Январь-ноябрь ойларида хорижий давлатлардан 508 минг нафар, биргина Россиянинг ўзидан эса 317 мингдан ортиқ мигрант Ватанга қайтиб келган. Меҳнат вазирлиги вакилига кўра, мигрантлар қишни Ўзбекистонда ўтказиб, баҳорда яна қайтиб кетади, бу доимий кузатиладиган ҳолат.
Марказий банк 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда миллий валютадаги пул массаси 0,4 трлн сўмга кўпайиб, 125,1 трлн сўмга етганини маълум қилди. Муомаладаги нақд пуллар қолдиғи эса 2,4 трлн сўмга қисқариб, 41,3 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Ангор туманида Lada Samara ҳайдовчиси маст ҳолда йўлда ётган пиёдани босиб кетди. 46 ёшли фуқаро воқеа жойида вафот этди.
ИТИМ маълумотларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик 11 ой давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда ўртача нархлар 15,8 фоизга, хусусан, пойтахтда 22,7 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, уй-жой ижараси бозоридаги вазият барқарорлашаётгани қайд этилди.
Ҳозирда 2 млн нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хориж давлатларида ишламоқда, дея маълум қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов. Уларнинг 1,5 млн нафари Россияда, деярли 200 минг ортиқ мигрант эса норасмий фаолият юритмоқда.
Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляция бўйича кутилмалари бироз ошди. Респондентлар томонидан валюта курсининг қадрсизланиши, ёқилғи ва энергия ресурслари, шунингдек, импорт қилинадиган хом ашё ва бутловчи қисмлар нархининг қимматлашуви нархларни оширувчи омиллар сифатида қайд этилди.
Сешанба куни республикада яна 101 киши ковидга чалинди (олдинги кун 58 киши касаллик юқтирганди). Пандемия бошланган 2020 йилнинг март ойидан бери расман коронавирусга чалинганлар сони 248 мингдан ортди.
Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Тойлоқ, Жомбой ва Самарқанд туманларидаги айрим мактаб ўқувчилари қишки таътилдан эртароқ қайтади. Улар сентябрда ўтказилган ШҲТ саммити сабабли қолдирган дарслар ўрнини қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан тўлдиради.
Ўзбекистонда эфирга узатиладиган хорижий телеканаллар рўйхати 50 тадан 192 тага кенгайтирилди. АОКА бундай қарор фуқароларнинг турли манбалардан тўлиқ ва холис ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.
Тижорат банклари 14 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 310 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 340 сўм.
Нукус воқеалари бўйича судда фуқаровий даъвогарлар ва жабрланувчилар сўзлашда давом этмоқда. Бу ҳафтада Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбийлари, ИИВ ходимлари ва бошқалар сўзламоқда. Бир неча судланувчи кечирим сўрагач, айрим ҳарбий хизматчилар суддан уларни кечиришни сўрашди.
Аргентина терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг биринчи финалчисига айланмоқда. «Албиселеста» Хорватия билан бўлиб ўтган ярим финал учрашувида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўз ҳисобига битта гол ва битта ассист ёздириб қўйган Лионель Месси ушбу баҳснинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
Блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. У яқинда Фарғонадаги завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилганди, шундан сўнг 7 ишчи ҳибсга олинганди.
Музлаган йўлаклар ҳақида гапирган президент, Тошкентга олиб келинадиган 1000 та автобус, 28 декабрдан қишки таътил, Мексикада ҳибсга олинган 7 нафар ўзбекистонлик, «свет» ўчирилиши бўйича жадвал, яна дарахткушлик, ис газидан вафот этганлар ортаётгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистон президенти бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш бўйича топшириқ берди. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилган эди.
Шавкат Мирзиёев Учтепа туманига ташрифи давомида кутилмаганда маҳаллага ташриф буюриб, кириш эшиклари ҳолатига назар ташлади, аҳоли хонадонларида бўлди. У мутасаддиларнинг иссиқлик масаласини ҳал қилаётганига ишонтирди, совуқ тез орада ўтиб кетишини айтиб, йўлаклар музлаганини танқид қилди.
Шавкат Мирзиёев пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилди. Президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берди.
Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида техник ишлар бажарилиши сабаб поездлар 16 декабрдан соат 23:00 гача ҳаракатланади.
Тошкент кўчаларида электр энергиясини тежаш мақсадида жорий қилинган чекловлар олинади. 13 декабр соат 17:00 дан мавжуд кўча чироқлари, иллюминация чироқлари 100 фоиз ёқилади.
Халқаро журналистлар федерациясининг маълум қилишича, йил давомида 67 нафар журналист ҳамда ОАВ вакиллари ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди. Федерация бош котиби БМТ Бош Ассамблеясида «Журналистларнинг хавфсизлиги ва мустақиллиги бўйича» конвенция қабул қилиш вақти келганини айтмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг