Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев шахмат олимпиадаси ғолиби Нодирбек Якуббаевнинг отаси, солиқ хизмати ходими Муродбек Искандаровга навбатдаги унвонни топширди. Шунингдек, чемпионнинг ота-онасига «Хумсон» санаторийсига йўлланма ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари берилган.
Магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди. Бунинг учун талабгорлар 15 сентябрга қадар ўзлари таълим оладиган муассаса ректори номига ариза билан мурожаат этишлари талаб қилинади.
15 август куни Жиззах вилоятида Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бошланди. Унда дунёнинг 37 давлатидан жами 257 жамоа қатнашмоқда. Ўйинлар Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Тошкент аэропортида Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси ходимлари халқаро қидирувда бўлган фуқарони туркиялик ҳамкасбларига топширди. У муҳрларга қасддан зарар етказиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун қидирувда бўлган.
Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон спортчилари яна 10 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди. Икки курашда 446 кг тош кўтарган оғир атлетикачи Акбар Жўраев ўйинларнинг мутлақ чемпионига айланди.
Ўзбекистон ва Швейцария 16 август куни Гулнора Каримованинг активларини Швейцариядан қайтариш бўйича якуний битимни имзолади. $131 млнга (тахминан 1,4 трлн сўм) тенг активлар Ўзбекистонга БМТнинг «Uzbekistan Vision 2030» кўп-шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилиши кутилмоқда.
Андижоннинг Булоқбоши туманидаги «Халқ банки» ходимлари томонидан банкоматга жойланиши керак бўлган 111 млн сўм ўзлаштирилганлиги аниқланди. Текширув давомида етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Прокуратура Қаршидаги чарм заводи яқинида содир бўлган воқеани ўрганмоқда. Бу ерда аҳоли касалликларни келтириб чиқараётган ҳид ва ҳавонинг ифлосланишидан шикоят қилиб йиғилишганди. Фуқаролардан бири завод раҳбарияти таҳдид қилганини айтиб, ўзини ёқиб юборди.
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов: «Афғонистонлик қўмондонлар ва ҳарбий хизматчилар қочиб кетган пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолган ҳарбий вертолёт ва самолётлар Украинага ўтиб қолмаслиги биз учун муҳим», дея баёнот берди.
Ўзбекистонликлар мустақилликнинг 31 йиллигини нишонлаш арафасида иш ҳафтасидан қатъий назар кетма-кет 4 кун — 1 сентябрдан 4 сентябрга қадар дам олишади. Шунга кўра, барча таълим ташкилотларида ўқиш жараёнлари 5 сентябрь — душанба кунидан бошланади.
Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган Салом Самадов Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди. У аввал ҳам мазкур лавозимда фаолият олиб борган.
Президент «Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Мазкур орден билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган фуқаролар мукофотланади.
Қувасойда бир гурух аёллар 938 кг темир буюмлар эвазига «гашиш» моддасини сотган вақтда ушланган. Гумонланувчиларнинг жиноят содир этганлиги тасдиқланса, 20 йилгача қамалиши мумкин.
Бадиий академия Қорақалпоғистон давлат санъат музейи асосчиси Игорь Савицкий ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилди. 4 август куни Савицкий таваллудининг 107 йиллиги нишонланаётган вақтда жамоатчилик эътибори ҳалигача музей асосчисига ҳайкал ўрнатилмаганига қаратилди.
Ўзгидромет 18−20 август кунлари еттита вилоятда шамол тезлиги 17 м/с дан 27 м/с гача кучайиши, бунинг оқибатида айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилишидан огоҳлантирди. Шанба кунига келиб, ҳаво харорати 27 даражагача тушиб кетади.
Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида поездлар ҳаракати 5 сентябргача соат 23:00 гача амалга оширилади.
Июль ойида сўмнинг реал алмашув курси февралдан бери биринчи марта 2,1 фоизга ошди. Марказий банк буни ҳамкор давлатлар валюталарининг қадрсизланиши билан изоҳлади. Савдо-ҳамкор давлатлар валюталарининг қадрсизланиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатмоқда?
Бош прокуратура Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидаги иккита археология ёдгорлигига зиён етказилгани ҳақида хабар берди. Зарар 1,8 млрн сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон спортчилари Ислом бирдамлиги ўйинларида турли спорт йўналишларида яна 50 та медални — 19 та олтин, 14 та кумуш ва 17 та бронзани қўлга киритди. Оғир атлетикачилар Сарвар Зафаржонов ва Турсуной Жабборова энг яхши натижа кўрсатиб, мусобақанинг мутлақ чемпиони бўлди.
Эквадорда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик дзюдочилар 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг