
Булунғур туманидаги 74 йиллик кутубхона ёпилиб, бино аукционда сотиб юборилгани ва ходимлар ишсиз қолгани ҳақида хабар тарқалганди. Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети бино эскиргани учун ёпилиши, китоблар макулатурага топширилмаслиги ва ходимлар ишсиз қолмаслигини билдирди.
Туркияда 24 кун давомида зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари Тошкентга қайтди. Улар жами 3860 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатган.
Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси, Тошкент, Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари қурилади.
Тижорат банклари 6 март куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 320 — 11 365 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 380 — 11 430 сўм.
Блогер Фарҳод Маннопов (MittiVine)нинг вафот этгани юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирини Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медали билан иккинчи ўринда якунлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг